Камбағалликка қарши ислом молияси
Умуммиллий масала бўлгани сабабли, камбағалликка барҳам беришда жамиятдаги мавжуд потенциалнинг ҳаммасини амалиётга жорий қилиш зарур. Ислом молияси бу борада катта имкониятларни тақдим этади.
Камбағаллик – озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошпана каби асосий эҳтиёжларни қондириш учун пул, моддий имкониятларнинг етарли эмаслиги. Қашшоқлик эса пулнинг етишмаслигидан кўра кенгроқ маънони англатади. Жаҳон банкининг таърифига кўра, қашшоқлик – очлик, бошпана етишмаслиги, касал бўлиб, шифокорга мурожаат қила олмаслик, мактабга бормаслик, сифатли таълим ололмаслик, ишлаб даромад топа олмаслик, умидсизлик, бир кун учун курашиб яшашдир.
Камбағалликнинг ортиши жамиятда харажатларнинг ортиши эвазига иқтисодиётга таъсир кўрсатади. Пандемиягача қашшоқлик ва камбағалликни қисқартириш соҳасида қисман бўлса-да ижобий натижаларга эришилаётган эди, пандемиядан сўнг салбий кўрсаткич ортди.
Ўзбекистонда ҳам қашшоқлик ва камбағалликка қарши бир нечта дастурлар амалга оширилмоқда, ижобий тажрибалар амалиётга татбиқ этилмоқда. Бироқ бу бюджет маблағлари эвазига ёки маълум бир инвестицияларни жалб қилиш билан ҳал бўладиган муаммо эмас. Умуммиллий масала бўлгани сабабли, камбағалликка барҳам беришда жамиятдаги мавжуд потенциалнинг ҳаммасини амалиётга жорий қилиш зарур.
Ислом молияси – ижтимоий жамият молияси
Ўзбекистон аҳолисининг 94 фоиздан ортиғи – мусулмонлар. Ислом динига эътиқод қилувчилар кўп бўлган жамиятларда қашшоқлик ва камбағалликни қисқартириш учун, ҳар қандай бошқа жамиятдан кўра самаралироқ курашиш имконияти бор.
Исломда ночорликдан халос бўлиш учун энг муҳим омиллар сифатида ҳалол меҳнат қилиш, қариндошлик ҳақлари, закот, закотдан ташқари мажбуриятлар, ихтиёрий садақалар ва эҳсонлар қилиш орқали жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш келтириб ўтилади. Ўзаро молиявий муносабатларни тартибга солиш бўйича Қуръони карим, ҳадисларга асосланган батафсил кўрсатмалар берилган. Ҳозирги кунда Ислом молияси хизматларини жорий қилиш нафақат камбағалликка қарши курашишда, балки жамиятнинг барқарор ривожланишида ҳам муҳим ўрин тутиши ўз исботини топмоқда.
Ислом молияси бўйича баъзи ғарблик етакчиларнинг фикрлари қуйидагича:
“Ислом молияси, умуман олганда, мамлакатларда молиявий баркарорликни таъминлаш потенциалига эга, чунки унинг рискларни тақсимлаш хусусияти молиявий қарздорликни камайтиради, молиялаштириш эса аниқ бир активларга боғланган ва шу сабабли тўлиқ кафолатланган”. — Халқаро валюта фонди собиқ раҳбари, Кристин Лагард
“Лондон аллақачон Ислом дунёсидан ташқаридаги энг йирик исломий молиялаштириш марказига айланиб бўлган. Бугун бизнинг олдимизга қўйган мақсадимиз ушбу соҳада яна олдинга интилишдир. Мен Лондонни фақатгина Ғарб дунёсидаги Ислом молияси маркази сифатида эмас, балки Дубай билан ёнма-ён, дунё исломий молиялаштириш маркази сифатида кўришни хоҳлайман” . — Чарлс, Уэлс шаҳзодаси
“Ислом молиясининг асосий шартлари – унинг пул маблағларини мутаносиб ва адолатли тақсимлаш тарафдори эканидан далолат беради. Дунё глобаллашувининг вазифаси, бу – дунёни инсоният учун яхшироқ қилиш, жамиятларнинг барча қатламлари учун тинчлик, тараққиёт ва фаровонликнинг янги халқаро тартибини яратишдан иборатдир. Ислом молияси ушбу масалаларни ҳал қилиб бера олади.” — Жаҳон банки
Ислом ижтимоий молияси
Ислом ижтимоий молияси (ИИМ) садақа, закот, вақф, қарзи ҳасана каби молиявий тушунчаларни ўз ичига олиб, шаръий ахлоқ ва адолат меъёрларига асосланади.
