Урушнинг илк кунлари: Бир йил олдин Украина Қримдан келган РФ армиясини қандай ва нега ўтказиб юборганди?
Россия босқини бошланишида Украина мудофаасидаги энг катта муваффақиятсизликлардан бири шубҳасиз Херсон областида кузатилганди. Чонгар бўғози ва Қрим яриморолини мамлакатнинг материкдаги қисми билан боғловчи тор бўйин мудофаа моҳирлик билан ташкил этилган ҳолатда ўтиб бўлмас тўсиқлар ҳисобланарди. Бутун област бўйлаб чўзилган суғориш каналлари эса ҳарбий техникалар ҳаракати учун табиий тўсиққа айланганди.
Ҳарбийлар ва экспертлар ҳисоблашича, Украина мамлакат жанубидаги муҳим шаҳарлар мудофаасини рақиб бу ерларга етиб келишидан олдин тайёрлашга улгуради.
Аммо Чонгар ва каналлар орқали ўтган кўприклар портлатилмайди. Ва 24 феврал тонгида Россия қўшинлари алоҳида қаршиликка учрамасдан, Қрим маъмурий чегараларини хотиржамлик билан кесиб ўтади ва автомобил трассалари бўйлаб яшин тезлигида олдинга ташланади. Россия бўлинмалари амалда бир неча соат ичида 100 километрдан ортиқ масофани босиб ўтади ва Нова Каховкани ўз назоратига олади. Кун ярмида улар Антонов кўприги ва Херсонга кириш жойига етиб келишганди. Жанубда ҳаракатланган гуруҳ бир неча кун ичида Швейцария майдонидан каттароқ ҳудудларни эгаллайди.
Россия қўшини қандай қилиб Қрим билан чегарадан амалда ҳеч қандай тўсқинликка учрамасдан ўтганди? Улар қандай қилиб саноқли соатлар ичида Херсон областининг улкан ҳудудларини эгаллаб олишганди? Ва Украина ниманинг ҳисобига якунда жанубдаги блицкриг режасини барбод эта олди?
BBC мухбирлари бу саволларга жавоб топишга уриниб ва Россиянинг Украина жанубидаги кенг кўламли босқинининг дастлабки кунларида рўй берган воқеаларни тушуниш учун Украина қуролли кучлари ҳарбийлари, ҳудудий мудофаа қисмлари жангчилари, сиёсатчилар ва фаоллар билан суҳбатлашди.
Босқин 22 феврал куни кутилганди
2022 йил 22 феврал куни соат 19:15 да Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексий Даниловга махфий маълумотлар солинган қизил папкани келтиришади. Унда президент Володимир Зеленскийнинг ҳаёти хавф остида экани айтилганди. Протоколга биноан, у бу ҳақда президентни, бош вазирни ва кучишлатар тузилмалар раҳбарларини хабардор қилади.
Аммо ҳатто ўшанда ҳам Украина раҳбарияти ҳарбий ҳолат эълон қилмайди ва умуммиллий сафарбарлик бошламайди. 2021 йил охирида Ғарб давлатлари етакчилари Россия Украина билан чегарада қўшин тўплаётгани ва кенг кўламли босқинга тайёргарлик кўраётгани ҳақида бонг урганида, мамлакат ҳукумати «манипуляцияга берилмаслик» ва хотиржамлик сақлашга чақиради.
Аммо Олексий Данилов BBC учун интервюсида айтишича, мамлакат олий раҳбарияти босқин бўлиши ҳақида ва ҳатто у қачон бошланиши тўғрисида биларди.
«Биз босқин 22 феврал куни бошланишини кутгандик ва бизда босқин шу кунга мўлжаллангани бўйича юридик тасдиқ бор», дея изоҳлайди Данилов ва Киев атрофида Псков десантчилари штаб бошлиғидан тортиб олинган харитани ёйиб.
Унда «Махфийлик» белгиси остида «20.02.2022» санаси кўрсатилган. Даниловнинг сўзларига кўра, хариталар амалиёт бошланишига икки кун қолганида тарқатилган. Аммо кейин, унинг айтишича, босқин санаси 24 февралга кўчирилган. Шундан кейин харитадаги аввалги сана устидан чизиб ташланган ва ёнидан янги сана қўйилган - «22.02.2022».
Даниловнинг тасдиқлашича, мамлакат раҳбарияти бу режалар ҳақида олдиндан хабардор эди.
