Жаҳон | 21:05 / 21.02.2023
85712
11 дақиқада ўқилади

«Улар жинни чироқдан чиқариб юборишди» — Путин Федерал мажлисга мурожаатида нималар деди?

Россия президенти Владимир Путин бугун, 21 феврал куни мамлакат парламенти бўлмиш Федерал мажлисга мурожаат қилди. Унинг мурожаати 2 соатга яқин давом этди. Хўш, Украинага қарши уруш олиб бораётган Путин парламентга ва бу орқали россияликларга мурожаатида нималар деди?

Фото: EPA/Vostock-photo

Уруш бошланиши ҳақидаги эски баҳоналар

Путин нутқини уруш бошланишининг ўзи тўғри деб биладиган сабабларини келтириш билан бошлади.

«Ҳар биримизнинг гарданимизда катта масъулият турган ва тарихий воқеалар содир бўлаётган ушбу мураккаб даврда сизга мурожаат қиляпман. 2014 йил Украинада содир бўлган давлат тўнтаришидан кейин мамлакатни қўлга олган неонацистлардан келаётган хавфни бартараф этиш, ўз тарихий ерларимиздаги одамларимизни ҳимоя қилиш учун «махсус ҳарбий амалиёт» бошлагандик. Бу борада олдимизда турган мақсадларни қадам-бақадам ҳал қиламиз. Донбасс 2014 йилдан буён барчасига чидаб келди ва Россия ёрдамга боришини кутди», деб сўз бошлади Путин Украина шарқидаги ҳудудлар тарихан Россияга тегишли эканини таъкидлар экан.

Россия президентининг сўзларига кўра, Донбассдагилар узоқ йил ўз тилида гаплаша олмаган ва Украина томонидан доимий ўққа тутилган. «Биз мураккаб можарони тинч йўл билан ҳал қилиш учун қўлимиздан келганини қилдик, тоқат билан музокара ўтказдик, лекин орқаворатдан бошқача нарсалар тайёрланди», деди у.

Путиннинг айтишича, Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва жанговар самолётлар бериш бўйича уруш бошланишидан аввалроқ музокаралар бошланган. «Украина ядро қуролини олишга интилганини ҳам унутганимиз йўқ. Бу ҳақда очиқчасига айтишганди. АҚШ ва НАТО чегараларимиз яқинида ўз ҳарбий базаларини тезлаштириб қура бошлади. Ҳарбий манёврлар вақтида гўёки бўлажак ҳарбий амалиётлар театрини намойиш этишди. Бир сўз билан айтганда, Украинани катта урушга итаришди», деди Россия президенти.

У АҚШ ҳарбий соҳадаги келишувлардан чиққанига ҳам урғу берди: «Улар қуролланиш бўйича фундаментал келишувдан чиққанини бутун дунё кўрди. Масалан, ўрта ва яқин масофадаги ракеталар бўйича келишувдан бир томонлама чиқиб кетишди. Улар ҳеч нарсани шунчаки қилишмайди», деди Путин. АҚШ бу келишувдан собиқ президент Трамп вақтида чиқиб кетганди.

2021 йил октябр ойи аввалида АҚШ нашрлари мамлакат разведкасидаги манбаларига таянган ҳолда Россия Украина билан чегарада қўшинларини тўплаётгани ҳақида ёзишди. Кейинроқ Россия ТИВ сайтида мамлакатнинг гўёки Украина билан урушнинг олдини олувчи «Тинчлик келишуви» эълон қилинди. Унда Россия қатор шартларни келтирган ва бу нарса Украина ҳамда Ғарб томонидан ультиматум деб қабул қилинганди.

Путин парламентга мурожаатида бу мавзуга яна бир бор тўхталди: «2021 йил декабр ойида АҚШ ва НАТОга хавфсизлик кафолати бўйича лойиҳа юбордик. Ва биз учун принципиал бўлган мавзуларда рад жавобини олдик. Шу тариқа, урушни улар бошлашди, биз эса ўз имкониятимиздан фойдаланган ҳолда уни тугатамиз».

