Россияни жанг майдонида енгиб бўлмайдими? — Путин уруш ҳақида нималар деди ва унинг гаплари ҳақиқатга қанчалик мос?
Россия президенти Владимир Путиннинг Федерал мажлисга мурожаатномасининг учдан бир қисми Украинадаги урушга аталди. У «махсус ҳарбий амалиёт»нинг мақсади ва вазифалари ҳақида оғиз очмади, бироқ уруш сабаблари ва Россия ҳарбий салоҳияти ҳақида узоқ гапирди.
Владимир Путин Федерал мажлисга сўнгги икки йил ичида илк бор мурожаат қилди: 2022 йилда мурожаат бўлмаган эди. Таҳлилчилар фикрича, ўшанда Путин ўз мурожаатини Украинадаги жанг майдонларида эришилган бирор арзирли муваффақият арафасида қилмоқчи бўлган, лекин бундай бўлиб чиқмади.
Уруш бошланганининг бир йиллиги арафасида Путин ўз мурожаатномасида Россия «Украина халқи билан урушмаётгани»ни таъкидлаётган бир пайтда «Град» қурилмалари Херсонда тинч аҳоли устига снаряд ёғдираётганди.
BBC Путиннинг энг характерли фикрларини олиб, у ҳақиқатга нечоғлик мослигини текшириб кўрди.
Путин: «Махсус ҳарбий амалиёт бошланмасдан олдин Киевнинг Ғарб билан Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа (ҲҲМ) тизимлари, ҳарбий самолётлар ва бошқа оғир техникаларни етказиб бериш бўйича музокаралари олиб борилаётган эди».
BBC: Аслида бундай эмас. 2014 йилда АҚШ президенти Барак Обама Киевни қурол-яроғ билан таъминлаш имконини берувчи «Украина эркинлигини қўллаб-қувватлаш пакти»ни имзолаган. Бироқ, 2015–2017 йилларда бу ўлдириш кучига эга бўлмаган қурол-яроғлар эди: дронлар, радиолокацион станциялар, дала ҳоспиталлари. 2017 йил декабрида ўлдириш кучига эга бўлган қуролларни етказишни Трамп администрацияси маъқуллаган, бироқ шунда ҳам Россиянинг потенциал босқинини тўхтатиб туриши мумкин бўлган қурол-яроғлар ҳақида гап кетган. 2018–2021 йилларда Украина қуролли кучлари танкларга қарши Javelin комплекслари, гранатомётлар, ўқ-дорилар, Stinger кўчма зенит ракета қурилмалари олган. Етказилган бу қуролларнинг барчаси SIPRI маълумотлар базасида қайд этилган.
Россия босқини бошланмасдан аввал кўплаб ҳарбий экспертлар Украинага хорижий ҳарбий ёрдам фақат партизан уруши шароитида зарур бўлишини таъкидлашган. Бундай прогнозлар босқин олдидан ҳам берилди — ўшанда «Жавелин» ва «Стингер»лар билан қуролланган украинларнинг қўлидан келадигани максимум иш — пистирмалар уюштириб, рус оккупацион қўшинларининг ҳаётини оғирлаштириш бўлиб кўринганди. Ҳаттоки ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ДХР» вакиллари Украинанинг Донецк областини озод қилиш режаси ҳақида гапирганда айнан мана шу кўчма комплексларни тилга олган.
Украина ҚК, эҳтимол, «ДХР» ва «ЛХР» қуролланган бўлинмалари билан ғарб самолётлари ва ҲҲМ тизимларисиз уруша олиши мумкин эди. Бироқ Россия армиясига қарши бундай қуроллар билан ҳужум қилиш маънога эга эмасди — бундай операция аввалдан барбод бўлишга маҳкум эди.
Канада ва Европадан етказиб берилган ёрдамлар ҳам АҚШникидан кўп ҳам фарқ қилмасди: Канада зирҳли нимчалар, каска ва тунда кўриш мосламалари берган, Буюк Британия эса зирҳланган автомобиллар, алоқа воситалари ва GPS навигаторлар, Франция вертолётлар ва гранатомётлар етказган, Германия эса узоқ вақтгача Киевга ўлдириш кучига эга қурол-яроғларни етказишни рад этиб келди.