«Ўша вақтда ахборот майдонини ёпиқ тутиш жуда муҳим эди. Агар биз Гостомелга ҳужум бўлиши ва бошқа барчаси қандай бўлишини тушуниб турганимизни кўрсатиб қўйганимизда, улар «Б» режани ишга туширган бўлишарди, биз эса уларнинг «Б» режасидан воқиф эмасдик», дейди Данилов.
«Бизнинг олдимизда ҳар қандай ҳолатда ҳам мамлакат ичида ваҳима уйғонишига йўл қўймаслик вазифаси турарди. Тасаввур қилинг, президент чиқади ва икки ҳафтадан кейин бизда уруш бўлишини айтади. У ҳолда ҳеч ким назорат қила олмайдиган тартибсизлик жараёни бошланиб кетган бўларди. Ва Россия Федерацияси шуни кутганди», деб ҳисоблайди Данилов.
Аммо агар ҳукумат Кремлнинг режаларидан батафсил хабардор бўлган бўлса, Херсон области нега бундай қисқа фурсат ичида босиб олинди? Нима учун ўшанда Чонгар ва Херсон областидаги бошқа кўприклар портлатилиб, душман йўли тўсилмаганди?
Данилов бу воқеалар бўйича тергов ишлари давом эттирилаётгани, бу саволларга албатта жавоб топилишини айтган. «Ва биз [муваффақиятсизликни] яширмаймиз, биз уни ёпиқ қути ичига солиб қўймаймиз».
Украина хавфсизлик хизмати ва Давлат суриштирув бюроси (ГБР) BBC’нинг босқиннинг дастлабки даврида Херсон областида рўй берган воқеалар тергови ҳақидаги сўровига жавоб қайтармади.
Босқин бошланганидан кейин Украина қуролли кучлари Бош штаби берган баёнотда Чонгар кўприги миналаштирилган бўлгани, аммо кучлар нисбати 15:1 кўринишида экани айтилганди. Аммо кучлар нисбати айнан шундай бўлгани учун ҳам кўприкларни портлатиш зарур эди. Аннексия қилинган Қримда қўшин тўпланаётгани тўғрисида эса ҳар куни маълумот келиб турганди. Ҳатто ўша кунларда Қримга борган оддий одамлар ҳам чегара атрофида ҳарбий техникалар турганини кўрганини айтиб берган.
Кечиккан тайёргарлик
Шунга қарамай, расмийлар ҳудудий мудофаани йўлга қўйишни бошламайди. Аммо Донбассда жанг қилган ва захирага ўтказилганлар «нимадир бўлиши»ни тушуниб туришган, ўз вақтида Алешки шаҳрида ҳудудий мудофаа кучлари взводи командири бўлган Василий шу ҳақда айтиб берди.
«15 феврал куни мени ҳарбий комиссариатга чақиришди ва [ҳукумат ҳеч нарса қилмаётган экан], ими-жимида ўзимиз ташкиллаштиришимиз зарурлигини айтишди. Бу ҳеч бўлмаганда, нимадир рўй берганда қанча одам қурол кўтаришга яроқли экани ҳақида тушунча ҳосил қилиш учун эди. Бу ҳарбий комиссаримиз ташаббуси эди ва ҳеч кимга ҳеч қандай мажбурият юкламасди, бу сафарбарлик эмасди», дейди у.
Алешковский комендантлик ротасига 60 киши йиғилади. Уларда қуроллар ҳам, зирҳли нимчалар ҳам, алоқа воситалари ва транспорт ҳам бўлмаган. Ва ҳеч ким улар Россия армияси дивизиялари штурмига қандай қаршилик кўрсатиши мумкинлиги тўғрисида тушунчага эга бўлмаган.
Аммо Украина қуролли кучлари ҳам тайёргарлик кўраётганди. Феврал ойида «Алешковский қумлари» миллий парки атрофидаги полигонда доимий жойлашув манзили Винницада бўлган 59-мотоўқчилар бригадаси қисми кўчириб келтирилади. Уларга зарур қурол-яроғлар ва техникалар учун ёнилғи берилади, шу билан бирга, танкчиларнинг ҳикояларига кўра, машиналар ҳарбий ҳаракатлар учун зарур бўлган миқдорнинг фақат ярмига тўлдирилганди.
Босқинга бир неча кун қолганида 59-бригада танк роталаридан бири пиёдалар билан бирга Қримга яқинроқ позицияга олиб келинади.