Ислом дини бойларни, тадбиркор инсонларни, амалдорларни сахий бўлишга, ўзларига синов тариқасида берилган омонат бойликларни яхшиликка, ҳалол ишларга сарфлашга ҳамда бойликларини адолатли тақсимлашга буюради. ИИМ моддий жиҳатдан қийналган, камбағал оилаларга ёрдам бериш орқали уларнинг жамиятдаги ўрнини тиклайди ҳамда уларнинг янада ночорлик ботқоғига ботиб, заифлашиб кетишининг олдини олади.
Закот – фарз қилинган молиявий ибодат. Мусулмон кишининг мол-мулки нисобга (маълум бир белгиланган миқдор, чегара) етганда у бойлигининг 1/40 қисмини закотга ажратиши лозим. Закот жуда катта имкониятларга эга молиявий инструментдир, агар мусулмонлар унинг фарзлигини жиддий англаб, мулкларини поклаб, ажр ва барокот умидида нисобга етган мулкларидан ҳар йили закот ажратиб борсалар, жамиятда камбағаллар ва муҳтожларнинг кескин камайишига сабабчи бўладилар. Чунки закот, камбағалларнинг тирикчилигини таъминлаш билан чекланиб қолмайди, балки уларни бойитишга ҳам қаратилади.
2021 йилда Малайзияда 1,15 миллион закот берувчи томонидан 828,67 миллион ринггит (тахминан 190 млн долларга яқин) закот ва фитр садақа берилган. Малайзия, Индонезия, Миср ва бошқа кўплаб Яқин Шарқ мамлакатларида закот маблағларини тақсимлаш ҳукумат ва нодавлат ташкилотлари орқали институционализация қилинган. Яъни закот берувчилар ва олувчилар институционал тизимдан фойдаланмоқда.
Вақф – кўчмас ва кўчар мулкни ушлаб қолган ҳолда, муассис томонидан белгиланган имтиёз ва шартлар асосида ўз даромадларини доимий равишда жамоат ёки оилавий эҳтиёжларни қондириш учун сарфлаш йўли билан ташкил этилган молиявий хайрия ҳаракатидир. Мулк вақф сифатида яратилганидан кейин у ҳеч қачон ҳадя қилинмайди, меросга берилмайди ҳамда сотилмайди. У Aллоҳ таолонинг мулки бўлиб, вақф мулки сифатида сақланиб қолади.
Вақф мулклари ҳам жуда катта моддий имкониятларга эга молиявий институт ҳисобланади, вақф мулкларини бошқарадиган масъул мутахассислар ушбу мулкларни энг самарали ишларга йўналтирадилар. Инсонларни ўз мулкларини жамоат манфаати учун хайр-эҳсон қилишга тарғиб этиш орқали жамиятда ижтимоий барқарорликка эришилади, табақалашувнинг олди олинади, монополияларга чек қўйилади, соғлом рақобат вужудга келади.
Садақаи жория – савоби доимий оқиб турадиган хайрли амал, хайрли иш. Халқ учун хизмат қиладиган манфаатли иш. Вақф қилувчилар бу дунёда ҳам, охиратда ҳам савоб олиб турадилар.
Вақф мусулмон жамиятларида муҳим рол ўйнайди. У жамиятда кўрсатиладиган турли хизматларининг асосий манбайи бўлиб келган. Вақф шариат тақиқламаган барча турдаги хайрли ишларда инсоният манфаати учун хизмат қилади. Булар – таълим (боғча, мактаб, университет, талабалар ётоқхонаси), соғлиқни сақлаш (касалхоналар, санаторийлар), ҳалол туризм (меҳмонхона) масжид-мадрасалар қурилиши ва уларни қўллаб-қувватлаш, илм аҳлини моддий қувватлаш, инфратузилмаларни яратиш кабилардир.
Вақф мусулмон мамлакатларида барқарор даромад олиш ва қашшоқлик даражасини пасайтиришда тарихан муваффақият қозонган. Ҳозирги кунда Туркия, Кувайт, Малайзия, Индонезия, Покистон, Бангладеш, Сингапур, баъзи Африка давлатларида ҳамда араб давлатларида вақф институтлари тизимли ишлаб келмоқда. Бу – вақф мулкчилиги қонунчилик асосларининг яратилгани ва ҳукумат даражасида эътибор қаратилишидан.
Вақфлар кўчмас мулк (бино ва иншоотлар, экин майдонлари) ва кўчар мулк (нақд пул, асбоб-ускуналар, станоклар) кўринишида бўлиши мумкин. Улардан фойдаланганда, мулкнинг асли йўқолмайди, аммо фойдаси сарфланади.
Қуйида нақд пул вақфи ва унинг камбағалликни қисқартиришдаги ўрни бўйича қисқача тўхталиб ўтамиз.
