Ўзбекистон | 10:50 / 08.03.2023
22409
2 дақиқада ўқилади

Қардошларни қийнаган зилзила: Ўзбекистон ҳалокатдан қандай сабоқ чиқариши лозим?

Рационал давлатлар нафақат ўзларининг, бошқаларнинг ҳам хато-камчиликларидан тегишли хулосаларни чиқара олади. Хўш, Туркия ва Суриядаги вайроналар Ўзбекистон учун қанақа дарс бўлиши керак? Бобур Акмалов #Boricha подкастининг навбатдаги сонида урбанист Искандар Солиев ва гидрометеоролог Эркин Абдулаҳатов билан шу ҳақда суҳбатлашди.

Туркия ва Суриядаги зилзилалар дунёни ларзага солди. Ижтимоий тармоқлардаги кадрлар юракларни титратди. Минглаб одамлар вафоти, ўн минглаб жабрланганлар, бедарак йўқолганлар, бутун бошли оилаларнинг қурбон бўлиши – барчасининг асосий айбдори – инсон.

80 миллиард долларга яқин иқтисодий йўқотишлар ҳам айнан инсон омили туфайли юз бергани аён бўлиб улгурди.

Коррупция ва ёлғон урчиган қурилиш соҳасининг аянчли картинаси кўз ўнгимизда бор бўйи билан гавдаланди.

Туркия бу офат оқибатларидан тўғри хулоса чиқарадими, йўқми, буни вақт кўрсатади. Зилзила оқибатларини бартараф этиш ва келгусида бунга йўл қўймаслик учун улкан ҳаракатлар бошланган ва давом этяпти.

Рационал давлатлар бошқалар хатоси ва камчиликларидан хулоса чиқаради ва ўз ҳудудида такрорланмаслиги учун ҳаракат қилади. Сабоқ олиш – ҳозирда энг муҳими. Бу сабоқ энг аввало зилзила содир бўлиши эҳтимоли бор мамлакатларда чиқарилиши лозим. Жумладан, Ўзбекистонда!

1966 йилда юртимиз пойтахтида содир бўлган зилзила кўплаб инсонлар ҳаётига зомин бўлган, яна қанчасини шикастлаб, бошпанасиз қолдирган эди. Ўшандан бери катта зилзилаларни кўрмаган Ўзбекистон халқи қардош халқлар мусибатига шерик бўлди, биродарларини қўллаб-қувватламоқда.

Хўш, Ўзбекистон ҳукумати бундан қандай хулоса чиқариш керак? Қурилиш соҳасида бизни қандай ўзгаришлар кутяпти? Мамлакат табиий офатларга тайёрми? Бинолар қай тахлит қурилиши лозим? Қурилиш меъёрлари замон талабларига жавоб берадими? Шаҳарларимиз қурилишида нималарга эътибор беришимиз керак?

#Boricha подкастининг янги сонида ана шу саволларга жавоб излаб кўрдик. Архитектор ва урбанист Искандар Солиев ва Гидрометеорология соҳаси мутахассиси Эркин Абдулаҳатов ўз фикрлари ва маслаҳатлари билан саволларга жавоб беришга ҳаракат қилдилар.

Суҳбатни Бобур Акмалов олиб борди.
Тасвирчи – Муҳиддин Нидо.

Мавзуга оид