Бу вақтда Лвивдаги 80-десант-штурм бригадаси ҳарбийлари Миколайив областида ўқув машғулотлари ўтказишади. Якунда шу икки бригада Россия қўшинларининг 24 феврал кунги босқинини қайтариш учун юборилади.
Аммо бу бригадалар зарур воситалар билан тўлдирилмаганди. Қолаверса, бўлинмаларда одамлар етишмасди. Олий рада депутати ва парламентнинг миллий хавфсизлик ва мудофаа масалалари бўйича қўмитаси котиби Роман Костенко бу тайёргарлик жараёнидаги хатолар туфайли бўлганини тан олади.
«Биз биринчи навбатда захирадагиларни чақирмадик, олдинроқ ҳарбий ҳолат эълон қилмадик, ҳарбий қисмларни тўлиқ жойлаштирмадик. Агар аҳоли босқин кунида эмас, олдинроқ сафарбар қилинганида кейин фронтга яхши тайёрланмаган одамларни юборишга тўғри келмасди. Уларни тайёрлашга улгурган бўлардик», дейди Костенко.
Украина армиясининг чекиниши
24 феврал тонгида Россия Украинанинг ҳарбий базалари, омборлари ва аэропортлари бўйлаб ракета зарбалари йўллай бошлайди. Авиация «Алешковский қумлари»даги 59-бригада танк батальонини ўққа тутади. Рота командири - катта лейтенант Евгений Пальченко Нова Каховка яқинидаги Сергейивка қишлоғи томон ҳаракатланишга ва олти танк билан канал орқали ўтган кўприкни ҳимоя қилишга буйруқ беради.
«Биз Сергийивкага кетаётганимизда қарама-қарши йўналишда колонна келаётганди. Бизнинг барча қуролли кучларимиз чекинаётган ва Антонов кўприги томон ҳаракатланаётганди. Биз эса иккинчи томонга юраётгандик, ҳеч ким нима бўлаётганини тушунмасди», дея эслайди у.
«Сергийивкага келдик, менинг наводкачим (нишонга олувчи) менга айтди: «Рақиб техникасини кўряпман». Мен унга дедим: «Бу чиндан ҳам рақибникими ёки бизники?» У шундай жавоб берди: «Билмайман, аммо унда Z ҳарфи бор». Мен айтдим: «Бу аниқ бизники эмас» ва барча олти танкка ўт очишга буйруқ бердим. Биз танкни, БМПни (пиёдалар жанговар машинаси) аниқ нишонга олдик. Биз техникаларни йўқ қилдик, кўприкни тўсиб қўйдик ва душман чекинди. Шу вақтда менга штаб бошлиғи қўнғироқ қилди ва зудлик билан Алешки томон ҳаракатланишга буйруқ берди, чунки уларни қуршаб олишаётганди».
«Энди Сергийивка атрофидаги кўприкни мудофаа қилишдан маъно қолмаганди. Рақиб аллақачон Нова Каховкага етиб борган ва Днипронинг ўнг соҳилига десант туширганди», дея изоҳлайди Палченко.
Алешкида эса Палченко янги топшириқ олади - аллақачон россиялик ҳарбийлар назорат қилаётган Антонов кўприги бўйлаб ёриб ўтиш. Бу вақтда Украина қуролли кучлари шошилинчда чекинаётганди ва агар кўприк тўсиб турилмаса, улар қуршовда қолиши мумкин эди.
«Биз кўприк яқинидаги полиция постидан ўтишимиз билан ўнг томондан рақиб ҳам пайдо бўлди - танкка қарши барча воситалари билан. Мен уларга пулемётдан очдим. Қочишга тушганларга иккита танким ортдан зарба берди. 50 метр юрганимиздан сўнг чап томондан ҳам кўп сонли душман кучлари чиқиб келди. Дарҳол ўнгда БМПни кўриб қолдим ва наводкачимга бақирдим: «Шева, уёқда БМП!» У жавоб қайтарди: «Кўряпман». Битта осколкали снаряд билан уни яксон этдик. Портлаш ва машина ёниб кетди. Душман қоча бошлади».
Пальченко батальон командирига кўприк эгаллангани ҳақида хабар бериши билан ҳарбийлар Днипронинг ўнг соҳилига ўтишни бошлаган. «Роппа-роса икки соат давомида техника ўтди. Ярадорлар жуда кўп эди, КАМАЗлар, пастдан ҳам, тепадан ҳам одамлар пиёда ўтиб келарди. Ҳалок бўлганлар ҳам кўп эди. Одамларни шунчаки олиб ўтишарди. Бу колоннада оддий аҳоли вакиллари ҳам бор эди».
