Гуржистон қўзғалди: мамлакатда сўнгги йиллардаги энг йирик норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда
Одамларнинг норозилигига сабаб — мамлакат парламенти томонидан қабул қилинган ва Россия Федерациясидан кўчириб олинган «чет эл агентлари тўғрисида»ги қонун.
Сешанба куни кечқурун Гуржистонда минглаб кишилар «Чет эл таъсирининг шаффофлиги тўғрисида»ги қонунга қарши оммавий норозилик намойишига чиқишди. У Россия Федерациясида қабул қилинган, амалга киритилган ва аллақачон юзлаб ҳуқуқбонлар ва журналистларнинг ҳуқуқларини тамғалаган «чет эл агентлари тўғрисида»ги қонуннинг айнан ўзгинаси.
Бундай қонуннинг қабул қилиниши Гуржистоннинг Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо бўлиш йўлидаги катта тўсиқ бўлади. Шу сабабли одамлар амалдаги ҳукумат ва депутатларни россияпарастликда айблаб, норозилик намойишларига чиқишди. Мамлакат пойтахти Тбилисида оммавий тартибсизликлар рўй берди, полициячилар устига Молотов коктейллари ёғдирилди, кучишлатар тузилмалар эса намойишчиларга қараб сув пурковчи ускуналар ва кўздан ёш оқизувчи газларни ишга солишди.
Гуржистон парламенти 7 март куни биринчи ўқишдаёқ «чет эл агентлари тўғрисида»ги қонуннинг якуний ва қатъий версиясини қабул қилди. Бу қонунга кўра, молиялаштирилишининг 20 фоиздан ортиқ қисми хориждан бўлган жисмоний ва юридик шахслар чет эл таъсири остидаги агентлар сифатида давлат рўйхатидан ўтиши керак. Уни парламентнинг 76 депутати қўллаган, фақатгина 13 киши қарши чиққан.
Мамлакатда оммавий норозилик намойишлари бошланиб кетди. Сешанба куни Тбилисидаги Шота Руставели кўчасида жойлашган парламент биноси олдига бир неча минг киши тўпланди. «Россия қонунига ўрин йўқ!» — дея қичқиришган улар ва РФ президенти Владимир Путинни ҳақорат қилишган. Улар Гуржистон, Европа Иттифоқи ва Украина байроқларини ҳилпиратишган. Мухолифат айни пайтдаги ҳукуматни россияпараст деб ҳисоблайди. Кучишлатар тизимлар бунга жавобан намойишчиларни кўздан ёш оқизувчи газлар ва сув пуркагичлар билан тарқатишга ҳаракат қилишди. Намойишчилар эса парламент биносига ёпирилиб киришга уринишди.
Бу норозилик намойишлари 2019 йилдан буён Гуржистонда энг йириги бўлди. Ўшанда маҳаллий аҳоли мамлакатнинг бир неча ҳудуди Россия томонидан оккупация қилинганига қарши норозилик билдирган эди. Тартибсизликлар чоғида 240 киши жабрланган, 300 дан ортиқ киши ушланганди. Норозиликлардан сўнг Гуржистон парламенти раиси Ираклий Кобахидзе истеъфога чиққан эди.
Кеча қабул қилинган қонунни Тбилисидаги АҚШ элчихонаси «Гуржистон демократияси учун қора кун» деб атаган. «Бу қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда Кремлдан илҳомланилган», — деган элчихона. Гуржистондаги норозилик намойишларини бостириш учун масъул бўлганлар АҚШ санкцияларига дучор бўлиши мумкин, деган АҚШ давлат департаменти расмий вакили Нед Прайс.
«Гуржистон парламенти сешанба куни ташқи таъсир шаффофлиги тўғрисидаги қонунни биринчи ўқишдаёқ қабул қилди. Бу Гуржистон ва унинг халқи учун воқеалар ривожининг энг ёмон кўринишидир. Бу қонун Европа Иттифоқи қадриятлари ва стандартлари билан чиқиша олмайди. У Гуржистон ўз олдига Европа Иттифоқига аъзо бўлиш йўлида қўйилган мақсадга мутлақо зиддир», — деган Европа Иттифоқи ташқи сиёсий ишлар хизмати раҳбари Жозеп Боррел.
АҚШда бўлиб турган Гуржистон президенти ҳам намойишчиларни қўллаб-қувватлаган. Саломе Зурабишвили парламент ушбу қонунни қабул қилгани билан, унга вето қўйишини эълон қилган. Гарчи бу баёнот намойишчиларнинг ҳовурини бироз босган бўлса-да, мамлакат бўйлаб намойишлар давом этмоқда.
Мавзуга оид
11:31 / 23.12.2024
Зурабишвили: Гуржистон президенти ва бош қўмондони бўлиб қоламан
19:23 / 22.12.2024
Гуржистон бош вазири Кобахидзе президент Зурабишвилига жиноий жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилди
13:47 / 21.12.2024
Еврокенгаш бош котиби: Тбилиси ташқи таъсирга оид қонунни ўзгартиришга ваъда берди
20:54 / 20.12.2024