Урушдан кейинги Россия: Навалний ўз сиёсий платформасининг 15 принципини эълон қилди
Путинга мухолифатдаги, бироқ қамоқдаги сиёсатчи Украина 1991 йилги чегараларига қайтиши (яъни, Қрим ҳам қайтариб берилиши), Путин диктатураси қулатилиши, Россия эса парламент республикасига айлантирилишини таъкидлаган.
Айни пайтда колонияда жазо муддатини ўтаётган Россиянинг бош мухолиф сиёсатчиси мамлакати Украинага кенг миқёсда босқин уюштирганининг бир йиллиги олдидан ўз сиёсий платформасининг 15 та асосий принципларини эълон қилди. Принциплар айни пайтдаги уруш ва урушдан кейинги Россиянинг тузилиши билан боғлиқ.
«Мен ўзим учун ва ҳали жуда кўп сонли бўлган нормал одамлар учун сиёсий платформани максимал равишда қисқача шакллантирдим», — деб ёзган Навалний Twitter’даги аккаунтида. Унинг сўзларига қараганда, бу «ўз мамлакати учун фаровонлик тилаётган Россия фуқаросининг 15 пункти»дир.
Нима эди ва ҳозир нима?
1. Президент Путин куракда турмайдиган баҳоналар билан Украинага қарши адолатсиз ва тажовузкор урушни бошлади. У имкон қадар бу урушга «халқ уруши» статусини бермоқчи, бутун россияликларни ўз жиноий шеригига айлантирмоқчи, бироқ унинг уринишлари бекор кетади. Бу урушда кўнгиллилар йўқ ҳисоби, чунки Путин армияси маҳбуслар ва мажбурлаб сафарбар қилинганларга таянади.
2. Урушнинг ҳақиқий сабаблари — Россия ичидаги сиёсий ва иқтисодий муаммолар, Путиннинг қандай қилиб бўлса ҳам ҳокимият тепасида қолишга уриниши, ўзидан тарихий мерос қолдиришга муккасидан кетгани. У «ғозий подшоҳ» ва «ерларни қайтариб олувчи» сифатида тарихга кирмоқчи.
3. Ўн минглаб айбсиз украинлар ўлдирилди, миллионлаб инсонлар азоб ва уқубатларга дучор қилинди. Ҳарбий жиноятлар содир этилди. Украина шаҳарлари ва инфратузилмаси вайрон қилинди.
4. Россия ҳарбий мағлубиятга учрамоқда. Айнан мана шуни англаб етиш – ҳукуматнинг «Киевни уч кунда оламиз» деган оҳангини мағлубиятга учралган тақдирда ядровий қуролни қўллаймиз, дея чийиллашларига ўзгартирди. Ўн минглаб россиялик аскарларнинг умри беҳуда хазон қилинди. Узил-кесил ҳарбий мағлубиятни яна юз минглаб сафарбар қилинганлар ҳаёти эвазига бироз кечиктириб туриш мумкиндир, лекин у муқаррар. «Тажовузкор уруш + коррупция + генералларнинг лаёқатсизлиги + кучсиз иқтисодиёт + ҳимояланаётган украинларнинг қаҳрамонлиги ва кўтаринки руҳияти» комбинацияси натижаси фақат Россиянинг мағлубияти бўла олади.
Кремлнинг музокараларга киришиш ва ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги ёлғондакам ва иккиюзламачилик билан қилаётган чақириқлари ҳарбий ҳаракатлар истиқболларининг реал баҳоланишидан ўзга нарса эмас.
Нима қилиш керак?
5. Украинанинг чегаралари қандай? Худди Россияники сингари — халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган ва 1991 йилда аниқлаштирилган чегаралар. Ўшанда биз — Россия ҳам уни тан олганмиз. Бу чегараларни Россия ҳозир ҳам тан олиши керак. Бу ерда муҳокамага ўрин йўқ. Дунёдаги барча чегаралар тасодифий ва доим кимнидир қаноатлантирмайди. Бироқ, XXI асрда чегараларни ўзгартириш учун урушиб бўлмайди. Акс ҳолда дунё изидан чиқиб кетади.
6. Украинани ўз ҳолига қўйиб, унинг халқи истагандек ривожланишига қўйиб бериш керак. Тажовузни бас қилиб, Украина ҳудудидан Россия қўшинларини олиб чиқиш керак. Урушни давом эттириш — айнан кучсизликнинг ифодаси, урушни тўхтатиш эса — кучли юриш.
