Жаҳон | 20:06 / 21.02.2023
36575
9 дақиқада ўқилади

«Суровикин қўмондонлигида ўқ-дори муаммо эмасди». Пригожин Шойгуга қарши иттифоқ тўпламоқда

«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси раҳбари ва Россия мудофаа вазирлиги раҳбарияти ўртасидаги можаро янги босқичга чиқди. Ўз отрядларидаги ўқ-дори тақчиллиги муаммосини тор доираларда ҳал қила олмаган Евгений Пригожин мудофаа вазири Сергей Шойгуга қарши очиқ кампания бошлади, у имкон қадар кўпроқ иттифоқчиларни атрофига тўплашга ҳаракат қилмоқда: Чеченистон раҳбаридан тортиб 2014 йилдан буён Украина шарқида жанг қилиб келаётган одамларгача.

Фото: REUTERS/SERGEI ILNITSKY/POOL/FILE PHOTO

«Қон қайнамоқда, аммо мен ўқ-дорилар бўйича берган саволлар ҳал этилмаяпти», дея шикоят қилади Евгений Пригожин 20 феврал куни унинг матбуот хизмати эълон қилган аудиоёзувда.

Хусусий ҳарбий компания раҳбарининг таъкидлашича, айни вақтда Россия армиясида «снаряд тақчиллиги» йўқ, саноат эса фронт учун зарур миқдорда ўқ-дорилар ишлаб чиқариш тезлигига чиққан. Унинг сўзларига кўра, у бу ўқ-дорилар олиб борилаётган омборлар қаерда жойлашганини, партиялар ва ҳатто қутилар рақамларини ҳам билади, аммо унинг барча алоқалари бу снарядлар унинг хусусий ҳарбий компаниясидаги, ярим йилдан буён Донецк областининг Бахмут шаҳрини қамал қилаётган ёлланма жангчиларга тақдим этиш учун етарли бўлмаяпти.

Ёлланма кучлар ва Бош штаб ҳамда Мудофаа вазирлиги ўртасидаги зиддият юзага келганига анча вақт бўлган, аммо Пригожин шу вақтга қадар муаммолар ҳақида унинг қўли остидагилардан кимдир шикоят қилишини афзал кўриб келаётганди.

Пригожиннинг ёлланма жангчилари ва бош штаб бошлиғи зиддияти декабр ойида бошланганди / Фото: TASS/BBC

Ўтган йил декабр ойи охирида унинг жангчилари Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов манзилига қаратилган ҳақоратомуз ролик чиқаришганди ва унда бошлиқни ёлланма жангчилар учун ўқ-дори етказиб беришга тўсқинлик қилаётган «пидор» (Россияда гомосексуалларга нисбатан айтиладиган ҳақоратли сўз) ва «чёрт» деб аташганди. Январ ойи бошида эса Россия президенти Владимир Путин ҳарбий раҳбариятда навбатдаги ўзгаришларга қўл уриб, айнан Герасимовни Россиянинг Украинадаги бутун гуруҳи қўмондони этиб тайинлади, бунга қадар ушбу лавозимда бўлган генерал Суровикин эса қўмондон ўринбосари даражасига туширилди.

Шундан кейин Пригожиннинг ёлланма жангчилари Бош штаб раҳбарини ҳақорат қилишни маълум вақтгача тўхтатишди, 16 феврал куни эса хушмуомалалик билан қилинган навбатдаги мурожаат тарқатилди - унда «Мудофаа вазирлигидаги ҳамкасблар»га ҳурмат билан мурожаат этилиб, снарядлар билан боғлиқ муаммони ҳал қилиш илтимос қилинган.

Бу мурожаатга реакция бўлмаганидан кейин эса ўзларини ушбу хусусий ҳарбий компания жангчилари сифатида намоён этган шахслар полигонда пулемётдан Герасимов ва Лапиннинг қоғоз портретларини ўққа тутган видео тарқалди. Пригожин эса бу роликка муносабат билдириб, бу видеодагилар унинг қўл остидагиларга алоқадор эмаслигини айтишига тўғри келди.

