«Уч хил Ўзбекистон, санкция остидаги сингиллар, «Путиннинг олигархи» ва пенсия»: Алишер Усмонов катта интервю берди
Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик ишбилармон, USM ҳолдинги асосчиси ва йирик акциядори Алишер Усмонов Тошкентда Италиянинг TGcom24 телеканалига интервю берди.
Интервю давомида Алишер Усмонов Ўзбекистондаги ислоҳотлар, Украинадаги уруш, ўзининг яқин қариндошларига нисбатан қўлланган санкциялар ва Путин билан алоқалари ҳақида гапириб берди.
— Жаноб Усмонов, янги Ўзбекистон ва ундаги энг муҳим ўзгаришларни гапириб бера оласизми?
— Бутун ҳаётим давомида уч хил Ўзбекистонни кўрдим. Биринчиси, бу — мен туғилган ва совет иттифоқининг бир қисми бўлган давлат. Сўнгра, 1991 йилдан бошлаб мустақил Ўзбекистон. Яқиндан, 2016 йилдан бошлаб янги Ўзбекистон пайдо бўлди.
1991 йилда мустақилликка эришилгач, мамлакатда ҳокимият де-факто собиқ коммунист етакчиларга ўтди, жамоат тузилмаси ҳамда иқтисодиётда совет иттифоқи давридагидек турғунлик эмас, ижтимоий ва иқтисодий соҳаларида янада кенг қамровли деградация рўй берди.
Айтиш мумкинки, мустақил ривожланишнинг 30 йиллигида президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги бугунги жамоа давлатнинг иқтисодий тузилмаси тубдан қайта қурилишини амалга оширмоқда. Мамлакат иқтисодиётининг нормал фаолият кўрсатишини тиклаш, фуқаролар фаровонлигини ошириш, Ўзбекистоннинг нафақат минтақада, бутун дунёда обрў-эътибор қозонишига қаратилган навбатдан ташқари ислоҳотлар ўтказилмоқда. Назаримда, бу давр мамлакатнинг катта келажаги учун умид қилиш белгиси бўла олади. Энг катта ўзгаришларни инвестицион фаолият тезлашгани, мамлакат очилгани, янги президент Мирзиёев инсонлар руҳиятини кўтариб, уларнинг қалбига йўл топа олганида кўрмоқдаман.
— Сиз Ўзбекистоннинг турли соҳаларига йирик сармоялар ётқиздингиз. Яқин йилларда ватанингиз ривожи учун яна қандай ҳисса қўшмоқчисиз?
— Очиғини айтганда, мен ўз ҳиссаларим ҳақида гапиришни ёқтирмайман, гарчи мен янги президентнинг ислоҳотчилик кун тартибини қўллаётганлар орасида бўлсам ҳам. Мен иштирок этган компанияларнинг инвестициясига келсак, биз ўз ҳолдингимизнинг ишбилармонлик фаолияти билан боғлиқ ўзбек компанияларига ўз эътиборимизни қаратдик. Бу асосан телекоммуникация ва технологик сектор.
Умуман, ҳозир санкциялар туфайли ишлаш жуда оғир, лекин мен хайрия лойиҳаларимни тўхтатмадим ва ишлашга ҳаракат қилмоқдаман. Шу сабабли мен албатта Ўзбекистонга ёрдам бериш, мамлакатимга фойда келтириш учун бор куч ва ресурсларимни сарфлайман. Бу менинг буюк мақсадим, бунинг йўлида мен ишбилармонлик фаолиятимни бошқаришдан, кўплаб лойиҳаларимда акциядор сифатида қатнашишдан воз кечдим.
Ўзбекистон Қозоғистон билан биргаликда Марказий Осиёнинг чинакам етакчилари бўлади, улар ўз фуқаролари томонидан белгилаб берилган йўналишда минтақани ривожлантирувчи локомотив бўлишади. Мен бу мамлакат муваффақиятга эришишига аниқ ишонаман.
— Жаноб Усмонов, Украинада уруш бошлангач, сиз Европа Иттифоқи санкциялари остига тушдингиз, чунки сизни олигарх деб ҳисоблашади. Сиз бу сифатдан нега воз кечишга уринмоқдасиз?
