Ҳиндистон билан тиббиёт соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик тобора ривожланмоқда
Сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасида Ҳиндистон билан ҳам ўзаро ҳамкорлик борасидаги сезиларли муваффақиятлар кўзга ташланмоқда.
Мамлакатимиз ҳудудида Ҳиндистондаги етакчи шифохоналар филиалларининг очилиши бу борадаги ижобий натижаларга яққол мисол бўла олади. Тиббий таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳам ўзаро алоқаларнинг суръатига мос равишда жадал ривожланиб бормоқда. Ҳиндистонлик талабаларнинг мамлакатимиз тиббий таълим муассасаларида таҳсил олишаётгани республикамиздаги таълим сифати илғор давлатлар таълим андозалари даражасига мос эканлигини кўрсатади.
Ўзбекистон тиббий таълим муассасалари хорижий давлатлар билан ҳамкорликни тобора кенгайтириш борасида самарали ишларни олиб бораётгани соғлиқни сақлаш соҳасини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда таълим даражаси нуфузининг янада юксалишига замин яратмоқда.
Бу борадаги ишларнинг узвий давоми сифатида жорий йил 16 феврал куни Ҳиндистоннинг “ Neo Institute of Medical Science and Technology” компанияси билан ҳамкорликда Телангана штатининг Ҳайдаробод шаҳрида Тошкент тиббиёт академиясининг расмий ваколатхонаси очилди.
Унинг очилиши маросимида Тошкент Тиббиёт академияси ректори профессор А.Шодмонов, академиянинг Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи М.Жафаров, мамлакатимизнинг Деҳлидаги элчихонаси вакиллари, “ Neo Institute of Medical Science and Technology” компанияси раҳбари Дивя Раж, ҳиндистонлик талабалар ва уларнинг ота-оналари иштирок этишди. Маросим чоғида меҳмонларга Тошкент тиббиёт академиясининг фаолияти, таълим соҳасидаги инновациялар, эришилаётган муваффақиятлар ва истиқболдаги режалар тўғрисидаги батафсил маълумотлар ўртоқлашилди.
Янги очилган ваколатхона соғлиқни сақлаш, тиббий таълим, таълим муассасаларида талабалар учун яратилган шароитлар ва бошқа соҳаларда республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотларни хорижий жамоатчилик орасида кенг тарғиб қилиш ҳамда ҳиндистонлик ёшларни Тошкент тиббиёт академиясида ўқишга жалб этиш, академия ва Ҳиндистоннинг етакчи шифохоналари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, Ҳиндистоннинг тиббиёт соҳасидаги илғор тажрибасини ўрганиш ва уларни академия фаолиятида татбиқ қилиш каби вазифалар ижросига хизмат қилади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон делегациясининг Ҳиндистонга сафари давомида Тошкент тиббиёт академияси ва Ҳайдаробод шаҳридаги “ Sri Sri Holistic” шифохонаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Ушбу ҳужжат “ Sri Sri Holistic” шифохонаси негизида Тошкент тиббиёт академияси профессор-ўқитувчилари ва талабаларининг ўқув дастури доирасида Ҳиндистонда амалиёт ўташи ва шифокорлар учун малака ошириш курсларини ташкил этиш имконини ҳам беради.
Реклама
Мавзуга оид
16:43 / 17.11.2024
Ҳиндистон биринчи гипертовушли ракетасини муваффақиятли синовдан ўтказди
16:50 / 16.11.2024
Ҳиндистонда ҳаво ифлосланиши кучайиб кетганидан Тож Маҳал кўринмай қолди
17:36 / 14.11.2024
Ҳиндистон халқаро аэропортида ҳавонинг ифлосланиши туфайли 200 дан ортиқ рейслар кечиктирилди
19:27 / 13.11.2024