20 феврал кунги мурожаатида эса «Вагнер» асосчиси у билан гаплашган шахслар снаряд етишмовчилиги муаммоси ҳал этилиши учун юқори мартабали шахслардан (айнан кимлардан экани аниқлаштирилмаган) узр сўрашни таклиф этгани ҳақида айтди.

«Ҳамма тепадаги қаергадир бош ирғайди: «Ўзингиз биласиз-ку, сиз у ердагилар билан яхши муносабатда эмассиз, - деб бармоғини юқори кўтаради ва кўзи билан ишора қилади Пригожин. - Сиз итоат қилиб боришингиз керак, шундан кейин жангчиларингиз ўқ-дориларга эга бўлади, эмиш. Кимдан узр сўрайман? 140 миллионлик россияликлар, айтинг, йигитларим ҳозиргидан икки баробар камроқ ўлиши учун мен кимдан узр сўрашга мажбурман?»

Пригожин 2022 йил кузида, Украинадаги Россия қўшинларига генерал Суровикин қўмондонлик қилган вақтда, «саноат ҳали тўла қувватда ишламаганида» ҳам унинг отрядларида снарядлар муаммоси бўлмаганини, аммо энди унинг ёлланма жангчилари «ҳарбий функционерлар орқасини кўтаришни истамаётгани» туфайли ҳалок бўлаётганини айтади.

Сергей Шойгунинг қизи янги йилни эри билан Дубайда кутиб олди ва бу ҳам Евгений Пригожинга ёқмаган.
Фото: ДЕМЬЯНЧУК АЛЕКСАНДР

«Рус аскари фронтда ҳалок бўлаётган чоғда сиз олтин идишларда нонушта қилишингиз ва қизингизни Дубайга дам олишга юборишингиз билан ишим йўқ, - дейди «Вагнер» раҳбари бу орқали мудофаа вазири Сергей Шойгунинг ушбу можародаги ролига аниқ ишора қилиб. - Бу экстремистик баёнот эмас. Бу кимнидир ҳақорат қилишга уриниш эмас. Омборларда турган ўқ-дориларни керакли миқдорда етказиб беринг».

Мудофаа вазирлиги Пригожин томонидан қилинган ҳамлаларга эътибор қаратмасликни афзал кўрмоқда. Вазирликни ҳатто доим содиқ бўлиб келган, йиллар мобайнида вазирлик таклиф этган кун тартиби бўйича ишлаб келган ҳарбий мухбирлар ҳам танқид қилаётган шароитда 19 феврал куни «Комсомольская правда» нашрида «Бахмутни собиқ маҳбуслар ва ГРУ подполковниклари» қандай штурм қилаётгани тўғрисида репортаж эълон қилинди.

«Фаол олдинга силжиш давомида штурмчилар снаряд танқислигини бошдан кечира бошлади, ҳужум инерциясини йўқотмаслик учун бу талаб тезда қондирилиши керак. Бу ерда ўқ-доридан фойдаланадиганлар бор», дея муаммо ҳақида сўз юритади таниқли ҳарбий мухбир Александр Коц.

«Аравада #ДайСнарядыВагнерам флешмоби пайдо бўлиши - даҳшатли - дея тан олади ВГТРК ҳарбий тарғиботчиси Евгений Поддубний. - Артемовск (руслар Бахмутни эски номи билан атайди) йўналишида муваффақиятли ҳаракат қилаётган тузилмани ўқ-дорилар билан таъминлаш мавзусидаги муҳокамалар жамоатчилик майдонига чиққани ҳам шуни кўрсатадики, ушбу тузилманинг катта таъсир кучига эга бўлган қўмондонининг аппарат-бюрократик имкониятлари наф бермаяпти. Мен оғир жанглар, муваффақият ва мағлубиятлар, хатолар ва хулосалар билан кечган йил вазиятни ўзгартиришини тахмин қилгандим. Аммо бундай бўлмади».

Фақат унинг ҳамкасби Александр Сладков ҳеч қандай муаммо йўқлигига ишонишда давом этмоқда. «Бахмут ва Соледардаги вазифалардан ташқари, биз, Мудофаа вазирлиги яна кўплаб муаммоларни ҳал қиляпмиз ва хусусий ҳарбий компанияга ҳам ёрдам кўрсатмоқдамиз. Чиндан ҳам», дейди у.

