Жаҳон | 19:12 / 08.03.2023
89856
10 дақиқада ўқилади

Оналикдан воз кечаётган Хитой аёллари: бунга сабаб нима?

Энди Хитой дунёдаги аҳолиси энг кўп давлат эмас. 2023 йил бошида эълон қилинган маълумотларга кўра, Ҳиндистон бу борада уларни ортда қолдирди. Хитойда эса аҳоли ўсиш ўрнига камаймоқда. Хўш, хитойликлар қандай қилиб бундай «улуғвор» натижага эришди.

2022 йилда Хитойда ҳар бир аёлга 1,18 бола тўғри келган. Бу аввалги йиллардаги кўрсаткичларга солиштирилганда жузъий даражада паст.
Фото: thetimes.co.uk

«Мен ўзимга фарзанд раво кўра олмайман», — дейди Глория. У турмуш қурган ва ёши 30 дан ошган.

Унинг ҳисоб-китобига кўра, чақалоқ унга ойига 2400 долларга тушади, бу ҳали унинг ойлик бошқа харажатлари ҳисобга олинмаганда.

«Кундалик озиқ-овқат каби харажатлар учун 3000 юан (436 доллар) харажат қилишга тўғри келади. 2000 юан (291 доллар) болалар боғчасига кетади, 1000 юан (145 доллар) зарурият туғилса — энаганинг ҳақи, яна камида 10 минг юан (1456 доллар) болани ўқитишга кетади», — деб тушунтиради у.

Глория Хитой жанубидаги Гуангдонг вилоятида тўлиқ бўлмаган ставкада бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлайди. Мамлакатнинг бу қисмида хусусий секторда ўртача маош ойига 6000 юан (873 доллар)ни ташкил этади.

Глориянинг ўзи оилада ягона фарзанд бўлгани («бир оилага – бир фарзанд» сиёсати) сабабли у ипотека қарзларини тўлаб, қариб бораётган ота-онасини парваришлаш учун пул йиғишни бошламоқчи. Хитойда ҳамма қариялар ҳам пенсия олишмайди, улар ҳақида қайғуриш кўпинча фарзанд гарданига тушади.

Аҳолиси қисқараётган Хитой

Хитой демографик қопқонга тушган: бир неча ўн йил давом этган оиладаги фарзандлар сонини чекловчи сиёсатдан сўнг мамлакат аҳолиси сўнгги 60 йил ичида илк марта қисқара бошлади. Бунинг натижаси ўлароқ улар сайёрада биринчиликдан ҳам мосуво бўлишди. Айни пайтда Ҳиндистон аҳолиси уларникидан 5 миллион кишига кўпроқ.

 Хитой яқин келажакда қариб бораётган аҳоли инқирозига дучор бўлади, бу ҳолатда ишлаётган фуқаролар борасида тақчилликка ҳам дуч келади.
Бу воқеалар фонида туғилиш камаяётгани қўшимча хавотирлар келтириб чиқармоқда.
Фото: lovepik.com

2016 йилда ХХР ҳукумати оилаларга иккинчи фарзанд кўришга рухсат берди, яна беш йилдан кейин учинчи фарзандга ҳам рухсат тегди.

Лекин оиладаги фарзандлар сонига жорий этилган чекловлар бекор қилинганига қарамай, аёлларнинг кўпчилиги фақат бир нафар фарзанд кўрмоқчи ёки умуман бефарзанд ўтмоқчи.

Хитой халқ ва аҳоли маркази томонидан яқинда ўтказилган тадқиқотларга кўра, бефарзанд аёллар сони 2015 йилдаги 6 фоиздан 2020 йилда 10 фоизга ошган.

Тадқиқотлар яна шуни кўрсатдики, туғиш ёшидаги хитойлик аёллар гарчи бир неча фарзанд кўришга шароити бўлса ҳам, буни шунчаки истамаяпти: 2021 йилда ўртача исталаётган бола сони кўрсаткичи 2017 йилдаги 1,76 дан 1,64 га тушган.

 Сингапурда ҳам туғилиш катта эмас. Лекин аёллар кўпроқ фарзанд кўришни исташини айтишади.
Фото: familiasenruta.com

Бир вақтнинг ўзида Япония ва Сингапур каби Жанубий-шарқий Осиё давлатларида ҳам фертиллик коэффициенти иккидан паст. Шунга қарамай, у ерда аёллар икки фарзанд кўришни исташини билдиришган. Хитойда эса ундай эмас.

