Фан-техника | 19:06 / 22.02.2023
73647
7 дақиқада ўқилади

“Google қотили”. ChatGPT нима ўзи?

2022 йилнинг 30 ноябрь куни Open AI компанияси ChatGPT чат ботини ишга туширди. Дастур молиявий таҳлиллар, илмий мақолалар ёзиши, шахсий маслаҳатлар бериши мумкин. Бот ҳар қандай мавзудаги суҳбатни қўллаб-қувватлайди ва ҳар хил саволларга ўта аниқлик билан жавоб қайтаради.  

Фото: REUTERS/Dado Ruvic/Illustration

Дунё тобора рақамли маконга ўтмоқда. Айниқса, пандемиядан кейинги даврда рақамлаштириш жуда ҳам муҳим аҳамият касб эта бошлади. Турли функциялар, вазифалар ва фаолиятлар аллақачон инсон қобилиятидан юқори даражада амалга оширилиши мумкин. Ижтимоий тармоқлар, қидирув ва тавсия тизимлари инсон қизиқишларига мослашишни ўрганди. Булар сунъий интеллект технологияларига асосланган хизматлардир. Фойдаланувчиларни мамнун қилиш истаги томошабинлар эътиборини монетизация қиладиган тижорат платформалари учун табиий жараёндир. Ўз олдига инсон мияси бажара оладиган ҳамма нарсани қилувчи сунъий интеллект тизимини яратиш мақсадини қўйган Open AI компанияси томонидан яратилган ChatGPT чатботи мутахассислар томонидан глобал инқилобий янгилик сифатида эътироф этилмоқда.

ChatGPT нима?

ChatGPT (Generative Pre-trained Transformer) – сунъий интеллектга асосланган чат бот бўлиб, турли саволларга жавоб бериш ва одамлар билан мулоқот қилиш имкониятига эга. Бот ҳар қандай мавзудаги суҳбатни қўллаб-қувватлайди ва ҳар хил саволларга ўта аниқлик билан жавоб қайтаради.

Илон Маск, Питер Тил ва бошқа бир қанча инвесторлар 2015 йилда нотижорат ташкилот сифатида ChatGPT яратилиши ортида турган Open AI компаниясига асос солди. Дастлаб, компания ўз олдига сунъий интеллектни “бутун инсониятга фойда келтириши мумкин бўлган тарзда” ривожлантириш мақсадини қўяди. 2018 йилда Илон Маск Тesla ва Оpen AI ўртасидаги манфаатлар тўқнашуви туфайли директорлар кенгашини тарк этади. 2019 йилдан компания нотижорат ташкилотдан “чекланган фойда” келтирувчи бирлашмага айланади. Ўша йили Мicrosoft Оpen AI’га 1 миллиард доллар сармоя киритади ва икки томонлама ҳамкорликни эълон қилади. Шундан сўнг яхши молиявий имкониятларга эга бўла бошлаган компания янада ривожланади.

ChatGPT чат боти 2022 йилнинг 30 ноябрь куни Оpen AI компанияси томонидан ишга туширилди ва бир қанча қулайликларга эгалиги туфайли фойдаланувчилар орасида тезда оммавийлашиб кетди. 2022 йил 4 декабрга келиб ChatGPT бир миллиондан ортиқ фойдаланувчига эга бўлди. Таққослаш учун, Netflix шунча фойдаланувчини 3,5 йилда, Facebook 10 ойда, Spotify 5 ойда, Instagram 2,5 ойда йиға олган. 2023 йил январь ойига келиб эса ChatGPT фойдаланувчилари сони 100 миллиондан ошди.

Кучли томонлари

  • бепул ва фойдаланиш осон;
  • маълумотни тез синтез қилади;
  • кўп манбалардан олинган натижаларни умумлаштириб, вақтни тежайди;
  • жавоблар яхши ёзилади ва ўқиш қулай;
  • ChatGPT модели доимий равишда такомиллаштирилади ва янгиланади, яъни вақт ўтиши билан у янада кучлироқ ва самаралироқ бўлиши мумкин.

Кучсиз томонлари

  • жавобларни жонли эмас, балки статик маълумотлардан олади;
  • идроки 2021 йилгача бўлган маълумотлар билан чекланган;
  • келажакдаги воқеаларни олдиндан прогноз қила олмайди;
  • тақдим этилган контент учун манбалар келтирмайди;
  • нотўғри жавоблар бериши мумкин.