Донецк қуролли кучлари спикери Эдуард Басурин куздаёқ пенсияга юборилган, Пригожин эса бунга энди эътибор қаратмоқда. Фото: МАРМИШЕВ ДМИТРИЙ

Мурожаатларига ҳеч қандай реакция билдирилмагач, Пригожин 1990-йилларга хос медиауруш анъанаси бўйича Шойгу ва Бош штаб билан можаросида имкон қадар кўпроқ иттифоқчиларни ўзига жалб этишга ҳаракат қилмоқда.

«Ҳозирнинг ўзида ишонч билан айтишим мумкинки, «Вагнер» ўзининг ҳарбий нуқтайи назардан самарадорлигини исботлади ва хусусий ҳарбий компанияга зарурат йўқлиги тўғрисидаги гаплар устидан чизиқ тортди. Ҳеч қандай шубҳа йўқки, бундай профессионал тузилмалар керак ва зарур», деб ёзди 19 феврал куни Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўз телеграм-каналида. У ўтган йил кузида Пригожин билан бирга Россия армиясининг Харкив областидаги муваффақиятсизлиги учун генерал Лапинни кескин танқид остига олганди.

«Вагнер» раҳбари ўзини нафақат ҳозир фронтда жанг қилаётган ёлланма жангчилар, балки 2014-2015 йилларда Донбассдаги «республика»лар томонида жанг қилган барча қўмондонлар етакчиси сифатида кўрсатишга уринмоқда. Хусусан, 2014 йилдан буён «ДХР» «халқ армияси» спикери бўлган ва 2022 йил кузида истеъфога чиқарилган Эдуард Басуриннинг ҳам.

Дам олиш кунлари Сладковнинг ўша постидан кейин Россиянинг ҳукуматпараст каналлари ҳам бу истеъфога эътибор қаратди, Пригожин эса Басурин билан шахсан учрашиб, уни қўллаб-қувватлашини билдирди ва унга «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясида «замполит» лавозимини таклиф этди, параллел равишда Мудофаа вазирлиги амалдорларини қимматли ва хизмат кўрсатган кадрлардан қутулишга уринишда айблади.

Пригожин снарядлар етишмовчилигидан шикоят қилаётган чоғда, мудофаа вазири Вуҳледарга ҳужумни барбод қилган генерал Мурадовни тақдирлади. Фото: РФ мудофаа вазирлиги

Ҳозирча Пригожиннинг Қодиров, ҳарбий мухбирлар ва истеъфодаги спикер Басурин билан муваққат иттифоқи уни ўзи шикоят қилаётган асосий муаммоси ҳал этилишига яқинлаштирмаяпти. Сергей Шойгу бошқарувидаги вазирлик унинг ўзига қарши кампаниясини эътиборсиз қолдиришда давом этмоқда ва телеграм-каналларда тарқалаётган пригожинча ҳамлаларга эътибор бермасликка қурби етадиган қилиб кўрсатмоқда. 20 феврал куни мудофаа вазири Украинадаги Россия қўшинларининг «Восток» гуруҳи қўмондони Рустам Мурадовни генерал-полковник унвони билан тақдирлади, уруш тарафдори бўлган ҳарбий мухбирлар уни Россия армиясининг Вуҳледар штурмидаги улкан муваффақиятсизлиги ва йўқотишларида асосий айбдор сифатида кўрсатишганди.

Пригожин эса ўз хусусий ҳарбий компанияси билан биргаликда урушнинг иккинчи йилига келиб, медиамаконда машҳур бўлган, аммо тизимда бўлмаган 2014-2015 йиллардаги дала қўмондонларини эслатиб юбормоқда, ўша қўмондонлар фақат ўша вақтда талабгир бўлган, аммо кейин ёки ҳалок бўлишган ёки Украинадан Россияга ёки аннексия қилинган Қримга сиқиб чиқарилганди.

Мавзуга оид