«Бу борада Хитой исисно, чунки нафақат ҳақиқий туғилиш даражаси катта эмас, исталаётган фарзандлар сони ҳам паст», — дейди Лондон иқтисодиёт ва сиёсат фанлари мактабининг ижтимоий ва давлат сиёсати кафедраси доценти доктор Шуанг Ченг.

Шу кунларда Пекинда Хитой халқ сиёсий маслаҳатлашув кенгаши ва Бутунхитой халқ вакиллари йиғилиши бир биридан алоҳида ўтказилмоқда.

Сўнгги ўн йилларда илк марта Хитойда аҳоли сони камайди: 1000 кишига -0,6.
Фото: washingtonpost.com

Бу йиғилишларда турли сиёсий маслаҳатчилар мамлакатда туғилиш даражасини ошириш бўйича ўз режаларини тақдим этишмоқда. Ғоялар турли-туман: келажак учун эрга тегмаган аёлларнинг тухумдонларини музлатиб қўйишдан тортиб, болаларнинг боғчадан университетга қадар ўқиши ва дарсликлари учун тўловларни бекор қилишгача.

Бошқа ғоялар ҳам бор. Масалан, эрга тегмаган аёллар ва уларнинг фарзандларига никоҳда тузилган оилалар ва уларда туғилган болалар ҳуқуқини бериш.

Йўргакдан бошланадиган рақобат

Хитойлик аёлларнинг оналикдан воз кечишига бош сабаб — болаларнинг ўқиши ва парвариши учун ҳаддан зиёд пул талаб қилинишидир.

Хитойда бола туғилибоқ тенгдошлари билан рақобатга киришади. Ота-онаси уни яхшироқ мактабга жойлаштириш пайидан бўлишади, бунинг учун ўша мактаб ёнидан уй харид қилишади, болаларни турли тўгараклар ва дарсдан ташқари машғулотларга ёздиришади, буларнинг барига катта пул керак.

Хитойда абортлар сонини камайтириш ва бепуштликни даволашни арзонлаштиришга ҳаракат қилишмоқда. Фото: dailymail.co.uk

«Мен ўзим туғадиган фарзанд туғилибоқ бу шафқатсиз рақобат билан юзма-юз бўлишини истамайман», — дейди университетнинг 22 ёшли талабаси Миа.

У Хитой шимолидаги кичикроқ шаҳарчада туғилган. У ўқиш имтиҳонларни муваффақиятли топширишга асосланганини «ихтиро» қилган, Пекиндаги нуфузли университетга кириш учун жуда мураккаб миллий кириш имтиҳонидан ўтишга муваффақ бўлган. Лекин олий таълим олиш билан ҳам рақобат тугамайди, чунки Хитой университетларининг битирувчилари хорижда билим олиб келганлар билан рақобатга киришишга мажбур бўлишади.

«Ҳар қандай қўшимча таълим учун пул керак, — дейди ўзининг бўлажак фарзандлари учун шундай шароитлар яратишга етарли пул тўплай олишига шубҳа қилаётган Миа. — Агар мен ўз фарзандимга фаровонлик тақдим эта олмас эканман, уни дунёга келтириб нима қиламан?»

Шахсий ҳаёт ё карьера?

BBC’нинг Хитой хизмати гаплашган аёлларнинг кўпчилиги фарзанд ва карьера ўртасидаги танловга дуч келиб, кўпчилиги бефарзанд яшашга қарор қилишганини айтишган.

Ишга кириш учун суҳбат жараёнларида улардан яқин ўртада фарзанд кўришни исташ-истамаслигини ҳам сўрашган. Агар улар тасдиқ маъносида жавоб беришса, ишга кириш имкониятлари тушиб кетган, келгусида мансабдан кўтарилишни-ку, асти қўяверинг.

Кўплаб хитойлик аёллар фарзанд туғилиши уларнинг карьерасига салбий таъсир кўрсатишидан хавотирланишади.
Фото: affairstoday.co.uk

«Ҳаёт ва иш ўртасидаги мувозанат — олий ўқув юртларида ўқиётган хитойлик аёллар фарзанд кўришга тайёрманми, дея ўзига ўзи савол бера бошлаганда халақит берувчи бош омил бўлади», — дейди Мичиган университети социология кафедраси доценти Юн Жоу.