Имкониятлари

  • ғоялар яратиш ва маълумотлар тўплашда вақтни тежайди;
  • янги иш ўринларини яратади;
  • cуҳбатнинг тафсилотларини эслаб қолади, ўрганади ва аввалги маълумотларга таяниб мулоқотни давом эттиради;
  • корхона ва ташкилотларда самарадорликни ошириш учун ишлатилиши мумкин;
  • таржима ёки тил ўрганиш билан боғлиқ ишларни осонлаштиради;

Таҳдидлар

  • инсоннинг баъзи қобилиятларини аҳамиятсиз қилиб қўйиши;
  • ҳакерлик ва шунга ўхшаган зарарли мақсадларда фойдаланиш;
  • баъзи тармоқлардаги иш ўринларини бутунлай йўқ қилиб юбориши;
  • жорий ўқув дастури ва академик яхлитликни бузиши;
  • қонунларни бузиш, нохолис ёки ҳақоратли контент яратиш мақсадида фойдаланилиши мумкин.

ChatGPTʼдан қуйидаги соҳаларда фаол фойдаланиш мумкин:

Мижозларни қўллаб-қувватлаш – сунъий интеллектга асосланган чат ботлар кеча-ю кундуз мижозларнинг сўровларига тез ва аниқ жавоб бериш имкониятига эга. Тизим мижозларни қўллаб-қувватлашни сезиларли даражада яхшилайди.

Маркетинг – потенциал мижозлар ҳақида қимматли маълумотларни тўплаш ва ишлаб чиқариш истиқболларини баҳолаш, шунингдек прогнозлаштиришда ишлатилиши мумкин. Бу савдо ва маркетинг гуруҳларига ўз ёндашувларини ишлаб чиқишда муҳим таъсир воситаси ҳисобланади.

Таълим – ChatGPT деярли ҳар қандай асарни қисқача ва ихчам қайта ҳикоя қилиши мумкин, бу айниқса, мактаб ўқувчилари ёки тўрт жилдлик “Уруш ва тинчлик” ва бошқа катта ҳажмдаги маълумотларни ўзлаштиришга улгурмаган талабалар томонидан қадрланади. Шунингдек, у кичкина иншодан тортиб катта ҳажмдаги рефератларни ҳам ёза олади. Ботнинг такомиллашиб бориши ўқитишнинг янги усуллари пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.

Соғлиқни сақлаш – тиббий саволларга жавоб беради, аниқ ташхис ва даволаш режаси учун шифокорга ташриф буюриш кераклигини эслатган ҳолда, маълум бир касалликни қандай даволаш мумкинлиги бўйича маслаҳатлар беради. Шунингдек, чат бот танани яхши ҳолатда сақлаш бўйича тавсиялар беради ва вазн йўқотишнинг индивидуал режасини ишлаб чиқади.

Туризм – сунъий интеллектга асосланган чат ботлар парвоз ҳолати, об-ҳаво шароити ва маҳаллий воқеалар ҳақида реал вақт режимида янгиланишларни тақдим этади. Бу эса саёҳатларни режалаштириш учун муҳим аҳамиятга эга.

IT – ChatGPT код ёзиш, дастурчиларга маслаҳатлар бериш ва хатоларни топиш қобилиятига эга.

Янги чат ботнинг истиқболлари қандай?

Мicrosoft компаниясининг Open AI учун яна камида 10 млрд доллар сармоя киритиш режалари ChatGPTʼнинг келажакда янада такомиллашиши учун янги имкониятларга ва молиявий манбаларга эга бўлиши мумкинлигини англатади. Аммо лойиҳа раҳбарларининг ўзи ҳам келажакдаги ҳуқуқий оқибатлардан хавфсирашмоқда. ChatGPT яратган контентни ўзига хос деб аташ мумкин эмаслиги сабабли, дунё муаллифлик ҳуқуқининг бузилиши бўйича бир қатор даъволар билан судга мурожаат қилиши мумкин.

Бир қатор компаниялар ChatGPTʼни амалиётга жорий қилиш масаласини кўриб чиқаётган бўлса-да, бошқа соҳаларда дастурдан фойдаланиш тақиқланмоқда. Хусусан, Нью-Йорк шаҳар таълим департаменти ушбу ботнинг давлат мактабларида ишлатилишини тақиқланиш ҳақида қарор чиқарди. Бу иккита асосий сабаб: чат ботнинг хатоларга йўл қўйиши ва ҳар доим ҳам тўғри маълумот бермаслиги ҳамда  плагиат хавфининг ошиб кетишига олиб келиши мумкинлиги билан изоҳланган.

Бошқа томондан, ChatGPT одамларга ўз-ўзини ўрганиш ва ўз-ўзини такомиллаштиришда ёрдам беришга қодир. Бу онлайн қидирувни бутунлай янги босқичга олиб чиқиши ва келажакда ҳозирги классик тизимларнинг йўқолишига олиб келиши мумкин. Шу жиҳатдан ижтимоий тармоқларда ChatGPT’ни “Google қотили” дея номлашмоқда.   

Достон Аҳроров тайёрлади.

Мавзуга оид