Кўприкдан ўтишнинг ўзи икки соат вақт олган бўлса, демак Украина Херсон областида катта куч жойлаштирганди. Аммо маълум бўладики, Киев Қрим томондан бу қадар катта тезлик билан ёриб ўтилишига тайёр бўлмаган. Якунда Украина қўшини босқиннинг илк соатларидаёқ чекинишга мажбур бўлган.
«Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари йўқ ҳолда рақибни қандай тўхтатиб туриш мумкин? дея савол қўяди Пальченко. - Уларнинг авиацияси шунчаки учиб келар ва кўплаб авиация бомбаларини ташлар ва ҳаммаёқ шунчаки портларди. Шу тариқа, катта миқдордаги жонли кучлар ва техникалар йўқ қилинган».
Афтидан, Россия қўшини улар тезлик билан ҳаракатланишига ишонишган. Тезлик катта аҳамиятга эга эди, шунинг учун уларнинг тактикаси катта шаҳарларни айланиб ўтиш, уларни ўраб олиш ва яна олдинга ҳаракатланишга қаратилганди.
2022 йил августида BBC нашрига берган интервюсида Миколайив мудофаасини бошқарган генерал-майор Россия режасида Миколайивни ўраб олиш учун икки кун, Одесса учун уч кун ажратилган бўлганини айтиб ўтганди. Бу маълумотни улар парашют-десант полки штаб бошлиғидан олиб қўйилган харита билан изоҳлашган.
«Улар аввал бошдан шаҳарга киришни режа қилмаганди. Улар Баштанка орқали Вознесанкка ўтиб, катта ҳалқа ҳосил қилиш, кейин уни шаҳарнинг ғарбий чегараларигача торайтиришни кўзлашганди. Улар биз Варваровский кўпригини портлатишимизни тушуниб турарди ва шу туфайли учта паром кечуви ўрнатишга тайёрланишганди. Одессагача етиб бориш ва десант туширилишини таъминлаш учун бу кечувлар орқали иккитадан батальон-тактик гуруҳлари ўтиши керак бўлган», дейди Марченко.
Ғарб Украинага ишонмаганди
Россия қўшини ракета зарбалари беришга ва Украина чегарасини кесиб ўтишга киришгач, Ғарб давлатлари етакчилари орасида Зеленскийга биринчи бўлиб қўнғироқ қилган одам Буюк Британиянинг ўша вақтдаги бош вазири Борис Жонсон бўлади. Бу вақтда Лондонда эрталаб соат 4 эди.
«Ғарб давлатлари Украина бардош беришига умуман ишонишмаганди. Улар биз уч-беш кун курашишимиз ва таслим бўлишимиз ҳақида ўйлашган. Айнан шунинг учун АҚШ ва бошқа мамлакатлар оғир қуроллар беришни исташмади. Улар толиблар Афғонистонни қандай қайтариб олганини унутишмаганди ва уларнинг қуроллари россиялик ҳарбийлар қўлида пайдо бўлишидан хавфсирарди», дейди Данилов.
«Босқин бошланганидан кейин Ғарб давлатлари нима қилишни маслаҳат беришди?» дея сўрайди мухбир.
«Улар бизга партизанлик урушини таклиф этишди», дея жавоб қайтаради Данилов.
24 феврал тонгида Россия десанти Антонов кўприги яқинига ташланганида ҳарбий комиссар ҳам Алешкидаги ҳудудий мудофаа гуруҳига айнан шуни таклиф қилади - бу вақтда улар амалда Украинанинг асосий кучларидан узилиб қолганди.
Василий ва унинг гуруҳи бу ўз жонига қасд қилиш билан баробар эканини тушуниб турарди. Россияликларда Донбассда хизмат қилганларнинг барчасининг рўйхати бўлган. «Улар бизни шунчаки отиб ташларди», деди у.
Василийнинг сўзларига кўра, Украина хавфсизлик хизматининг Алешкидаги офиси ёпиқ, унинг ходимлари эса шаҳар қуршовга тушишидан олдин кетиб улгурганди. «Полиция бўлимидаги қуроллар ҳам олиб кетилганди», дейди Василий.
