Жаҳон | 16:15 / 05.03.2023
24901
9 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: Бахмут қуршовда қолиши мумкин, украинлар кетмаяпти

Украинанинг Донецк области Бахмут шаҳри кўчаларида украин ва рус ҳарбийлари ўртасида жанглар давом этмоқда, бироқ қамалдаги шаҳар мэри ўринбосари Россия шаҳарни ҳозирча ўз назоратига олмаганини таъкидламоқда. Мавжуд маълумотларга кўра, украин томони ўз имкониятлари тобора торайиб бораётганига қарамасдан, мудофаани сақлаб турибди.

 Бахмут вице-мэрининг айтишича, шаҳарда бирорта соғ бино қолмаган. Фото: Reters

Донбасснинг марказий қисмида жойлашган, урушгача 70–75 минг киши яшаган Бахмут сўнгги бир неча ой ичида Украина фронт чизиғининг энг қизғин нуқтаси бўлиб қолмоқда.

Шаҳарнинг шубҳали қийматига қарамасдан, Россия қўмондонлиги нима қилиб бўлса ҳам уни эгаллаш учун кўплаб аскарлар ва техникаларини шу ерга ташлаган, шаҳар штурмида иштирок этаётган «Вагнер» ёлланма жангарилар гуруҳи раҳбари Евгений Пригожин эса Бахмут тўлиқ қуршаб олиниши ҳақида бот-бот чиқишлар қилмоқда.

BBCга берган интервьюсида Бахмут шаҳри мэрининг ўринбосари Олександр Марченко жанглар шаҳарни нимага айлантирганини сўзлаб берди.

«Шаҳар амалда йўқ қилиб ташланган. Бирорта бутун бино қолмаган. Руслар ҳаммасига ўқ узишган, — деган Марченко. — Уларда шаҳарни сақлаб қолиш нияти йўқ. Уларнинг ягона мақсади — одамларни қириш, украин халқини геноцид қилиш».

Шаҳарда репортёрлари ишлаётган Associated Press агентлиги маълумотларига кўра, шанба куни вақтинчалик кўприк орқали Бахмутдан чиқиб кетишга уринган бир аёл ўлдирилган, икки эркак яраланган. Маҳаллий аҳолига шаҳардан чекинишига ёрдам бераётган Украина ҳарбийларининг айтишича, отишмалар туфайли фуқаролар шаҳарни машиналарда тарк этиши жуда хавфли бўлиб қолган, шу сабабли одамлар пиёда чиқиб кетишга мажбур бўлишмоқда.

Марченконинг сўзларига кўра, Бахмутда айни пайтда 4–5 мингга яқин фуқаролар бор. Улар газ, электр ва сувсиз бошпаналарда жон сақлашмоқда.

«Инсонпарварлик ёрдами ойига бир марта келиб турибди. Свет ҳам, газ ҳам, сув ҳам йўқ. Бу ерда қолганлар тирик қолсин деб Худога илтижо қилиб ётибмиз», — дейди маҳаллий турғун Наталя Ишкова. У турмуш ўртоғи билан катта қисми вайронага айланган шаҳарда қолишга қарор қилган.

AP мухбирлари шанба куни Украина ҳарбийлари томонидан тикланган, Бахмутда қолаётган тинч аҳоли қўшни Хромове посёлкасига етиб олиши учун мўлжалланган понтон кўпригини кўришган. Шундан сўнг Хромоведа Россия қўшинлари ўт очиши натижасида бешта уй ёнган.

«Россияликлар ишлатаётган тактика бу кулини кўкка совуриш тактикаси. Улар Мариуполни йўқ қилгандек, Бахмутни ҳам яксон қилишмоқчи», — дейди Олександр Марченко.

«Қимматга тушган ғалаба»

Агар Россия ҳарбийлари кўп ойлик уринишлар ва йирик йўқотишлардан сўнг Бахмутни эгаллашса, бу 7-8 ой ичида жанг майдонида бирор арзирли натижага эришмаган Москва учун улкан сиёсий ва пропагандистик ғалаба бўлади. Бироқ шаҳарни эгаллашнинг стратегик моҳияти кўпчиликда савол уйғотмоқда. Бой берилган инсон ресурси масаласи ҳам бор.

«Агар руслар шаҳарни эгаллашса ҳам, улар учун бу қимматга тушган ғалаба бўлади», — деган BBC’га интервюсида НАТОнинг Европадаги бирлашган қуролли кучлари олий бош қўмондонининг собиқ ўринбосари генерал Ричард Ширрефф.

 70–75 минг киши яшаган Бахмутда ҳозир 4 мингга яқин тинч аҳоли қолган. Фото: Reuters

Бахмут учун жанглар минглаб рус ҳарбийларининг ёстиғини қуритди. Украина қўмондонлиги ҳисоб-китобларига кўра, Россия бу ерда ҳар куни 7-8 баробар кўпроқ аскар йўқотмоқда. Бундай таққосни мустақил экспертлар ҳам қайд этишмоқда.

Шаҳарни штурм қилишга бир неча ойлик уринишлардан сўнг «Вагнер»даги ёлланма жангарилар Бахмутнинг катта қисмини қуршаб олишга муваффақ бўлганга ўхшаяпти.

Британия разведкасининг маълумотларига кўра, Украина қўшинларининг ўз жангчиларини қурол-яроғ, ўқ-дори ва аслаҳалар, озиқ-овқат билан таъминлаши тобора чекланиб бормоқда.