«Иш улар учун ўзини намоён этиш имконияти, — дейди Жоу. — Меҳнат бозорида шундоқ ҳам гендер дискриминация етарли ва аёллар карьера ва фарзанд кўриш ўртасидаги мураккаб танловни амалга оширишга маҳкум».

Худбин ва «чет эл агенти»

Ўзнинг миллионлаб тенгдошлари каби Миа ҳам ўз фикрларини ижтимоий тармоқ орқали бўлишишга кўниккан. Кунларнинг бирида у нега бефарзанд ўтишни истаётгани ҳақида кичикроқ видео жойлаштирган.

Ажабланарлиси, ушбу видео ҳақоратли шарҳлар тўлқинини келтириб чиқарган.

Кўпчилик уни худбин деб айблашган. Бошқалар эса бундай жиддий қарор қабул қилишга ҳали ёшлик қилишини айтган. «Сен ҳали бундай дейишга ёшлик қиласан, 40 дан ўтганингдан кейин қандай сайрашингни томоша қиламиз», — дейилган шарҳлардан бирида. «Сен бу гапинг учун ҳали пушаймон бўлишингга 10 минг доллар тикаман», — деган яна бири.

Айримлар уни ҳатто аёлларни туғишдан «қайтараётган» ғараз ниятдаги «чет эл агенти» деб атаган.

Фарзанд кўриш масаласи пул, турар жой ва карьерани ўстиришга бориб тақалади. Фото: thinkchina.sg

2021 йил майида Хитой ҳукумати туғилиш устидан назоратни янада сусайтириб, оилаларга уч нафардан фарзанд кўришга рухсат берди. Бунга сабаб – аҳолини рўйхатга олиш жараёнида 2020 йилда мамлакатда бор-йўғи 12 млн бола туғилгани ойдинлашгани бўлганди. Бу 1961 йилдан буён энг паст кўрсаткич.

Шунинг учун айрим фуқаролар аёллар фарзанд кўришдан воз кечиб, мамлакатни «шарманда» қилаётганини пеш қилишади.

«Бу менинг шахсий танловим. Мен фарзанд кўришни тақиқлаш керак деяётганим йўқ. Фарзанд кўриш истагида бўлганларни ҳурмат қиламан», — дея эътироз билдиради Миа.

«Ҳақиқий жангга бардош бердим»

Лекин ижтимоий тармоқдаги ҳейтерлардан кўра ўз қариндошлари билан курашиш янада мураккаброқ.

«Менга осон бўлмади», — дейди 34 ёшли Юан Сюэпинг. У қишлоқ жойда туғилиб катта бўлган. Қишлоқдагилар ҳар қандай қиз вояга етгач, эрга тегиб ўғил фарзанд кўриши керак, деб кутишади. У эса ёшлигидан ҳеч қандай фарзанд кўрмаслигини таъкидлаб келган.

Унинг ўзи ҳам, опаси ҳам гарчи улар мактабда аълочи бўлишса ҳам, олий маълумотга эга бўлишолмади. Фақат уларнинг кичик укасига ота-онаси университетда ўқиши учун пул топиб беришди.

«Ота-онам доимо «Қиз боланинг ўқишидан нима маъни бор? Эртами-кечми эрга тегасан ва уйда ўтириб, бола боқасан» дейишарди», — дея эслайди Юан Сюэпинг.

Унинг холаси ҳозирги ёшда эридан ажрашиб, бир ўзи ёлғиз икки болани катта қилиб қийналганини кўрганида, Юаннинг эрга тегишдан буткул кўнгли совиб кетган. У энди никоҳ институтига ишонмайди. Қиз ота уйини тарк этиб шаҳарга йўл олган, энди эркинликдан баҳра олмоқда.

Хитой ҳукуматининг узоқни ўйламай қўл урган сиёсати оналикка муносабат ва аёлларнинг тафаккурини ҳам ўзгартириб борган. Йиллар ўтиб бундай сиёсат ўз аччиқ оқибатини кўрсатмай қолмаяпти.

Мавзуга оид