Ўзбекистон | 08:54 / 24.02.2023
22857
4 дақиқада ўқилади

Навоийда ҳоким мактабларга текшириш юборди. Бу ҳукумат қарорига зид

Навоий шаҳри ҳокими Муродхон Эгамқулов ҳудуддаги мактаблар фаолиятини ўрганиш учун ҳокимлик ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тузди. Мазкур ишчи гуруҳ аъзолари мактабларга бориб, директорлар ва ўқитувчиларга босим ўтказаётгани айтилмоқда. Ҳокимнинг бу ҳаракати ҳукумат қарори, балки давлат раҳбари олиб бораётган сиёсатга зид.

Муратхан Эгамқулов

Навоий шаҳри ҳокими Муратхан Эгамқулов 2023 йил 21 феврал куни шаҳардаги умумтаълим мактаблари фаолиятини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ тузди.

Ишчи гуруҳ аъзоларининг аксарияти ҳокимлик ходимларидан иборат. Жумладан, ишчи гуруҳ раиси сифатида ҳоким ўринбосари И.Раҳматов, раис ўринбосари сифатида ҳокимлик Ташкилий-кадрлар гуруҳи етакчи мутахассиси М.Шодиев, ишчи гуруҳ котиби сифатида эса ҳокимлик етакчи мутахассиси Р.Хўжамуродов кўрсатилган. Ишчи гуруҳ аъзолари шаҳар ҳокими маслаҳатчиси Ф.Раҳмонов, шаҳар молия бўлими бошлиғи А.Ҳусанов, шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори ўринбосари К.Худайберганов ҳамда шаҳар мактабгача таълим бўлими кадрлар бўйича мутахассиси Н.Аҳмедовадан иборат.

Ҳужжатда ишчи гуруҳ аъзоларига Навоий шаҳридаги умумтаълим мактаблари фаолиятини ўрганиш натижалари юзасидан асослантирилган маълумот ва ҳужжатларни жорий йилнинг 28 феврал кунига қадар ҳокимликка тақдим этиши топшириғи қўйилган.

Ҳокимнинг мазкур ҳаракати Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 апрелдаги “Мактабгача ва умумтаълим ташкилотлари фаолиятини текшириш ишларини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига зид.

Мазкур қарор билан “Умумтаълим муассасалари фаолиятини текшириш тартиби тўғрисида”ги Низом ҳамда мактабгача ва умумтаълим муассасалари фаолиятини текшириш ваколатига эга бўлган давлат органлари ва ташкилотлари рўйхати тасдиқланган.

Юқоридаги Низомга кўра, рўйхатдаги давлат органлари мактабларда ўз вазифалари доирасида текширув ўтказишга ҳақли. Масалан, Ички ишлар вазирлиги ва унинг вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи махсус бўлинмалари ўқувчилар ўртасида назоратсизлик ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига амал қилинишини ўрганиши, вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, ижтимоий-педагогик реабилитация қилиш масалалари бўйича текширув ўтказиши мумкин.

Аммо ҳукумат қарори билан тасдиқланган Низом ва рўйхатда ҳокимлик кўрсатилмаган. Демак, шаҳар ҳокими ишчи гуруҳ тузиб, мактабларни текширишга ҳақли эмас.

Kun.uz манбасининг маълум қилишича, ҳоким тузган ишчи гуруҳ 22 феврал куни Навоий шаҳридаги 5-умумтаълим мактабига, 23 феврал куни эса 12-умумтаълим мактабига борган. Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан мактаб директорларига босим ҳам ўтказилаётгани айтилмоқда.

Улар мактабдаги ҳар бир соҳани тушуниб-тушунмай текширяпти. Шаҳар ҳокимлиги мактабларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўқитувчи ва ўқувчиларга шароит яратиш билан шуғулланса яхши бўларди”, — дея таъкидлайди исмини ошкор қилишни истамаган таълим соҳаси вакилларидан бири Kun.uz журналисти билан суҳбатда.  

Бу Муратхан Эгамқуловнинг таълим тизими ходимларига босим ва таҳдид қилган илк ҳолат эмас. 2021 йилнинг март ойида, Конимех тумани ҳокими лавозимида фаолият юритаётган пайтда маҳаллий кенгаш сессиясида туман Халқ таълими бўлими мудирига фаолияти бўйича жиноий иш қўзғатишини айтиб, таҳдид қилганди. У мазкур сессияда ҳам президент фармони талабларига зид иш тутган эди.

Навоий шаҳар ҳокимининг бу ҳаракати мамлакатда ўқитувчиларга, ўқитувчилик касбига қаратилаётган эътиборни орқага тортишдан ўзга нарса эмас. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳолатга эътибор қаратиши зарур.

Ангрен шаҳар прокурори мактаб ҳовлиси қордан тозаланмаганини танқид қилганда бунга жиддий эътироз билдирган вазир Ҳилола Умарова ушбу масалани ҳам беэътибор қолдирмаса керак, деб умид қиламиз.

Руслан Сабуров, Kun.uz

Мавзуга оид