Якунда улар қайиқ орқали Днипронинг ўнг соҳилига сузиб ўтишга қарор қилишади.
Херсондаги вазият ҳам саросимали эди. Полиция бўлимлари ёпилганди. Ҳарбий комиссариат ходимлари фуқаролик формасини кийиб олишганди. Ҳеч ким изчил мудофаани йўлга қўйиш ҳақида ўйламасди.
Херсонлик фаол, истило вақтида бир неча ой шаҳарда қолган Константин Риженконинг ҳикоя қилишича, маҳаллий расмийлар ва аҳоли ўртасида ҳеч қандай коммуникация бўлмаган. «Одамлар нимага тайёргарлик кўриши кераклигини тушуниши учун шаҳар айни вақтда қандай ҳолатда экани, ҳеч бўлмаганда мудофаа кучлари қандай ҳолатда экани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ эди», дейди у.
Шу туфайли одамлар аввалига нима қилишни билмай қолишди, кейин эса бу одамлар ўзини ўзи мудофаа қилишига тўғри келди. Айримлар масъулиятни зиммасига олишди ва маҳаллий ҳудудий мудофаа отрядларини шакллантиришди.
1 март куни тонгда улар автомат ва Молотов коктейллари билан шаҳарни мудофаа қилиш учун чиқишди. Улар Сирен паркига йиғилганида улар томон душманнинг зирҳли техникаси юриб борди ва ҳимоячиларнинг деярли барчаси ҳалок бўлди.
Мудофаа режаси бўлмаган
Миколайивда Херсоннинг қисмати такрорланиши мумкин эди. Аммо мўъжиза рўй беради ва маҳаллий аҳоли вакилларининг кўпчилиги айтишича, бу мўъжизанинг номи - генерал Марченко эди.
«25 феврал куни эрталаб соат 04:00 да Миколайивга бордим, ва, юмшоқ қилиб айтганда, ҳанг-манг бўлиб қолдим. Бирорта блокпост, бирорта патрул, бирорта ҳарбий, бирорта полициячи йўқ эди. Шаҳар бўшаб ётганди, бўм-бўш. Соат 04:00 - кел ва эгалла», дейди Марченко.
«Ҳарбий қисмларни айландим. Ўзимнинг қадрдон 79-бригадамга бордим. 36-бригадага. Сўрадим: «Сизнинг вазифангиз қанақа?» Улар айтишди: «Ҳарбий қисмни ҳартомонлама ҳимоя қилиш». Мен айтдим: «Сиз тушунмайсизми, агар танклар шаҳарга кирса, сизнинг ҳартомонлама ҳимоянгиз [қулашини]?»
«26 феврал ҳолатига шаҳар мудофааси режаси йўқ эди, ҳолбуки бу 23-санадаёқ бўлиши лозим эди. У шунчаки йўқ бўлган. У қаердалигини сўраганимда, шундай дейишган: «Биз ҳали харитани ёпиштирмадик». Мен айтдим: «Сизлар нормал одамми? Херсонни эгаллашди, сиз эса ҳали харитани тайёрламадингизми?»
Ва барибир Миколайивда Херсонда бўлмаган нарса бор эди - вақт. 59- ва 80-бригада қисмлари душман билан нотенг жангларга киришиб, Миколайив мудофаасини тайёрлаш учун бир неча кун бўлса ҳам вақтдан ютиб беришади.
Антонов кўприги учун жанг
Украина қуролли кучларининг асосий гуруҳи Антонов кўприги орқали ўтгач ва Миколайив томонга чекингач, катта лейтенант Евгений Пальченко мансуб бўлган батальон кўприкни тўсиб, Россия қўшинларини тўхтатиб туриш учун қолади.
«Ярим тунда шундай «вақтичоғлик» бошланади: бизга миномётлардан ўқ ёғдиришади, беҳисоб К-52 вертолётлари ва қирувчилар ёпирилади, барчаси устма-уст. Артиллерия, отишмалар, ўнгдан ҳам, чапдан ҳам диверсия-разведка гуруҳлари келади», дея эслайди Пальченко.
Бундан олдин эса Евгений Пальченко танкларни жойлаштириб чиқади ва уларга вазифалар белгилаб беради, чунки алоқа бутунлай ўчириб қўйилганди. «Мен ўз танкимдан тахминан 150 метр масофада тургандим, шу пайт «ФАБ-500» авиация бомбаси портлади. Учинчи ротанинг взвод командири ҳалок бўлди».