Путин: «Ғарбнинг узоқ масофани нишонга олувчи тизимлари Украинага қанчалик кўп етказилар экан, биз таҳдидни ўз ҳудудимиздан шунчалик узоқлаштиришга мажбур бўламиз»
BBC: Бу тезисни Россия тепасидаги турли даражадаги раҳбарлар кенг миқёсли уруш бошланганидан буён бот-бот такрорлаб келишади. Яқиндагина бу фикрни ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам айтган эди. Аслида, эса жанговар ҳаракатлар бошланганидан буён Россиянинг Белгород, Брянск ва Курск областлари мунтазам равишда отишмалар остида қолди. Россия армияси Путин ҳозир ўз ҳудуди деб ҳисобловчи Запорижжя области маркази бўлган шу номдаги шаҳарни эгаллай олмади, Херсондан қочиб чиқди, фронт чизиғини Донецк остонасидан силжита олмади. Бундан ташқари, ўтган йил давомида Калуга, Саратов ва Ростов областлари, 2014 йилда аннексия қилинган Қрим ҳам ўқ ёмғирлари остида қолди.
Ўз «махсус амалиёти»нинг мақсадларидан бири сифатида Путин НАТОни Россия чегараларидан узоқлаштириш ҳисобланишини айтганди. Аслида эса Путин бу чегараларни яқинлаштирди. Финландия ва Швеция НАТОга аъзо бўлиши ҳал бўлган масала, энди Украинанинг келажакда алянсга аъзо бўлиши ҳақида гапиришмоқда.
Путин: «Россияни жанг майдонида енгиб бўлмайди»
BBC: Россия империяси, СССР ва РФнинг сўнгги 200 йиллик тарихида муваффақиятсиз ва барбод бўлган ҳарбий кампаниялар етарлича топилади: Қрим уруши, рус-япон уруши, Биринчи жаҳон уруши, Афғонистон, Чеченистондаги биринчи уруш.
Боз устига, Украинадаги бир йиллик уруш даврида Россия армиясининг Киев, Суми ва Черниҳив областлари, Херсон, Лиман, Харкив, Изюм, Балаклия шаҳарлари ва Змейиний оролидан чекинишини кўрдик. Бу чекинишлар руслар томонидан қовушмаган тарзда асосланиши янги мэмни вужудга келтирди — «Россия армияси чекинмайди, у қайта гуруҳланиб олади».
Россия раҳбарияти ўзларини жанг майдонида енгиб бўлмаслиги ҳақидаги тезисни қайта-қайта такрорлар экан, афтидан, мамлакатда ядровий қурол борлигига ишора қилишмоқда. Уларнинг мантиғига кўра, бундан душман армияси Россияни оккупация қилолмаслиги ёки Москвани ололмаслиги келиб чиқиши керак. Бироқ на Украина, на унинг иттифоқчилари ўз олдиларига бундай мақсад қўйган. «Ядровий барқудрат давлатлар урушда енгилмайди», тезисининг ўзи ҳам Американинг Вьетнамдаги тажрибаси билан осонгина рад этилади.
Путин: «Биз армия ва флотимизнинг айнан сифат салоҳиятини юксалтирувчи илғор технологияларни фаол жорий этамиз. Бундай ишланмалар ва қурол-яроғ намуналари бизда аллақачон ҳар бир йўналишда мавжуд. Уларнинг кўпчилиги ўз характеристикалари билан хорижий аналогларидан устун»
BBC: Россия армиясини модернизация қилиш ва қайта қуроллантириш пункти президент мурожаатномаларида мажбурий нарсага айланган ва Владимир Путиннинг ҳар бир чиқишида такрорланади.
2021 йилги чиқишида қайта қуролланиш дастури деталлари янада кўпроқ эди. Путин ўшанда «2024 йилга бориб қуролли қўшинларнинг замонавий қуроллари ва техникалари 76 фоизга етиши»ни ваъда қилган эди. Бироқ ўтган бир йиллик уруш даврида чинакам замонавий қурол-яроғлар улуши фронтда қисқариб бормоқда, амалда Россия олд чизиққа эски совет танкларини ташламоқда, Украина инфратузилмасига эскирган совет ракеталари билан ҳужум қилмоқда.
Масалан, ўтган йил ёзида РФ мудофаа вазирлиги «Россия ҳаво космик кучлари ҳаводан туриб Кременчукдаги йўл машиналари заводи ангарларидаги АҚШ ва Европа давлатларидан келтирилган қурол-яроғ ва ўқ-дориларига юқори аниқликдаги замонавий ракеталар билан ҳужум қилингани»ни эълон қилди. Аслида, Украина ҳарбий ҳаво кучларига кўра, Россия самолётларидан учирилган X-22 қанотли ракетаси совет ҳарбий саноат комплексининг жуда эскирган, аммо муваффақиятли ишланмасидир.
