Иқтисодиёт | 13:26 / 28.02.2023
55703
2 дақиқада ўқилади

Аи-80 бензин нархи ўзгармайди. Президент солиқ имтиёзини йил охиригача узайтирди

Аи-80 русумли автобензин маҳсулоти учун акциз солиғини «ноль» ставкада қўллаш муддати 2023 йил 31 декабрга қадар узайтирилди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда Аи-80 бензин нархи йил охирига қадар оширилмайдиган бўлди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати раҳбари хабар бермоқда.

«Президент қарори билан жорий этилган ва 2022 йил 10 декабрдан бошлаб амал қилаётган Аи-80 русумли автобензин учун акциз солиғини «ноль» ставкада қўллашнинг амал қилиш муддати эртага, 2023 йил 1 март куни якунига етиши керак эди.

Давлатимиз раҳбари томонидан бугун имзоланган қарорга мувофиқ, истеъмолчиларнинг нефт маҳсулотларига бўлган талабини қондириш ҳамда нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида импорт қилинадиган, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган ва тадбиркорлик субъектлари томонидан якуний истеъмолчиларга сотиладиган Аи-80 русумли автобензин маҳсулоти учун акциз солиғини «ноль» ставкада қўллаш муддати 2023 йил 31 декабрга қадар узайтирилди», дейилади хабарда.

  • Эслатиб ўтамиз, 2022 йил декабр ойида газ «заправка»лар фаолиятига чеклов қўйилиш ортидан бензинга талаб кескин ошиб кетганди. Шундан сўнг 2022 йил 10 декабрдан Аи-80 автобензини учун акциз солиғи нол ставкада қўлланиши ва биржада нархлар ўсиш даражаси чекланиши белгиланганди. Натижада шохобчаларда Аи-80 нархи бир литри учун ўртача 6800–7500 сўмдан 5700–6000 сўмгача (ўртача 1100 сўмга) арзонлашганди.
  • 2023 йил 27 феврал куни эса «Ўзбекнефтегаз» Аи-80 бензинини импорт ва реализация қилишдаги акциз солиғи бўйича вақтинчалик нол ставка муддати 1 март куни тугаши, шу кундан эътиборан чакана нарх 6800-7000 сўмга айланиши ҳақида маълум қилганди.

Мавзуга оид