Путиннинг сўзларига кўра, ўтган йил февралида Донбассда қонли ҳаракатлар бошлаш режа қилинган ва шу сабаб Россия «махсус ҳарбий амалиёт» бошлаган: «Вазият кескинлаша борди, бизга келган маълумотлардан кейин февралда Донбассда навбатдаги қонли ҳаракат бошлашга тайёргарлик кўрилаётганига ҳеч қандай шубҳамиз қолмади. Луганск, Донецк ва Донбассга ҳужум қилганлар кейинги нишон Қрим ва Севастопол бўлишини билган. Ва биз ҳам буни билардик. Биз ўз уйимизни ҳимоя қиляпмиз, Ғарб эса чегарасиз ҳокимият хоҳлайди. Улар Украинани қуроллантиришга 150 миллиард доллар сарфлашди».

«Жинни чироқдан чиқариб юборишди»

Фото: kremlin.ru

Путин Мюнхендаги хавфсизлик бўйича конференция ҳақида ҳам гапириб, Ғарб охирги йилларда қилган ишларини унуттириш учун бу анжуманда Россия манзилига битмас-туганмас туҳматлар ёғдирилганини таъкидлади: «Мюнхен конференциясида Россия манзилига шунчалик кўп туҳматлар қилиндики, гўёки бу гаплар ҳамма коллектив Ғарб охирги 10 йилда нималар қилганини унутиши учун айтилгандек. Ахир улар «жинни чироқдан чиқариб юборишди». Ўтган асрда Ғарб фашистларга — Германия ҳукуматига йўл очди, энди эса Украинадан Россияга қарши қайрашди».

«Бугун Украина деб аталадиган ерлар»

Путин мурожаати давомида Украина ҳақида гапирар экан, уни «Бугун Украина дея аталаётган тарихий ерларимиз» деб атади: «Россияга қарши бундай ишлар бугун бошланиб қолгани йўқ ва улар бир мақсадда қилинган – бугун Украина деб аталаётган тарихий ҳудудларимизни бизнинг давлатимиздан юлиб олиш учун. Бу ишлар такрорланиб келмоқда. Масалан, Ғарб 2014 йил қонли давлат тўнтаришини қўллаб-қувватлади».

«Ҳатто «тақир иблис»дан ҳам фойдаланишмоқда»

Путин урушда Ғарб исталган гуруҳлардан фойдаланаётгани ҳақида гапирар экан «ҳатто тақир шайтондан ҳам» деб айтди: «Улар Россияга қарши ҳар қандай одамлардан фойдаланишмоқда, террорчилардан, Худо кечирсин-у, ҳатто «тақир шайтон»дан ҳам фойдаланишмоқда».

Путин ишлатган «черт лисий» сўзи рус тилида «лаънати иблис» ёки «тақир иблис» маъносида ишлатилади. Ижтимоий тармоқларда эса Путин айтган «черт лисий» «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожинга ҳам мос тушиши ҳақида ҳазил постлар пайдо бўлди.

«Биз Украина халқи билан урушмаяпмиз»

Путиннинг айтишича, Россия украин халқи билан урушмаяпти, Украина ҳукумати эса Ғарбдаги хўжайинлари томонидан эгаллаб олинган. «Киев тузуми Ғарбдаги эгалари учун бегона ер. Бу тузум миллий манфаатлар учун эмас, учинчи томоннинг манфаатлари учун ишламоқда. Шуни айтишим керакки, Украинага қанча узоқ масофага мўлжалланган қуроллар берилса, биз хавфни шунча узоққа итаришга мажбур бўламиз.

Улар Россияни стратегик мағлубиятга олиб боришмоқда. Бу нима дегани? Бизни йўқотиб юборишми? Кўриб турганингиздек, гап бизнинг мавжудлигимиз ҳақида кетмоқда ва биз шунга яраша ҳаракат қиламиз. Ғарб бизни жанг майдонида енгиб бўлмаслигини тушунган ҳолда бизга қарши ахборот уруши олиб бормоқда», деди у.

«Миллат сотқинлари»

Путиннинг айтишича, бундай ҳолатларда доим сотқинлар бўлган ва улардан фойдаланишган: «Табиийки, Ғарб бизнинг жамиятимизни тўзғитишга ҳаракат қилади, бу йўлда эса сотқинлардан фойдаланишга ҳаракат қилади. Пул эвазига ватанини сотадиганлар доим топилади. Сотқинлик қилиб, ватанига қарши террорчилик ва бошқа жиноят содир этадиганлар эса қонунга мувофиқ жазоланади».

