Жаҳон | 09:59 / 06.03.2023
12420
2 дақиқада ўқилади

Киев Россия ҳарбийлари томонидан жинсий зўравонлик бўйича 171 та ҳолатни тергов қиляпти

Украина Бош прокуратураси нафақат аёллар, балки эркаклар ва болалар ҳам жинсий зўравонликка учраганини таъкидлади. БМТ маълумотларига кўра, жинсий зўравонлик қурбонларининг ёши - 4 дан 82 гача.

Фото: variant.ua

Украинада Бош прокуратура Россия аскарлари томонидан уруш пайтида Украина аҳолисига нисбатан содир этилган жинсий зўравонлик бўйича 171 та ҳолат юзасидан тергов олиб бормоқда, деб маълум қилди мамлакат президентининг рафиқаси Олена Зеленская Лвивдаги United for Justice конференциясида. Ушбу нутқ видеоси 4 март, шанба куни унинг Telegram-каналида эълон қилинди.

«Бу кўрсаткич ортида нафақат аёллар бор. Қурбонлар орасида 39 нафар эркак, 13 нафари вояга етмаганлар, жумладан, ўғил бола ҳам бор. Асосийси - биз бу ҳолатлар ҳақида фақат ўша одамлар ўзида гапиришга куч топгани учун билдик. Қанчадан-қанча одамлар индамай қийналмоқда, айниқса, босиб олинган ҳудудларда, биз буни билмаймиз», деди Зеленская.

Украина президентининг рафиқаси, шунингдек, Бош прокуратура томонидан тергов қилинаётган жинсий зўравонликнинг алоҳида ҳолатлари ҳақида гапирди. Шундай қилиб, унинг сўзларига кўра, Херсон вилоятида рус ҳарбийлари қурол ишлатиш билан таҳдид қилиб, 62 ёшли аёлни бир неча бор зўрлаган.

Киев вилоятида рус аскарлари қиз ва унинг онасини зўрлаган, отаси эса калтакланган ва нима бўлаётганини кузатишга мажбурланган. Киев вилоятидаги яна бир оила – онаси, қизи ва набираси икки ҳафта давомида рус ҳарбийлари томонидан зўравонликка учраган. Олена Зеленская барча жабрланганларга психологик ёрдам кўрсатилаётганини таъкидлади.

Январь ойи охирида Украина Бош прокуратураси Россия ҳарбийларига нисбатан жинсий зўравонликнинг 155 та ҳолатини қайд этганини маълум қилди. Ушбу жиноятларнинг аксарияти Херсон ва Киев вилоятларида аниқланган - мос равишда 65 ва 52 та.

Сентябрь ойида Россиянинг Украинадаги уруш жиноятлари тўғрисида маълумот йиғувчи БМТ жинсий зўравонлик қурбонлари ёши 4 ёшдан 82 ёшгача бўлганини маълум қилди.

Мавзуга оид