— Мен бундан нафақат норозиман, бу борада судга шикоят аризаси ҳам берганман. Мени олигарх сифатида кўрсатиш борасида қарор қабул қилганлар ўз нодонлигини намойиш этишган, деб ҳисоблайман. Олигархлар — булар ҳукумат ёрдамида пул қилувчи бизнесменлардир. Бу — биринчидан. Иккинчидан, бу одамлар пул ишлар экан, доим ҳукуматга ўз таъсирини ўтказа олади. Бу эса менинг ҳолатим эмас. Мен ҳеч қачон ҳукуматдан совғалар олмаганман. Биз ҳолдингимизда нимаики қилган бўлсак, барчасига бозор шарт-шароитларида эришганмиз. Олигархлар деганда Россияда капитал ривожланишининг биринчи босқичидан фойдаланиб, улкан ресурсларни қарийб текин қўлга киритганлар тушунилади. Бунга терс ўлароқ, мен барчасини танлов асосида сотиб олганман.
Ҳа, менинг активларим бор. Ҳа, Россияда мени тан олишади. Ҳа, мен ҳам Россия фуқаросиман, лекин ўз она ватаним манфаатлари билан яшайман. Мен пенсияга чиқдим, хайрия билан шуғулланиб, ўз сармояларимдан дивиденд олиб, яшаб юрибман. Барча даромадини сўнгги тийинигача декларация қиладиган инсоннинг айби нимада бўлиши мумкин?
Бахтимизга, Италиядагилар юристларимиз томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ҳечқурса ўқиб кўришар экан. Европанинг айрим давлатларида уларни ўқиб кўришмаяпти ҳам, шунчаки айбдорсан, дейишяпти, бўлди.
Бутун умр Ўзбекистонда яшаган, Россияга мутлақо алоқаси бўлмаган сингилларимга санкциялар қўллангани ҳақида гап борганда, мен буни қабул қила олмайман. Худога шукр, Европа ҳокимияти сингилларимдан бирининг санкциясини ечди. Бироқ, ҳали курашлар тугашдан йироқ. Умид қиламанки, адолат ҳеч бўлмаса судда ғалаба қозонади, гарчи мен судлашишни истамаган бўлсам ҳам. Нима бўлишига қарамасдан, Италияни севишда давом этаман.
— Путин билан яқин алоқада эканингиз ҳақидаги айбловлардан қандай ҳимояланяпсиз?
— Кўрмаяпсизми, бу айбловнинг иккинчи қисми, мен шунчаки олигарх ҳам эмасканман, Путиннинг «севимли» олигархи эканман. Менда ҳеч қачон бундай алоқалар бўлмаган. Мен Россияда 35 йилдан зиёд яшаб келмоқдаман. Бу вақт ичида ёш талабадан мамлакатнинг етакчи ва энг бой ишбилармонига айланиш учун узоқ йўл босдим. Катта эҳтимол билан мен МОҚ шафелиги остидаги халқаро спорт федерациясининг (Халқаро қиличбозлик федерацияси — таҳ.) сайланган Россия тарихидаги илк президент бўлдим.
Бундан ташқари, шахсан ўзим, бизнинг инвестицион ва хайрия фондларимиз ҳар йили маданий, спорт ва илмий лойиҳаларга юз миллионлаб доллар эҳсон ва хайрия маблағлари ажратади. Мен бу обрў-эътиборни нафақат Россияда, ўз ватаним Ўзбекистонда, бизга қўшни Қозоғистонда ҳам қозондим. Менинг дўстларим кўп, бу мамлакатлар, Яқин Шарқ ва Европада менга ҳурмат билан муносабатда бўлишади.
Бир вақтнинг ўзида, нима бўлишига қарамасдан ҳаёт йўлимдан воз кечмоқчи эмасман. Дарвоқе, мени ҳайратга солган яна бир нарса бор. Менга санкция қўллашгач, спорт ташкилотимиз — Халқаро қиличбозлик федерациясида бўлган ишдан сўнг барча қиличбозлардан фахрланиб кетдим. Менинг бундан хабарим ҳам бўлмабди... Юздан ортиқ давлат ярим йил аввал Халқаро олимпия қўмитаси президентига ёрдам сўраб петиция ёзишибди. Бу инсонларнинг ишончини қозонишдан бўлак яна нима ҳаётнинг мазмуни бўла олиши мумкин?