Нақд пул вақфи ер ва мулк тури каби машҳур бўлмаса-да, аста-секин кенг жамоатчилик эътиборини қозонмоқда. Нақд пул вақфининг мослашувчанлиги вақфнинг потенциал фойдасини уларнинг географик жойлашувидан қатъи назар, камбағалларга тақсимлаш имконини беради. Нақд пул вақфи камбағалликни бартараф этиш стратегияларида қўлланиши мумкин бўлган истиқболли самарали воситалардан бири сифатида белгиланган.
Қашшоқликни юмшатиш дастурлари катта миқдордаги маблағни талаб қилади, бунда ҳукумат ягона молиялаштириш манбайи бўла олмайди. Шу боисдан, бу ерда вақф фонддаги ўз ролини ўйнаши мумкин.
Вақф фондлари васийлари маблағларни вақфдан (вақф асосчиси) йиғиб, пулни реал секторга ёки исломий инвестиция фондларига инвестиция қиладилар. Бу инвестициядан олинган даромадлар кенг жамоатчиликка фойда келтирадиган ташаббусларни, жумладан, қашшоқликни бартараф этиш дастурларини молиялаштириш учун ишлатилиши мумкин. Йиғилган нақд пул вақф маблағларига савдо масканлари, бозорлар, меҳмонхоналар барпо қилиш мумкин, бу эса бўш иш ўринлари ва даромад манбаларини яратади.
Мисол учун, Малайзиядаги Hotel Grand Puteri, Hotel the Regency Seri, Hotel Pantai Puteri вақф меҳмонхоналари нақд вақф маблағлари ҳисобига қурилган бўлиб, кўплаб иш ўринлари яратди. Бундан ташқари, меҳмонхонанинг ташкил этилиши атрофдаги туризм индустриясининг ривожланишига ҳам сабаб бўлади. Бу эса ўз навбатида ҳунармандчилик, заргарлик каби даромад келтирувчи фаолият турларининг ҳам ривожланишига замин яратади.
Бундан ташқари, нақд пул вақфи пул оқими билан боғлиқ муаммоларга дуч келган таълим муассасаларига захира фондини яратиш орқали ёрдам бериши мумкин. Нақд пул вақфи таълим даргоҳларининг ҳукуматга қарамлигини камайтириш билан бирга, молиявий мустақилликка эришишни таъминлайди. Бу эса, олий таълим муассаларини диққат-эътиборини иқтидорли ёшларни танлаб олиб, уларни вақф маблағлари (endowment) эвазига моддий таъминлаб, жамият учун фойдаси тегадиган етук мутахассисларни тайёрлаб беришга қаратишга ҳамда ўз мавқеларини кўтаришга замин яратади.
Таълим соҳасида нақд вақфдан фойдаланишнинг ёрқин намунаси Мисрдаги Aл-Aзҳар университетидир (милодий 975 йил ташкил этилган). Aл-Aзҳар университети нақд вақф ҳисобидан қурилган. Туркияда 70 га яқин олий таълим муассасаларининг вақф фонди молиялаштирилишига асосланган. Сингапурда нақд пул вақфининг ноёб лойиҳаси амалга оширилган, унга кўра иш ҳақидан вақф учун ташаббуси амалга оширилиб, тахминан 130 миллион Сингапур доллари йиғишга муваффақ бўлинди. Натижада, Сингапур бўйлаб 22 та масжид барпо этилди. Бангладешда нақд пул вақф фондидан фойдаланган ҳолда ижтимоий инвестиция банки очилган. Банк қашшоқлик ҳолатида бўлганларга тадбиркорлик фаолияти орқали турмуш даражасини яхшилашга ёрдам бериш учун микромолиялаш воситаларини тақдим этади.
Қарзи ҳасана – закот ва садақа билан бир қаторда, исломда даромад ва бойликни бойдан камбағалга тақсимлаш воситаларидан бири.
Қарзи ҳасана, “фоизсиз хайрли қарз” сифатида ҳам тилга олинади. Мақсади – Aллоҳнинг розилигини қозониш бўлган киши қарзи ҳасанани муносиб номзодга (муҳтож, эҳтиёжманд кишига) беришдан юз ўгирмаслиги лозим. Қарзи ҳасанада, қарз берувчи (кредитор) бу ихтиёрий қарздан ҳеч қандай даромад кутмайди ва ҳатто қарздорни ўз хоҳишига кўра аниқ муддат ичида қайтаришни талаб қилмайди, аммо қарздорда маънавий мажбурият бўлади: имкон бўлиши билан уни қайтариши керак. Лекин у ўзининг бор куч-ғайрати ва яхши ниятига қарамай, иқтисодий қийинчиликлар туфайли уни тўлай олмаса, кредитор қарздан воз кечади.