7. Украина, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Буюк Британия билан Украинага етказилган зарарни қоплашнинг мақбул йўлларини қидириш керак. Масалан, (Россияда ҳокимият ўзгаргач ва уруш тугатилгач), нефт ва газимизга чекловларни бекор қилиш, эвазига углеводородлар экспортидан тушадиган давромаднинг бир қисмини товон тариқасида Украинага тўлаб бориш.
8. Халқаро институтлар билан ҳамкорликда ҳарбий жиноятларни тергов қилиш.
Нега Путин тажовузининг тугатилиши Россия манфаатларига хизмат қилади?
9. Барча руслар империячи қарашларга эга? Бўлмаган гап. Масалан, Украинага қарши урушда Беларус ҳам иштирок этмоқда. Беларуслар ҳам империячи тафаккурига эгами? Йўқ. Шунчаки, уларда ҳам ҳокимият тепасида диктатор ўтирибди. Россияда ва тарихан шунга ўхшаш давлатларнинг барчасида империячи қарашга инсонлар бўлиши табиий ҳол, лекин улар кўпчилик бўлмайди. Бу ерда саннаб йиғлаш учун сабаб йўқ. Бундай инсонларни сайловларда доғда қолдириш керак, ривожланган давлатларда ўнглар ва сўл радикалларни ютишгани каби.
10. Россияга янги ерлар керакми?
Россия — аҳолиси тобора қисқариб бораётган, провинцияси ўлиб бораётган улкан давлат. Империячилик ва бошқа ерларни эгаллашга бўлган интилиш — энг зарарли ва ҳалокатли йўл. Россия ҳокимияти мамлакатимиз харитада каттароқ кўриниши учун яна ўз қўллари билан келажагимизни йўқ қилмоқда. Лекин Россия шундоқ ҳам катта. Бизнинг вазифамиз — халқни асраб-авайлаш ва бизда бор нарсаларни янада ривожлантириш.
11. Бу урушдан бизга жуда мураккаб, бир қарашда қарийб ечиб бўлмайдиган муаммолар тўпи қолади. Биз аввало бу муаммоларни чиндан ҳам ечмоқчи эканимизга ўзимизни ишонтириб, кейин бунга ростгўйлик ва очиқлик билан киришишимиз керак. Муваффақият калити — Россия ва унинг халқи учун урушни имкон қадар тезроқ якунлаш шунчаки яхши бўларди эмас, жуда манфаатли бўлишини англашдир: шу йўл билан санкциялардан халос бўлиш сари ҳаракатни бошлаш, мамлакатни тарк этганларни қайтариш, бизнеснинг ишончини қайта қозониш, иқтисодий ўсишга эришиш мумкин.
12. Яна бир бор таъкидлайман, урушдан сўнг биз Путин тажовузи туфайли Украинага етказилган зарарни қоплаб беришимиз керак бўлади. Цивизилациялашган дунё билан нормал иқтисодий муносабатларни тиклаб, иқтисодий ўсишни қайтариш мамлакатимиз ривожланишига таъсир қилмасдан бу ишни амалга ошириш имконини беради.
Биз тубдамиз, юқорига чиқиш учун тубга оёқларимизни тираб сакрашимиз керак. Бу ахлоқан тўғри, оқилона ва фойдали қарор бўлади.
13. Путин режими ва унинг диктатурасини қулатиш. Идеал шароитда — умумий эркин сайловлар ва Конституцион йиғилиш чақирган ҳолда.
14. Ҳалол сайловлар орқали ҳокимият алмашинуви, мустақил суд, федерализм, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш, тўлиқ иқтисодий эркинлик ва ижтимоий адолатга асосланган Парламент республикасини ўрнатиш.
15. Ўз тарихимиз ва анъаналаримизни англаган ҳолда, биз Европанинг бир қисми бўлиш ва ривожланишнинг европача йўлидан боришимиз керак. Бошқа йўл йўқ, бошқа йўл бизга керак ҳам эмас.
Мавзуга оид
14:45
Захарова: Украина мустақил равишда ядро қуролини яратишга қодир эмас
11:53
Зеленский Украинанинг Германиядаги элчисини алмаштиришга қарор қилди
08:05
Байден Пентагонга Украинага қурол етказиб беришни тезлаштиришни буюрди
22:47 / 25.12.2024