Ўзбекистон | 10:30 / 02.03.2023
54615
2 дақиқада ўқилади

Синоптиклар мартда об-ҳаво қандай бўлиши тўғрисида маълумот берди

Баҳорнинг биринчи ойи – март кириб келди. Ўзбекистонда март ойи ҳароратнинг кескин ўзгариб туриши, бунда ҳавони тез суръатларда исиш даврлари кескин совуқ даврлар билан алмашиниши, баъзида қисқа муддатга ёмғир қорга айланиши ва кечаси ҳарорат совуқ даражасигача пасайиши билан тавсифланади.

Фото: Kun.uz

«Ўзгидромет» маълумотига кўра, сўнгги 50 йил ичида 1972 йилнинг март ойи энг совуқ бўлган, ҳатто март ойининг учинчи ўн кунлигида ҳам ҳарорат кечалари –10...–15 даражагача пасайган.

Сўнгги йиллар Ўзбекистонда март ойида асосан илиқ об-ҳаво кузатилмоқда. 2008, 2016 ва 2018 йилларнинг март ойлари барча кузатув йиллари учун энг илиқ учликка кирди. Энг иссиқ кунларда ҳарорат +30...+32 даражагача, жанубда баъзи жойларда +35...+37 даражагача кўтарилган.

Ўзбекистонда март ойи – ёғингарчилик миқдори ва ёғингарчилик кузатилган кунлар сони бўйича йил давомида энг ёғингарчилик кўп бўладиган ой деб ҳисобланади. Шимолий ҳудудларни ва чўл зонасини ҳисобга олмаганда, март ойида ўртача 10 кундан 15 кунгача ёғинли кунлар кузатилади.

Бу йил март ойи жуда илиқ об-ҳаво билан бошланади. Март ойининг биринчи ўн кунлигида ҳаво ҳарорати кундуз кунлари +17...+22 даражагача, айрим кунларда +24...+27 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда +29 даражагача кўтарилади.

5–6 март кунлари ва ўн кунлик охирида республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ёмғир пайтида кундузги ҳаво ҳарорати бироз пасаяди, бундай ҳолатга қарамай, март ойининг биринчи ўн кунлиги меъёрдан нисбатан илиқроқ бўлади.

Март ойининг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида ҳарорат кечалари +7...+12 даражадан 0...+5 даражагача (баъзи жойларда –2 даражагача бўлиши мумкин), кундуз кунлари +20...+25 даражадан +10...+15 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда.

Иккинчи ва учинчи ўн кунликларнинг айрим кунларида (ҳар бир ўн кунликда 1–3 кундан) асосан ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлиши мумкин.

Мавзуга оид