Украина қўмондонлиги бу ерга элита қисмларини ташлаб, муҳим кўприкларни портлатиб шаҳар мудофаасини кучайтирмоқда, бироқ рус қўшинлари секин-аста шаҳарга яқинлашмоқда.

«Бахмутни ҳимоя қилаётган Украина кучлари катта ва секин-аста ортиб бораётган сиқув остида; интенсив тўқнашувлар шаҳарнинг ўзида ҳам, унинг атрофида ҳам рўй бериб турибди», — деб ёзади Британия Мудофаа вазирлиги разведкаси.

Британия таҳлилчиларининг маълумотларига кўра, Россия армиясининг мунтазам қисмлари ва «Вагнер» гуруҳи ёлланма жангарилари шаҳарнинг шимолий қисмидаги, уч томондан зарбага дучор бўла бошлаган Украина мудофаа истеҳкомидан ёриб киришга муваффақ бўлишган.

Американинг Урушни ўрганиш институти (ISW) экспертлари Украина Бахмутнинг мураккаб аҳволдаги қисмларидан қўшинларни олиб чиқишга тайёрланмоқда, деб ҳисобламоқда.

Шанба куни Бахмут атрофидаги вазиятни Украина Қуролли кучлари шарқий жамланмаси вакили Сергий Череватий ҳам оғир, бироқ назорат остида, дея баҳолаган.

Череватийнинг сўзларига кўра, ўтган сутка ичида Бахмут ва унинг ён атрофларини россияликлар 131 марта ўққа тутишган. «Қўмондонлигимиз ва шахсий таркиб аҳоли пунктини ҳимоя қилиш ва душманга максимал зарар етказиш бўйича қўлидан келганини қилмоқда», деган Череватий.

«Бахмутдаги ҳар бир соат дўзахга ўхшайди. Душман бир ҳафта муқаддам шаҳарнинг шимолий ва шимолий-ғарбий қисмида муваффақият қозонган. Украина аскарлари қаршилик кўрсатишмоқда. Сўнгги кунлар ичида қизғин меҳнатимиз сабаб фронт чизиғи барқарорлашди», — деган «Свобода» батальони қўмондони ўринбосари Володимир Назаренко.

Бахмутдан жануброқда Украина кучлари русларнинг Константиновка-Бахмут йўлига ҳужум қилишдан қайтариш учун жон куйдиришмоқда, дея қўшимча қилган у.

Назаренконинг сўзларига кўра, Россия ҳарбийларининг захиралари тугамоқда ва улар тартибсиз отишмаларга ўтишган. Лекин шу ҳолда ҳам улардаги снарядлар сони Украина армиясиникидан кўпроқ, деган у.

Ушбу ҳафта бошида Украина президенти Володимир Зеленский Бахмутдаги вазият мураккаблигича қолаётганини таъкидлаган эди.

Жума куни ҳафта ичида иккинчи марта Бахмутдаги фронт олд чизиғига Украина ҚК шарқий қўшинлар жамланмаси қўмондони Олександр Сирский борди.

«Бахмут йўналишида душман шаҳарни қуршаб олишга бўлган уринишларини бас қилмаяпти. Сўнгги сутка ичида ҳимоячиларимиз Васюкивка, Дубово-Василйивка ва Бахмут аҳоли пунктларида кўплаб ҳужумларни бартараф этишди», — дейилади Украина ҚҚ бош штабининг кечки маълумотида.

«Еримизнинг ҳар бир қаричи учун»

«Биз душманга еримизнинг бир қаричини ҳам бермаслигимиз керак, — деган Бахмут мэри муовини Олександр Марченко. — Биз ўз ерларимизни, одамларимизни ҳимоя қилишимиз, шу ернинг одамлари қурган корхоналарни асрашимиз керак».

«Уларга буларни топширмаслигимиз кераклиги бош сабаби шуки, руслар босиб олганидан сўнг бу ерлар устидан назоратни қайтариб олиш жуда қийин бўлади», — деган Марченко.

Бахмутни штурм билан эгаллаш учун кўп ойлик уринишларда минглаб ҳарбийлар ҳалок бўлишди. Фото: Reuters

Январ ойида кўп қон тўкилган урушлардан сўнг Россия Донбассдаги Соледар шаҳрини эгаллади. У Бахмутдан 10 км шарқроқда жойлашган. Украина мудофаадан чекиниб, ўз қўшинларини олиб чиққан паллада шаҳар рус қўшинларининг мунтазам ўқ ёғдиришлари сабабли тамоман вайронага айланиб улгурганди.

Жума куни Зеленский Украина армияси учун энг дастлабки эҳтиёж снарядлар ва артиллерия эканини таъкидлаб ўтди.

«Артиллерия — бу бизга зарур бўлган биринчи рақамли нарса. Россияни тўхтатиш учун катта миқдордаги артиллерия тизимлари, аслаҳалар, снарядлар ҳам керак. Биз уларнинг ҳудудига ҳужум қилмоқчи эмасмиз, уларни ўз ерларимиздан улоқтириб ташламоқчимиз», — деган Украина президенти.

Жума куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Украинага 400 млн долларлик янги ёрдам пакетини эълон қилди. Пакетга, жумладан, HIMARS қурилмалари ва гаубицалар учун, шунингдек, Bradley пиёдалар жанговар машиналари учун ўқ-дорилар ҳам киритилган.

Эслатма: Уруш шароитида жанг қилаётган томонларнинг баёнотлари ва маълумотларни тезкор текшириш ва тасдиқлаш имкониятига эга эмасмиз. 

Мавзуга оид