Жаҳон | 15:35 / 01.03.2023
19666
7 дақиқада ўқилади

Донецк областида жанглар, шаҳарлардан эвакуация давом этмоқда. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 370-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Россия дронлар ҳужумига учради. Туапседа икки дрон портлаши оқибатида «Роснефт» нефт базасида ёнғин чиқди. Яна бир камикадзе дрон Москва областидаги Коломне шаҳри ҳудудида «Газпром» компрессор станцияси атрофида қулаб тушган.
  • «Номаълум объект» туфайли Петербург ҳаво кенглиги маълум муддатга ёпиб қўйилди. Ҳавога қирувчи самолётлар кўтарилди, аммо ҳеч қандай шубҳали жисм аниқланмади. РФ мудофаа вазирлиги бу вақтда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари машғулотлари ўтказилгани ҳақида хабар берди.
  • Владимир Путин Россиянинг АҚШ билан тузилган стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш бўйича шартномадаги иштирокини тўхтатувчи қонунни имзолади. Бу нимани англатади?
  • Россия телеканаллари ва радиостанциялари эфирида «ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи тревога» сигналлари кетди. ФВВ ОАВ серверларига бузиб кирилгани ҳақида хабар берди.
  • Киев, Харкив, Лвив, Житомир, Одесса, Ивано-Франковскда ўзини «Рёдан ХҲК» субмаданиятига мансуб деб ҳисобловчи ўсмирлар иштирокида оммавий муштлашувларнинг олди олинди. Мамлакат ҳукумати бу россияликлар провокацияси деб ҳисобламоқда.

Кун кадри. Часив Ярдаги аёллар отишмадан кейин дераза ўрнини ёпишмоқда

Часив Яр — Донецк областидаги шаҳар бўлиб, Украина қуролли кучлари ушбу ҳудуд орқали Бахмутдаги кучларига таъминот етказиб беради. 28 феврал куни «ЛХР» кучлари қўмондонлиги Украина қўшинлари раҳбарияти Часив Ярга НАТО мамлакатларидаги полигонларда тайёрланган 350 нафарга яқин аскар ва 15 нафар зобитини ташлагани ҳақида хабар берди. Украина қуролли кучлари Бахмут йўналишига қўшимча кучлар юбораётгани ҳақида Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр ҳам хабар берганди. Бу йўналишдаги стратегик аҳамиятга эга бўлган Часив Яр шаҳри Россия томонидан мунтазам равишда ўққа тутилмоқда.

Dimitar Dilkoff / AFP / Scanpix / LETA

Северскдан эвакуация

Часив Яр каби Северск ҳам Донецк областидаги ҳарбий ҳаракатлар ичида қолган. Северск Бахмутдан ўтувчи йўллар кесишмасида жойлашган — бири Лиманга, бошқаси Россия қўшини оккупация қилган Лисичанск ва Северодонецкка борувчи йўллар. РФ армияси Северскни мунтазам равишда ўққа тутади, бунинг натижасида шаҳарда электр таъминоти йўқ, иссиқ сув узатиш чекланган. Украин ҳарбийлари бу ердаги аҳолини имкон қадар тез фурсат ичида олиб кетишга уринмоқда.

Северскда яшовчи кекса ёшли аёл эвакуация олдидан буюмларини йиғиштирмоқда. У шу вақтгача ертўлада яшаб келаётганди.
Lisi Niesner / Reuters / Scanpix / LETA
Северскдан эвакуация қилинаётган бола мушугини олиб кетмоқда
Lisi Niesner / Reuters / Scanpix / LETA
Северсклик аёл эвакуация олдидан ўз яқинлари билан хайрлашмоқда.
Lisi Niesner / Reuters / Scanpix / LETA
Северскда яшовчи киши ёнаётган бинога қараб турибди. Ёнғин россияликларнинг шаҳар бўйлаб берган зарбаларидан кейин бошланган.
Yevhen Titov / Reuters / Scanpix / LETA
Северскда яшовчи аёллар ўз уйини тарк этишдан бош тортмоқда
Lisi Niesner / Reuters / Scanpix / LETA

Бахмут учун жанглар

Украин ҳарбийлари Бахмутдан «стратегик чекиниш» амалга ошириши мумкин — бу ҳақда 28 феврал куни Украина президентининг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Олександр Роднянский CNN учун интервюсида маълум қилди. «Улар [Украина қуролли кучлари] ҳозирча шаҳарни тутиб туришибди, аммо агар талаб этилса, улар стратегик чекинишлари мумкин, чунки биз барча одамларимизни шунчаки қурбон қилиб юбора олмаймиз», — дея қайд этган Роднянский.

Президент маслаҳатчиси Украина армияси шаҳарни ташлаб чиққан тақдирда ҳам Россия кучлари тезлик билан олдинга силжий олмаслигини қайд этган. «Шубҳа қилманг, бизнинг қарши ҳужумимизга узоқ қолмади», — дея қўшимча қилган у.

Қуйида етти ойдан ошиқ вақт давомида қамал қилинаётган Бахмут кўчаларидаги вазият акс этган суратлар.

Alex Babenko / Reuters / Scanpix / LETA
Бахмут кўчаларидан бирида кетаётган украин ҳарбий техникалари
Yevhen Titov / Reuters / Scanpix / LETA
Alex Babenko / Reuters / Scanpix / LETA
Украиналик ҳарбий подъезд деразасидан атрофни кузатмоқда
Dimitar Dilkoff / AFP / Scanpix / LETA
Бахмутдаги уйлардан бирида россияликлар зарбасидан кейин чиққан ёнғин
Alex Babenko / Reuters / Scanpix / LETA
Alex Babenko / Reuters / Scanpix / LETA

Лиманда сапёрлар иши

Лиман — йирик темирйўл тугуни ва Донецк областидаги стратегик муҳим шаҳар. РФ мудофаа вазирлиги 2022 йил 28 май куни Лиман эгаллангани ҳақида хабар берганди, 30 сентябр куни эса шаҳар «ДХР» таркибида Россияга қўшиб олинди. Аммо кейинги кун, 1 октябрда Украина қуролли кучлари кузги қарши ҳужум давомида ушбу шаҳарни озод этишди. 2022 йил 28 февралида «ДХР» раҳбари Денис Пушилин Россия Лиманни «албатта қайтариши» ҳақида айтди. Ҳозирда шаҳарда сапёрлар иш олиб бормоқда.

Донецк области ФВВ сапёр отряди офицерлари Лиман атрофидаги қишлоқ йўли бўйлаб ҳаракатланмоқда. Йўл четида Россия армиясининг бу уруш вақтидаги рамзларидан бирига айланган «Z» ҳарфи акс этган фуқаролик машинаси ётибди.
Wolfgang Schwan / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Лиман атрофидаги дала майдонида қолдирилган мина
Wolfgang Schwan / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Мина излаётган украин сапёрлари
Wolfgang Schwan / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Wolfgang Schwan / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Wolfgang Schwan / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Минадан тозалаш жараёни вақтида портлашдан ҳосил бўлган олов
Wolfgang Schwan / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press

Мавзуга оид