Путин нутқи давомида кўп марта «чин дилдан таъзим қилиши»ни айтди. Хусусан, ҳарбийларга, Россия эгаллаб олган ерларда жанг қилаётганларга, ҳарбий ишлаб чиқарувчиларга, қишлоқ хўжалиги ходимларига ва ниҳоят «дунёга ҳақиқатни ёяётган» ҳарбий мухбирларга.

«ЯИМ 2,1 фоиз камайди, вазир буни мен айтишимни истади»

Путин уруш ҳақида ва Ғарбга қаратилган узундан узоқ айбловлардан кейин Россия иқтисодий ҳаёти ҳақида ҳам сўз очди. Унинг айтишича, россияликлар «бир ёқадан бош чиқарган» ҳолда санкциялар ва уруш шароитида мамлакат иқтисодиёти қулашига йўл қўймаган. Путин мамлакат ялпи ички маҳсулоти 2,1 фоиз камайганини ҳам позитив кайфиятда эълон қилди: «ЯИМ 2,1 фоизга камайди. Молия вазири буни мен айтишимни истади. Ҳа, пасайиш бўлди, лекин февралда бизнинг иқтисодиётимиз барбод бўлишини айтишганди. Ғарбда иқтисодимиз 20-25 фоизга камайиши тахмин қилинганди. Инфляция биз кутгандек 4 ёки 5 фоиз бўлиши кутилмоқда ва бу вақтда Европа иттифоқининг баъзи давлатларида бу кўрсаткич 12,17 ҳатто 20 фоизга тенг бўлган».

«Деофшоризация»

Путиннинг бу галги нутқи ҳам «де-иборалар»сиз ўтмади: «Биз бизнесни «деошфоризация», иқтисодий жиноятларни «декриминализация» қилишимиз керак» деди у.

Россия президенти Россияда бизнес қилиб топган пулларини Ғарбга олиб бориб сарфлаётган тадбиркорларни ҳам танқид қилди: «Россияда ишчи ўрни яратиш ўрнига йирик тадбиркорлар пулларни Ғарбга олиб бориб сарфлашди. Ахир уларнинг болалари ва келажакдаги режалари ҳам ўша ерда эди. Энди эса Ғарб элитаси улардан пулларини тортиб олди».

«Ядро қуроллари бизга қаратилган»

Путин нутқи охирида яна уруш мавзусига қайтар экан АҚШ, Британия ва Франциянинг ядро қуроллари Россияга қаратилганини айтди. АҚШ ядро синовини ўтказган тақдирда Россия ҳам бундай синов ўтказишини айтди ва РФ мудофаа вазирлиги ҳамда «Росатом»га ядро синовига тайёрланишни буюрди. Путин мамлакатдаги ҳарбий авиабазаларга ҳужумга Ғарб давлатлари бевосита аралашганини ҳам айтди.

Путин нутқи охирида мурожаатидаги энг муҳим баёнотини билдириб, Россия АҚШ билан имзоланган стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш бўйича келишувда иштирокини тўхтатишини эълон қилди. Путин бу борада гапираётганда Россия келишувдаги иштирокини тўхтатаётганига урғу бериб, мамлакат келишувдан чиқиб кетмаганини таъкидлади.

Путин мурожаатининг охирги 5 дақиқасини залдагилар тик туриб эшитишди. РФ президенти «ватанпарварлик руҳидаги» сўзлари билан икки соатга яқин давом этган нутқини тугатди. Залда Россия мадҳияси янграгач, мурожаат якунланди.

Унинг мурожаати давомида залда Путинни тинглаб ўтирганлар жами 53 марта қарсак чалишди. Шулардан 4 мартасида тик туриб олқишлашди.

Сиёсий Telegram-каналларда Путиннинг мурожаати вақти залда мамлакатда урушнинг рамзига айланган инсонлар – Рамзан Қодиров, Евгений Пригожин ва Сергей Суровикин йўқлигига эътибор қаратди. Лекин залда Қодировнинг ишончли кишиси, депутат Адам Делимханов кўп марта кўрсатилди. Шунингдек, операторлар Россия эгаллаб олган Херсон вилоятининг Россия томонидан тайинлаган раҳбари Владимир Салдони ҳам кўп марта «қидириб топишди».

Мавзуга оид