— Украинадаги уруш ҳақида нима деб ўйлайсиз?
— Урушдан таассуротларимга келсак, бу аввалига барчамиз учун шок бўлди. Бўлаётган воқеалардан қандай қилиб шокка тушмаслик мумкин? XXI асрда уруш ҳеч кимга фойда келтирмайди… Бу менинг ишим эмас, мен сиёсатчи эмасман ва сиёсат билан шуғулланишни ҳам истамайман. Шу сабабли, ҳар қандай можаро тинч йўл билан, энг асосийси қурбонларсиз тугаши керак, деб ҳисоблайман. Бу менинг шахсий муносабатим. Ҳозир мен фақат ўзим ҳақимда гапиряпман.
Чунки эртами-кечми можароларга нуқта қўйилади, қонун тикланади, умид қиламанки, Европада ҳам. Ҳаммаси кўнгилдагидек бўлади, мен бундан жуда умид қиламан. Бир вақтнинг ўзида мени бутун дунёда қозонган обрў-эътибор, бутун ҳаётимни бекорга яшамаганим умидлантириб турибди. Келгусида ҳам одамларга, инсониятга, мамлакатларга, жумладан Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон ва Тожикистонга ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Италия учун ҳам албатта яхшилик қилишга уринаман, энг камида Арцакен шаҳарчаси ёки Сардиния учун.
— Сизнинг Италия билан ўзгача муносабатларингиз бор. Бу қачон бошланган ва сизга бизнинг мамлакат нега ёқади?
— Таъкидлайман, мен бу мамлакатни яхши кўраман. Санкциялар қўллаб, бу кайфиятни йўқотган айрим давлатлардан фарқли ўлароқ. Мен Италияни болалигимдан қўшиқлари ва футболи учун яхши кўриб қолганман. Сўнгра қиличбозлик келди ва мени Италия билан боғловчи учинчи риштага айланди. Бу мамлакат Манжаротти оиласи, Монтано ва бошқалар билан бирга энг яхши қиличбозлар давлати. Веццали ва бошқа кўплаб ғолиб ёш замондошларимиз ҳам бор. Мен уларнинг барчасини яхши танийман. Бу инсонлар мен учун ҳақиқий афсона бўлишган, улар ҳақида газета ва китобларда ўқиймиз.
Энг катта муҳаббатим Сардинияга тушган. Италиянинг бу ҳудуди шарқона инсонлар нуқсини сақлаб қолган. У ерга биринчи марта борганимда ўз ватаним, Ўзбекистонда кўзим тушадиган ва қулоғим эшитадиган инсонлардаги ўзига хос руҳият ва фазилатни сезганман.
Мен билган ва дўстлашган кўплаб италянлар санкциялардан сўнг мендан узоқлашмасдан, аксинча алоқаларни сақлаб турганидан жуда фахрланаман. Улардан чин кўнгилдан миннатдорман. Бу — италянлар ҳақиқий дўст бўла олишининг яна бир тасдиғи бўлди. Арцакена мэри мени фахрий фуқаро унвонидан маҳрум этмаганини билганимда, бу юрагимни туб-тубигача ўртади, токи тирик эканман, Арцакена фуқароси бўлиб қоламан. Мен бу шаҳар учун керакли барча нарсани қиламан.
Мавзуга оид
00:45 / 23.12.2024
Туркия ТИВ раҳбари Сурияга қарши санкцияларни тезроқ бекор қилишга чақирди
22:44 / 22.12.2024
ЕИ Украинага қарши бошланган урушга уч йил тўлиши муносабат билан Россияга қарши янги санкциялар тайёрламоқда
21:33 / 20.12.2024
Виктор Орбан Россияга қарши санкцияларни узайтиришдан олдин Трампнинг инаугурациясини кутмоқчи
17:42 / 20.12.2024