«Мен бир лаҳза ҳам ўйламасдан автоматни елкамга ташладим ва бор кучим билан танк томон югурдим. Менда шундай ҳиссиёт бўлгандики, уч сония ичида унинг ичида эдим. Шунчаки шокка туширувчи вазият, нима бўлаётганини тушунмайсан. Танкка сакраб тушдим, люкни ёпдим - ва батальон командири бақириб қолди: «Чап қанотга ўт оч! Мени ўққа тутишмоқда».
«Бизга ҳам зарба келиб теккан, тизим ишламасди. Биз барчасини қўлда бажардик, худди авваллари Т-34 танкида бўлганидек. Мен наводкачимга бақирдим: «Тескари передача (ҳаракатни машинанинг бир қисмидан бошқасига ўтказувчи механизм)ни ёқ!» Механик орқага юрди, ўнг ричагни тортди - танк айланди, минораси ҳам. Ва Шева комбатга ўт очилаётган бинони кўриб қолди. Мен дарҳол қичқирдим: «Шева, ўт оч!» У ўша ерга аввал бир снаряд учирди, кейин иккинчисини. Мен яна бақирдим: «Яна битта!» Ва бу бизнинг батальон командирига ўқлар остидан чиқиб кетишга ёрдам берди».
Жанг бир соатга яқин давом этади ва танкчилар катта йўқотишларга учраб, ўқлар ёмғири остида Молодежное қишлоғи томон чекинишга мажбур бўлади. Катта лейтенант Пальченконинг сўзларига кўра, ўшанда батальондан битта рота қолганди.
Аммо тез орада улар Антонов кўпригига қайтишга буйруқ олади, чунки бу вақтга келиб бу ерга 80-бригада десантчилари олиб келинган ва улар Россия кучларини кўприк атрофидан чекинтирганди. Йўлга чиққан етти танкдан тўрттаси йўлда ўчиб қолади - ёнилғи тугаганди. Пальченко ўзининг носоз танкида ва яна икки машина кўприк томон ҳаракатланишда давом этади. Унинг танкини гранатомётлардан отилган снарядлар чақини таъқиб этади, аммо ҳар сафар мўъжиза рўй бериб у тутун пардаси орасидан бешикаст чиқиб келаверади.
Батальон командири танкини уришганидан кейин, Евгений Пальченко Антонов кўприги мудофаасидаги энг катта офицер бўлиб қолади. Ўша тунда у яна бир неча бор ортга чекинади ва десантчиларни қўллаб-қувватлаш учун кўприкка қайтади. Ўшанда у 23 ёшда эди - ва кейинроқ Украина қаҳрамони унвони билан тақдирланади.
Ҳужум тўхтатиб турилиши
Украинанинг Херсон мудофаасидаги муваффақиятсизлиги кўплаб жавобсиз саволларни қолдирган. Аммо Украина қўшини Херсонни жангсиз топширган дейиш тўғри эмас. Қуролли кучлар мушкул вазиятда душман юришини имкон қадар узоқ вақтгача тўхтатиб туриш учун чоралар кўради.
25 феврал куни тушга яқин Россия десантчилари ва оғир техникалари Антонов кўпригидан ўта бошлайди. Ўнг соҳилда улар дарҳол Пальченконинг танк гуруҳи ва кўприк мудофааси учун ташланган бошқа бўлинмалар билан жангга киришади. Аммо кучлар тенг эмасди. Авиация украин бўлинмалари устидан бомбалар ташлайди, тез орада Россия артиллерияси ҳам етиб келиб бутун ҳудудни ўққа тута бошлайди.
Пальченко ва бошқа танкчиларда эса снарядлар тугаб қолади. Унга Миколайивга чекинишга буйруқ берилади. Аммо шаҳарга яқинлашганда унинг гуруҳи яна ортга бурилади ва Антонов кўпригига қайтиш бўйича буйруқ олади. Бу вақтга келиб у ерга украин артиллерияси етиб борган ва чап соҳилдаги Россия техникаларини ўққа тута бошлаганди.
Кейинги куни, 26 февралда, Украина қўшини Чернобайивкага чекинади, бу жой кейинроқ Россия кучларига энг кўп зарба берилган жой сифатида машҳур бўлиб кетганди.
