Жамият | 21:16 / 06.03.2023
41499
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда фуқароларга зўрлик ишлатиб улардан пул талаб қилиб келган спортчилардан иборат жиноий гуруҳ ушланди

Фуқароларни тунаган ва уларга нисбатан товламачилик қилиш билан шуғулланиб келган гуруҳга 25-30 ёшлар атрофида бўлган аёл бошчилик қилган.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, 22 ёшли йигит вилоят ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, ўзига нисбатан товламачилик қилаётган шахсларга қонуний чора кўришни сўраган.

Унинг аризасига кўра, Жомбой туманида яшовчи 25-30 ёшлардаги аёл одамларнинг ишончига кириб, шаҳвоний уйдирмалар уюштирган. 2-3 нафар спортчи йигитлардан иборат жиноий гуруҳ тузиб, фуқароларни қўрқитиб яланғоч ҳолда тасвирларга туширган ва улардан товламачилик йўли билан пул талаб қилиб келган.

Мазкур гуруҳ мурожаатчи йигитни ҳам шантаж қилиб, ундан ёзган тилхати, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва автомашинаси техпаспортини қайтариб олиши эвазига 1 500 доллар сўраган.

Мазкур аризага асосан Самарқанд вилоят ИИБ Тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбирда аёл ҳамда унинг шериклари жабрланувчи йигитдан 1 500 доллар олиб, унинг қарздорлик тилхати, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва техпаспортини қайтариб бераётган вақтда далилий ашёлар билан ушланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Дастлабки суриштирувда аёлнинг жиноий шериклари спортнинг турли яккакураш турлари билан шуғулланган спортчилар бўлиб, улар бошқа кўплаб жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этгани аниқланган.

Қайд этилишича, жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг бир неча моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид