Телефонларсиз ва поездда 10 соат. Байденнинг Киевга махфий ташрифи қандай тайёрланди?
Бу Америка президентининг жасоратли ва ҳеч кимга сездирмай қилган сафари бўлди.
Оқ уй мулозимлари Жо Байденнинг ҳарбий ҳаракатлар ҳудудидаги ва мунтазам равишда ўққа тутиб туриладиган шаҳар бўлмиш Киевга кутилмаган ташрифини «замонавий даврдаги мисли кўрилмаган» сафар сифатида таърифлайди.
Улар АҚШ президентларининг Ироқ ва Афғонистонга қилган аввалги сафарлари шу мамлакатларда жойлаштирилган кўплаб америкалик ҳарбий хизматчилар қўллаб-қувватлови билан амалга оширилганини (Украинада америкалик ҳарбийлар йўқ) ёдга олишади.
Журналистлар Байден Украинага ҳам келиши мумкинлигини фаол муҳокама қилган бўлишса-да, бу воқеа барча учун мутлақо кутилмаган ҳолатда рўй берди.
Киевда ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сиреналар янграётган маҳалда у Киев марказида президент Володимир Зеленский билан бирга пайдо бўлиши – Полшада туриб айтиши мумкин бўлган ҳар қандай сўздан кучлироқ таассурот уйғотадиган амал эди.
«Бу хавфли ҳаракат эди ва Жо Байден учун қатъият жуда жиддий тушунча эканига ҳеч кимда шубҳа бўлмаслиги керак», деди Оқ уй расмийси Кейт Бедингфилд.
Телефонларсиз
Режага кўра, Байден душанба куни икки кунлик ташриф учун АҚШдан Варшавага учиши керак эди.
Аммо сафар учун эълон қилинган тақвимда шубҳали тарзда катта бўшлиқлар бор эди ва бу кўпчиликда бу вақтдан айнан Украинага ташриф учун фойдаланиш мумкинлиги борасида тахминлар уйғотди.
Оқ уйдаги ҳар кунги брифингларни ёритиб борувчи репортёрлар мунтазам равишда бундай ташриф эҳтимоли ҳақида сўрашди. Аммо уларга Зеленский ва Байденнинг учрашуви режалаштирилмагани ва «айни вақтда» тақвимда АҚШ президентининг Варшавадан ташқарида тўхташи белгиланмаганини айтишди.
Киевга сафар қилиш бўйича якуний қарор фақат жума куни қабул қилинган – лекин бундай ташриф АҚШ президенти маъмуриятининг юқори мартабали ходимлари томонидан ойлар давомида муҳокама қилиб келинган.
Якшанба куни ҳам Байденнинг ташрифи бўйича расмий тақвимда у якшанба куни кечқурун маҳаллий вақт билан соат 19:00 да Варшава йўналишида парвоз қилиши кўрсатилганди. Аммо амалда президент самолёт якшанба куни эрталаб соат 04:15 да ҳавога кўтарилган.
Бортда энг асосий ходимлар, тиббиёт ходимлари гуруҳи ва хавфсизлик хизмати ходимларидан иборат кичик делегация жойлашган.
Фақат икки журналистга президент билан учишга рухсат берилган. Улардан Байден Киевга етиб боргунига қадар сукут сақлаш талаб этилган. Улар бортга ёзиб олувчи қурилмалар олиб кириши тақиқланган.
АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливаннинг айтишича, парвоздан бир неча соат олдин Россия томони Байденнинг ташрифи тўғрисида хабардор этилган. Унинг айтишича, бу «можаро келиб чиқишининг олдини олиш» учун қилинган. «Мен улар қандай жавоб қайтаришгани ёки бизнинг хабаримиз айнан қандай бўлганини айтмоқчи эмасман, аммо тасдиқлашим мумкинки, биз шундай огоҳлантириш юбордик», дея қайд этган Салливан.
Америка жамоатчилиги учун кучли сигнал
Жо Байден Киевга бориш учун поездда 10 соат юрган. У Украина ҳудудидаги бориш осонроқ бўлган бошқа нуқталардан бирини танлаши ҳам мумкин эди, аммо рамзий аҳамияти учун айнан Киев фойдасига танлов қилган.
BBC мухбири Сара Смитнинг фикрича, Байденнинг сафари Москвага Оқ уй Киевга охиригача ёрдам бериш борасида қатъияли эканини кўрсатишга қаратилган – аммо бу Америкадаги сайловчилар учун ҳам кучли сигнал бўлиб хизмат қилади.
Ўтган ҳафтада Байденнинг матбуот котиби Карин Жан-Пьердан америкаликлар орасида Украинани қўллаб-қувватлаш даражаси пасайганини кўрсатувчи сўровномалар ҳақида сўралганди.
У АҚШ президентининг чиқиши бутун дунёдаги одамларга бўлгани каби Америка халқига ҳам қаратилишини айтиб жавоб берди.
«Ўз ташрифи билан Байден АҚШ яна қанча вақт Украинага ёрдам кўрсатиши ҳақида савол бераётган республикачилар учун аниқ жавоб беради», дейди мухбир.
Мавзуга оид
08:05
Байден Пентагонга Украинага қурол етказиб беришни тезлаштиришни буюрди
21:53 / 25.12.2024
Украина Россия билан иқтисодий урушда ғалаба қозонмоқда — The Economist
21:15 / 25.12.2024
Украина бўйлаб байрам кечаси ёпирилма зарбалар йўлланди
16:21 / 25.12.2024