Шу куни душман кутилмаганда Херсон томондан чиқиб келади, ҳолбуки бу вақтда шаҳар Россия қўшини томонидан эгалланмаганди. Шу вақтда пиёдалар позицияларини ташлаб, машиналарда Миколайив томон йўлга тушади. «Командирга қўнғироқ қилдим ва сўрадим: «Пиёдалар қаёққа йўл олди?» У айтади: «Сен ҳалиям ўша ердамисан? Сен ҳақда унутибман. У ердан кет, у ерда бизникилар қолмади». Ва бундай ҳолат икки кун ичида беш ёки олти марта содир бўлди - мени шунчаки позицияда унутиб қолдиришарди», дейди Пальченко.
«Мен гўшакни қўйишим билан ўнг томондан биз томон кучайтирилган рота келаётганини кўрдим. Ўзимизникиларнинг барчасига рақиб ўнг томонда эканини айтдим. Ва шу пайт менинг танкимга снаряд учиб келди. Минорага тегди. Қулоқларни том битди. Бурундан қон оқди. Мен ўз экипажимга бақирдим: «Чиқинглар, биз ёняпмиз!» Шунда яна бир снаряд келади - портлаш бўлади, ҳаммаёқ гумбурлайди».
Ёнаётган танкдан чиқиб олган Пальченко жамоага чекинишни буюради. У контузия ҳолатида омон қолган учта танкдан бирига чиқади ва улар Миколайив томон чекинади.
Миколайивдаги сафарбарлик
Миколайив мудофааси тарих дарсликларига киради, чунки бу урушда бурилиш палласи эди. Россия қўшинларининг яшин тезлигида юз берган ҳужуми айнан шу ерда тўхтаб қолади. Бу ерда улар қаттиқ қаршиликка учрайди ва кейин улоқтириб ташланади.
Шаҳарга келган генерал Марченко тезлик билан одамларни сафарбар қила бошлайди ва барча хоҳловчиларни мудофаага қўшилишга чақиради.79-бригаданинг асосий бўлинмалари Донбассда эди, 36-бригада эса Мариуполдаги шиддатли жангларда қатнашаётганди. 79-бригада ҳарбий қисмида 120 киши қолганди, аммо икки кун ичида украин ҳарбийлари сафига яна бир ярим минг киши қўшилади.
«Биз уларни кийинтирдик, полигонга олиб бордик, отиш машқларини бажартирдик. Бу ерга 2014 йилда жанг қилганлардан ҳам кўпчилик келди. Яъни ҳарбий тайёргарлик бўлган», дея ҳикоя қилади генерал Марченко.
Генерал Марченко барчани - полициячилар, миллий гвардиячилар, ҳудудий мудофаа аъзоларини бирлаштириш ва мудофаага қўшишга муваффақ бўлади. Миколайив тўрт қисмга ажратилади, масъуллар тайинланади. Ҳар бир бўлинмада танкка қарши захира кучлари ташкил этилади - гранатомётлар билан таъминланган бу гуруҳлар агар шаҳарга танклар кирса, олдинга чиқарилиши керак эди.
Муаммо коммуникацияда эди. Бундай ҳолатда Россия қўшини шаҳарга қайси томондан киришини қандай билиш мумкин эди?
Шунда Миколайив области губернатори Виталий Ким ёрдамга келади. У одамларни йиғиб, уларга вазифалар бўлиб беради - улар шаҳарга киришдаги чорраҳаларда жойлашиб, сигнал постлари ташкил этиши керак эди. Бу режага кўра шаҳарга танклар кела бошлаганида шиналар ёқилиши ва бу танкка қарши гуруҳлар учун мўлжал олиш имконини бериши керак эди.
Оддий одамлар
Фуқаролик ва ҳарбий тузилмаларнинг ўзаро мувофиқликда ҳаракатланиши муваффақиятнинг асосий омилларидан бири бўлади.
«Виталий Кимнинг одамлар билан алоқаси жуда зўр эди - ва бизда барчаси жуда тез ва яхши ташкиллаштирилди. У айтарди: «Нима керак?» «Экскаваторлар» дейман. Экскаваторлар тезда етиб келади ва ерни қазий бошлайди. У яна сўрайди: «Нима керак?» Мен дейман: «Бетон блоклар ва танкка қарши тўсиқлар тайёрланг». Ярим кун ўтиб блоклар ва тўсиқлар пайдо бўлади».
