“Дўконим ёпилди, тўйим бекор бўлди” – талабаларни ижарага қўяман деб чув туширган фирибгар
Онлайн ижара, интернетдан турли буюмлар харид қилиш жараёнида аҳолининг фирибгарларга дуч келиш ҳолатлари кўпайган. Тошкент шаҳар ИИББ аҳолини фирибгарлик қурбони бўлмаслик учун огоҳ бўлишга чақирди.
Ҳозирги кунда турли хил ижара, нарса ва буюмларни сотиш учун қўйилган эълонларга чув тушиш ҳолатлари кўп учраяпти. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари фуқароларини огоҳликка чақириб, фирибгарликнинг қайси усуллари кўпайгани ҳақида маълумот берди.
ИИББга кўра, Тошкент шаҳрида ўқишга келган талабаларнинг ижара уй оламан деб алданиб қолиш ҳолатлари кўп учрайди. Алданган талабалардан 2 нафари турли эълон сайтлари орқали ижара уй топаман деб алданиб қолгани ҳақида ИИББга хабар қилган.
Талабаларнинг айтишича, ижара уй гаплашиб бермоқчи бўлган фирибгар ўша уйга харидор кўплигини айтиб, талабадан тезроқ ўзининг пластик картасига пул ташлашни сўрайди.
"Пластигига пул ташлаб берганимдан кейин, эртасига уйни бориб кўриш учун ўша одамга қўнғироқ қилсам, рақамимни қора рўйхатга солиб қўйган. Шу билан уй эгаси билан қайта боғланолмадим", – дейди бир талаба.
Умуман алданиб қолган талабаларнинг кўпчилиги олдиндан тўлов қилгани, кўчиб ўтиш куни келганда эса улар гаплашган одам йўқолиб қолганини айтишмоқда. Ҳозир Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан айнан ўша талабаларни алдаган шахслар топилган. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қўлга олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Фирибгарлар ўз айбига иқрор бўлган.
"Аслида бўлмаган квартираларни қўйиб, олдиндан пул сўраб, пулни пластигимга ташлатиб олардим. Ва ўз эҳтиёжларимга ишлатиб юрардим", – дейди улардан бири.
Яна бири эса олган пули ота-онасидан узоқда, тергов хоналарига келиб ўтиришга арзимаслигини, 4 март куни тўйи бўлиши кераклиги ва айби фош бўлиб қолгани учун ҳам тўй бекор қилинганини айтади.
“Ҳамма нарса белгилаб қўйилган эди. Шу нарсаларни деб тўйим бекор бўлиб кетди. Иккита дўконим бор эди, битта дўконим ёпилди", –дейди талабаларнинг ижара пулини алдаб олган шахс.
Маълумот берилишича, уй ижарасидан ташқари iPhone русумли телефонни сотаётган фуқароларнинг ҳам алданиб қолиш ҳолатлари кўпайган. ИИББ ходимининг тушунтиришича, сотувчи iPhone русумли телефонини сотишга қўйгандан кейин, фирибгар харидор сифатида сотувчига алоқага чиқиб, ундан iCloud тизимини текшириб кўришни сўрайди. Харидор сотувчига ҳамма iPhone’ларда ҳам iCloud ишламаслигини айтади ва текшириш учун логин ва парол юборади. Логин ва парол терилганидан кейин, телефон йўқотилган телефон режимига тушади ва блокланади. Шундан кейин фирибгар сотувчидан блокдан очиш учун пул ўтказишини сўрайди. Шундай пайтда сотувчи ишониб пулни ўтказади. Пулни олган фирибгар эса йўқолиб қолади.
ИИББ юқоридаги ҳолатларга дуч келмаслик учун, фуқаролардан огоҳ бўлишларини сўраган.
Мавзуга оид
18:20 / 16.12.2024
Damasʼдан Kia Sonetʼгача: “Halol Avtolizing”чилар юзлаб одамни алдагани маълум бўлди
12:06 / 16.11.2024
“Биз тўғридан тўғри завод билан ишлаймиз”: Тошкентда 16 кунлик фирма одамларни “ҳалол лизинг”га машина олиб беришга ишонтирмоқда
16:21 / 11.11.2024
Тошкент шаҳри ҳавосини энг ёмон деб кўрсатган станция бузилиб қолди
14:14 / 24.10.2024