Бу ракетанинг кемаларга қарши версияси ер устидаги нишонларга қарши ишлатилганда ўта самарасиз, чунки мўлжални аниқ уриб бўлмайди. Худди шундай ракета Кременчукдаги Россия мудофаа вазирлиги тилга олган нуқтадан 300 метр наридаги «Амстор» савдо марказига бориб тушди ва камида 20 кишини ўлдирди.
Бироқ, Украинанинг тан олишича, ушбу ҳарбий можарода Россия гипертовушли «Кинжал»лар, тезкор-тактик «Искандер» ракеталаридан ҳам фойдаланган, уларни Украинанинг советлардан қолган ҲҲМ тизимлари уриб тушира олмайди. Россия фронтда замонавий Т-90М танкларидан ҳам фойдаланмоқда, бироқ уларнинг сони жуда кам.
Россиядаги уруш тарафдорлари томонидан РФ мудофаа вазирлигига эътирозлардан бири ҳам Москвада ўтадиган ҳарбий парадларда намойиш қилинадиган техникалар, гарчи қўшинлар катта эҳтиёж сезаётган бўлса ҳам, уларнинг фронтда кўринмагани бўлмоқда.
Умуман олганда, Россия армияси турли синфдаги дронлар, сифатли алоқа воситалари ва бошқа юқори технологияли қурол-яроғ тизимлари етишмаслигидан қийналмоқда.
Сифатли алоқа ва разведка тизимлари етишмаслиги Россия артиллерияси Украинаникидан сон жиҳатдан бир неча баробар устун бўла туриб, самарасиз ҳаракат қилаётганида ҳам юзага чиқмоқда.
Путин: «Биз ҳеч қачон бир қадам четга чиқиб, ватанидан чекинганларни жазолаш учун «ялмоғиз ови» уюштириб келган ва уюштираётган Киев режими ва ғарб элитаси каби ҳаракат қилмаймиз. Бу уларнинг виждонига ҳавола, улар шу нарса билан яшай қолишсин»
BBC: Бироқ, Россия ҳокимияти урушга қарши чиқаётганларини жазолаш учун турли воситалардан фойдаланмоқда. Ўтган йил март ойидан бошлаб «армияни обрўсизлаштириш» ва «ҳарбий фейклар» тўғрисидаги икки жиноий модда амалда — улар бўйича аксилҳарбий фикрдагилар жазога тортилмоқда. 2022 йил декабрида «хорижий таъсир остидалик» тўғрисидаги янги қонун кучга кирди, унга кўра хориждан пул олмаган инсонлар ҳам «чет эл агенти» деб топилади.
Кўплаб сиёсатчилар ва журналистлар «ҳарбий фейклар» тўғрисидаги модда билан узоқ муддатларга қамалди. Хорижга қочиб чиққанларга эса сиртдан ҳукм ўқилди.
Россия амалдорлари ватанни тарк этган фуқароларни жазога тортиш бўйича ғояларни ўртага ташлашмоқда — масофадан туриб ишлашни тақиқлашдан тортиб, фуқароликдан маҳрум қилиш ва мол-мулкини мусодара қилишгача.
Путин: «Бизнинг вақтимизга келиб улар Украинадан «Анти-Россия» ясай бошлашди. Аслида бу лойиҳа янги эмас».
BBC: Жаҳонда Россияга атайлаб қаршилик қиладиган кучлар борлиги, Украина мана шундай кучлар қўлида ўйинчоқ экани ҳақида Путин биринчи марта гапирмаяпти. Буни сўзлар экан, Россия президенти Украина — суверен давлат экани, украинлар қандай яшаши ва ривожланиши ҳақида Россиядан рухсат сўрамасликка ҳақли экани тўғрисида лом-мим демайди.
Украинада кимдир «Анти-Россия» лойиҳасини қурмоқчи экани тўғрисидаги фикрни Владимир Путин бир неча йилдан буён такрорлаб келади. У бу терминни қаердан олган ва уни ким ўйлаб топган? Бу конспирологик назария илк марта 2012 йилда «Роснефт»нинг айни пайтдаги матбуот котиби Михаил Леонтьев муҳаррирлик қилган «Однако» журналида сиёсий маслаҳатчи, фантаст ёзувчи Лев Вершинин мақоласида ўртага ташланган.
Мавзуга оид
08:05
Байден Пентагонга Украинага қурол етказиб беришни тезлаштиришни буюрди
22:47 / 25.12.2024
Путин яна “тарихий ҳудудлар” ҳақида гапирди. У қаерларни айтяпти?
21:53 / 25.12.2024
Украина Россия билан иқтисодий урушда ғалаба қозонмоқда — The Economist
21:15 / 25.12.2024