Ўзбекистон | 22:08 / 07.03.2023
41946
2 дақиқада ўқилади

Электрни ўчирувчи, алоқани узувчи, ҳисоблагичларни бузувчи магнит бўронлари кутиляптими?

Интернетда 8 март кунидан магнит бўронлари бошланиши, 25 мартга қадар 3-4 балл атрофида кузатиладиган геомагнит тебранишлари 26 март кунига келиб, хавфли 7 баллга етиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар тарқалмоқда. Kun.uz бу хабарларнинг ҳақиқатга қанчалик яқинлиги ва магнит бўронларининг оқибатлари билан қизиқди. 

Бу фикрлар қанчалик асосли?

"Ўзгидромет" ходими Эркин Абдулаҳадовнинг Kun.uz'га маълумот беришича, магнит бўрони прогнози телескоплар ва космик йўлдош маълумотларини таҳлил қилишга асосланган. Шу билан бирга, қуёш тожининг мавжуд пайтдаги реал ҳолати, қуёш фотосферасидаги жараёнлар чуқур таҳлил қилинади. Энг аниқ прогнозлар кейинги икки кунлик давр учун ишлаб чиқилади.

Магнит бўронлари ҳақида маълумот берувчи халқаро платформаларда ҳам фақат 3 кунлик тахминий кўрсаткичлар берилаётганини кўриш мумкин.

Бундан хулосалаш мумкинки, магнит тебранишлари ўзгаришлари бўйича ойлик прогнозлар ўзини оқламайди ва ҳақиқатдан узоқроқ бўлиши мумкин.

Магнит бўронларининг салбий таъсирлари

Магнит бўронларининг 5-6 баллдан юқори бўлган ва хавфли саналадиган даражалари нималарга олиб келади? Эркин Абдулаҳадовга кўра, инсон саломатлигидаги салбий ўзгаришлардан ташқари, юқори кучга эга магнит майдонлари электр таъминоти, телефон алоқаси, телевидение, интернет, GPS-навигатор тизимларидаги узилишларга ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Шунингдек, тез ўзгарувчан магнит майдонлар сув ва газ ҳисоблагичларининг нотўғри ишлашига, қувурларнинг тез коррозияга учрашига ва ҳатто инсонлар ҳамда сутэмизувчиларнинг радиациядан зарарланишига ҳам олиб келиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Тавсиялар

Магнит тебранишлари кузатиладиган кунларда мутахассислар кунлик 7-8 соатли уйқу, суткалик энг камида 2 литр сув ичиш ва фаол жисмоний ҳаракат ёки спорт машқларини бажариш, душ қабул қилиш, очиқ ҳавода сайр қилишни тавсия этади.

Овқат рационидан эса ёғли ва аччиқ овқатларни олиб ташлаш, қаҳва миқдорини камайтириб, ўсимликлардан тайёрланган чой истеъмол қилиш лозим.

Мавзуга оид