Ўзбекистон | 11:26 / 19.02.2023
37051
5 дақиқада ўқилади

«Талабаларни одобига кўра гуруҳга ажратиш» – Олий таълим вазирлигидан навбатдаги хурмача топшириқ

ОТМ ректорларига жиноятчиликка мойил, ёт ғоялар таъсирига тушиш арафасидаги ва тартиб қоидаларга риоя этмайдиган талабалар рўйхатини «шошилинч» тузиш топшириғи берилган. Kun.uz’га келиб тушган хатда талабаларга ижтимоий тармоқлардаги фикр ва мақолаларга тизим шаънини ҳимоя қилувчи изоҳлар ёздириш топшириғи ҳам бор.

Фото: Kun.uz

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 14 феврал куни республикадаги барча ОТМ ректорлари ва филиал директорларига «шошилинч» ёрлиғи билан топшириқ жўнатган.

Унда ОТМ раҳбариятларига барча талабаларни ўрганиб, улар орасидан шартли 3 гуруҳ: жиноятчиликка мойил, ёт ғоялар таъсирига тушиш арафасидаги ва тартиб-қоидаларга риоя этмайдиган талабалар рўйхатини шаклантириш ва ажратиб олинган талабаларга вазирлик, ОТМларнинг раҳбар-ходимларини бириктириш, уларнинг ота-оналари билан индивидуал суҳбатлар ташкил этиб бориш топшириғи берилган.

Хатда олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов ўтказган мажлисда ОТМларга берилган топшириқлар ижроси бўйича сифатли маълумотларни 3 кунда j.mirzakarimov@mininnovation.uz электрон манзилига (асословчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда word ва pdf шаклда) биринчи раҳбар имзоси билан тасдиқлаган ҳолда юбориш сўралган.

Талаба қайси мезонлар асосида жиноятчиликка мойил деб топилиши ҳақида эса хатда ҳеч қандай изоҳ йўқ.

Мавзуга биринчилардан бўлиб эътибор қаратган таълим бўйича эксперт Комил Жалилов талабанинг «жиноятчиликка мойил»лиги, «ёт ғоялар таъсирига тушиш арафасида» эканлиги қайси мезонлар асосида белгиланиши, «ёт ғоялар» деганда қандай ғоялар назарда тутилаётгани, қайси тартиб-қоидаларга риоя этмайдиган талабалар рўйхати сўралаётгани борасида саволлар қўйган.

Жалилов, шунингдек, вазирликнинг бундай ташаббуси Конституция нормаларига мос эмаслигини ҳам қўшимча қилиб, Адлия вазирлигидан ҳолатга муносабат билдиришини сўраган.

«Ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ... ҳуқуқига эга. «Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга». «Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. «Давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди». Булар – Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Конституцияси моддалари.

Талабани (умуман шахсни) «жиноятчиликка мойил», «ёт ғоялар таъсирига тушиш арафасида» сингари рўйхатларга тиркаш, умуман, давлат органи томонидан бундай рўйхатлар шакллантирилиши ва юритилиши Конституциянинг юқорида келтирилган нормаларига ва айбсизлик презумпциясига қай даражада мос келади?» – деб ёзади жамоат фаоли.

Олий таълим тобора ботқоққа ботиб бораётгани ҳақида Наманганда ўзига ўт қўйган талаба воқеасидан кейин 5 йил Хитойда ишлаб келган, ҳозир Фарғона давлат университети Зоология ва умумий биология кафедраси мудири бўлган биолог олим Бахтиёр Шералиев ҳам ёзганди. У тизим ичида ишлаётган киши сифатида олий таълим нега орқага кетаётгани сабабларини санаган.

«Олий таълимни ботқоққа ботираётган иккинчи энг катта омил бу олий таълимдаги мақсадсиз, фойдасиз қоғозбозликнинг ҳаддан ташқари кўплигидир. Айни вақтда олий таълим муассасалари раҳбар ходимларидан тортиб оддий профессор-ўқитувчисигача шу даражада бандки, ўзининг асосий функцияси бўлган илм-фан ва ўқув жараёни билан шуғулланишга вақти йўқ. Вазирлик ҳар куни бир дунё қанақадир жадвалларни тўлдириб беришни сўрайди», – деб ёзади у.

Топшириқни бажариш бўйича ректорларга жўнатилган маълумотда бир қанча вазифалар қўйилганки, бу ҳақиқатан ҳам ОТМнинг вазифаси бўлиши мумкинми, деган ҳақли савол туғилади. Улар орасида:

– олий таълим муассасаларида электр энергия билан таъминлайдиган қуёш панелларини ўз маблағлари ҳисобидан ўрнатиш ишларини амалга оширишни тизимли бошлаш;

– ходимларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолияти бўйича эълон қилинаётган мақола ва фикрларга тизим шаънини ҳимоя қилиш бўйича ўз фикрлари билан иштирок этиши бўйича тушунтиришлар олиб бориш;

– ёшлар ўртасида пайдо бўлаётган ёмон иллатлардан огоҳ қилиш мақсадида таъсирчан қисқа ҳикоялар нашр қилиш назарда тутилсин каби вазифалар саналган.

Kun.uz ҳолат юзасидан вазирликдан изоҳ сўради, бироқ сўров жавобсиз қолмоқда.

Бу воқеа вазирликка тайинланганига 1 ойдан ошган вазир Иброҳим Абдураҳмоновнинг салбий муҳокамага сабаб бўлган иккинчи топшириғи. Бундан олдин вазирнинг ишга жойлашмаган битирувчилари сони кўп бўлган нодавлат ОТМ фаолиятини тугатиш масаласи кўрилиши ҳақидаги огоҳлантириши эътирозларга сабаб бўлганди.

Мавзуга оид