Маҳаллий аҳоли мунтазам равишда маъмуриятга қўнғироқ қилади ва душманнинг ҳаракати бўйича маълумотларни етказиб туради. Бу маълумотларнинг барчаси харитада қайд этилади, координаталар артиллериячиларга юборилади.
Херсондагидан фарқли ўлароқ, Миколайив областида суғориш каналлари орқали ўтган учта кўприкдан иккитаси 2014 йилда Донецк аэропорти учун жангда қатнашган, Олий рада депутати бўлган Роман Костенко бошчилигида шошилинч тарзда тузилган махсус топшириқли кучлар гуруҳи томонидан портлатилади.
Учинчи кўприк миналаштирилади ва унга артиллерия тўғриланади. Россияликларнинг Миколайивга юриш қилган барча техникаси шу кўприк томон оқиб кела бошлайди. Биринчи танк каналдан ўта бошлаганида кўприк портлатиб юборилади, артиллерия эса ушбу кечув атрофида турганларнинг барчасини ўққа тута бошлайди.
Россияликларнинг илғор гуруҳи Вознесенскка ёриб кирганида, генерал Марченко барча кучни уларни асосий гуруҳидан узиб қўйиш учун йўналтиради.
«Артиллериячилар у ердаги барча нарсани синдиришди, - дея эслайди у. - Менинг ихтиёримдаги спецназ, 3-полк, 7-полк - бу одамларнинг бари ғайрат билан жўшиб борарди. Биз телефон режимида эдик. Улар айтишарди: «Вазифа қандай?» «Колонна турган жойга боринг ва зарба беринг». Улар сакраб тушиб, аввал биринчи машинага, кейин охиргисига ва ўртадагисига зарба беришади ва кетишади. [Россияликлар] сочилиб кетади, йўлдан четга чиқади. Биз уларнинг жанговар тартибини бузгандик ва амалда бу бизни қутқарди».
Вознесенск орқали ҳаракат Мертвовод дарёси устидаги шаҳар кўприги портлатилгани туфайли тўхтаб қолади. Уч кунлик жанглардан кейин россияликларнинг илғор гуруҳи 80-бригада десантчилари босими остида чекинишга мажбур бўлади. Уларни эса Миколайивдан чиққанлар қарши олишади ва яксон этишади.
«Биз уларни даф этганимизда, - дея эслайди генерал Марченко, - бизда шундай бурилиш палласи рўй берди, биз ўзимизга ишона бошладик, жангчилар қаршилик кўрсатишаётганини, [россияликлар] қўрқиб, қоча бошлаганини тушунишди. Биз уларни асир ола бошладик, уларнинг техникаларини ўлжа қилишни бошладик. Ва мен шундай иштиёқ билан барчага уларни улоқтириб ташлаш кераклигини айтдим. Биз уларни шаҳардан Херсон билан маъмурий чегарага қадар чекинтирдик».
«Агар бутун халқ мудофаага чиқмаганида, бунинг барчасига эришиб бўлмасди», - дейди генерал Марченко. «Шунчаки оддий одамлар аскарлар билан бирга окоп қазишди. Милтиқли овчилар блокпостларда туришди. Биргина Баштанкадагиларни олайлик - улар ҳақида фильм ишлаш мумкин. Улар кунига 30 нафаргача асир олишар, душман техникасини ўққа тутишар ва тортиб олишарди».
Миколайивнинг муваффақиятли мудофааси эвазига Россия барибир Одессага десант тушира олмайди. Бу участкадаги муваффақият Херсоннинг келгусида озод этилиши учун плацдарм ҳам тақдим этади.
Аммо Миколайив билан боғлиқ тарих шуни кўрсатадики, Херсон ҳалокатли қулашининг олдини олиш мумкин эди. Бунинг учун кўприкларни портлатиш, эртароқ сафарбарлик ўтказиш, қўшинларни ўз вақтида чегара яқинига жойлаштириш, самарали коммуникация ва шаҳарлар мудофаасини режалаштириш - бу ишлар амалга оширилганида, Россиянинг Украина жанубидаги юриши мутлақо бошқача якунга эга бўларди.
Мавзуга оид
08:05
Байден Пентагонга Украинага қурол етказиб беришни тезлаштиришни буюрди
21:53 / 25.12.2024
Украина Россия билан иқтисодий урушда ғалаба қозонмоқда — The Economist
21:15 / 25.12.2024
Украина бўйлаб байрам кечаси ёпирилма зарбалар йўлланди
16:21 / 25.12.2024