Иқтисодиёт | 18:20 / 01.03.2023
37838
2 дақиқада ўқилади

“Туркистонбанк” банкрот деб топилди

Тошкент туманлараро иқтисодий суди қарори билан “Туркистонбанк” банкрот деб топилди. Банкни тугатиш комиссияси ҳам ўз фаолиятини якунлади.

Фото: Туркистонбанк

Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 15 февралдаги қарори билан “Туркистонбанк” банкрот деб топилди. Бу ҳақда Марказий банк ахборот хизмати хабар бермоқда.

“2023 йил 15 февралдаги Тошкент туманлараро иқтисодий судининг “Туркистон” хусусий акциядорлик тижорат банкини банкрот деб топиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори ва Марказий банк бошқарувининг тегишли қарорига асосан “Туркистон” хусусий акциядорлик тижорат банкини тугатиш комиссияси ўз фаолиятини тугатганлиги ҳамда суд томонидан А.Келдиев тугатиш бошқарувчиси этиб тайинланганлиги маълум қилинади”, дейилади расмий хабарда.

Маълумот учун, 2022 йилнинг октябрь ойида Марказий банкнинг тегишли қарори билан “Туркистонбанк” ва “Hi-tech bank”дан банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиялар олиб қўйилганди ва банкларни тугатиш комиссияси таркиби тайинланганди. Иккала банк томонидан “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 54- ва 77-моддаларида белгиланган қоидабузарликлар содир этилгани бунга сабаб сифатида келтирилган.

Лицензиялари бекор қилингач “Туркистонбанк"нинг 368 млрд сўм атрофида, “Hi-tech bank”нинг эса тахминан 5 млрд сўм аҳолидан қарздорлиги давлат ҳисобидан қайтарилган. 

Мавзуга оид