Камбағал одамлар қарзи ҳасана орқали молиялаштирилса, муносиб ва тежамкор тарзда даромад келтирувчи иқтисодий фаолият билан шуғулланиш имкониятига эга бўладилар. Бу амалиёт муҳим ижтимоий капитални яратади, чунки у жамиятнинг барча қатламлари ўртасида ишонч ва ҳамжиҳатликни кучайтиради. Шундай экан, қарзи ҳасанани тарғиб қилиш орқали кўпроқ ҳамкорлик ва ғамхўр жамият қуриш мумкин.
Кичик бизнес ва стартаплар қарзи ҳасана томонидан қўллаб-қувватланиши мумкин. Қарз олувчилар қарзларини келишилган муддатда бўлиб-бўлиб тўлашлари мумкин. Ушбу молиялаштиришнинг фоизсиз экани, уларнинг енгил мажбурият юки эвазига тезроқ оёққа туришига кўмак беради.
Бунинг амалга ошиши учун уни институционализация қилиш жуда муҳимдир. Одамлар қарзи ҳасанага асосланган муассасадан ўз савияси, малакаси ва тажрибасига кўра фоизсиз кредит олиб, самарали фаолият билан шуғулланишлари мумкин. Муассаса, қарз олган инсонларга тадбиркорлик маҳоратини ўргатиши, иқтисодий ва молиявий саводхонлигини ошириши ҳамда уларга доимий равишда маслаҳат бериб туриши мақсадга мувофиқ бўлади. Натижада, улар қашшоқликдан қутулиб, жамиятдаги иштироклари фаоллашади.
Исломий микромолиялаштириш
Ислом микромолияси фоизсиз кредитлар (қарзи ҳасана) концепцияси ҳамда бизнес (ёки иқтидор) ва инвесторлар ўртасида маблағларни сафарбар қилиш ғоясига асосланади. Исломий микромолиялаштиришда вақф ва закотдан молиялаштириш манбалари сифатида ҳам фойдаланиш мумкин.
Исломий микромолиялаштириш ижара, савдо (муробаҳа ва истисна) ва шериклик (мушорака ва мудораба) исломий шартномалар асосида ҳам амалга оширилиши мумкин. Хусусан, мудораба ва мушорака капиталга асосланган шартномалар бўлиб, унда томонлар келишилган нисбатга мувофиқ фойдани бўлишадилар. Бунда кам маблағ эгалари шериклик орқали ёки маблағи бўлмаса-да иқтидор эгалари сифатида бизнес бошқарувчи бўлиб ислом молияси афзалликларидан баҳраманд бўлиши мумкин. Муробаҳага кўра, микромолиячилар активлар ёки асбоб-ускуналарни сотиб олиб, сўнгра активни микромолиявий қарз олувчига устама қўшиб сотадилар.
Микромолиялаштириш жамиятнинг қуйи даражасигача етиб борувчи ва уларга молиявий ёрдам кўрсатувчи молиявий инклюзивлик тизимининг бир қисмидир. Мамлакат иқтисодиёти барқарорлигини ҳамда инклюзив молия тизимини яратишда исломий банклар, такафул ислом суғуртаси, сукук қимматли қоғозлари ҳам муҳим ўрин тутади. Ислом молиясининг ривожланиши анъанавий молия бозорига соғлом рақобат муҳити яратади ва унга салбий таъсир кўрсатмайди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистон ислом молиясини ривожланиши учун юқори потенциалга эга бўлиб, ҳаттоки Марказий Осиёда ислом молияси ҳаби бўлиши ҳам мумкин. Ислом молиясини жорий қилиш орқали у келтирадиган манфаатлардан баҳраманд бўлиш, нафақат мусулмонлар учун, балки миллати ва эътиқодидан қатъи назар барча миллат ва элатлар учун фойдали бўлишини бугунги кун жаҳон тажрибасидан кўриш мумкин.
Искандар Турсунов,
INCEIF – Ислом молияси халқаро университети магистранти,
ислом молияси мутахассиси
Kun.uz колумнистларни ҳамкорликка чорлаб қолади. Долзарб мавзулардаги муаллифлик мақолаларини @Muhammadshakur Telegram-манзилига юборишингиз мумкин.
Мавзуга оид
21:09 / 13.06.2023
Ислом молияси – соғлом иқтисодиётга қадам
17:42 / 15.05.2023
Хитой тажрибаси асосида ҳар бир вилоятда камбағалликдан чиқариш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади
17:06 / 15.05.2023
Йил якунигача 550 минг аҳоли янги тизим асосида ўқитилиб, камбағалликдан чиқарилади
16:58 / 15.05.2023