Жамият | 14:54 / 09.03.2023
16994
17 дақиқада ўқилади

​​​​​​​«Раҳбарман, деб аёллик вазифаларимдан воз кечиб қўйганим йўқ» — табиат муҳофазаси тизимидаги ягона аёл раҳбар билан интервю

«Ҳайвонот дунёсини сақлаб қолиш учун ҳеч бўлмаса, 3 йилга мораторий жорий қилиш лозим» дея таъкидлайди Сурхондарё вилоятида раҳбарлик қилаётган эколог.

Фото: KUN.UZ

Жамиятимизда хотин-қизлар аксарият ҳолатда ўқитувчи, тарбиячи, шифокор ёки тикувчи сифатида қабул қилинади. Ота-оналар қизларини айнан шу касбларга йўналтиришга ҳаракат қилади. Қолипдан чиқмоқчи бўлган қизлар эса кўпинча тўсиқларга учрайди. 

Табиат муҳофазаси тизимида аёллар жуда кам. Чунки ўрмончилик, экологлик касбига «эркакларнинг иши» деб қаралади. Суҳбатдошимиз Рўзигул Сафарова экология фанлари номзоди, Табиат ресурсари вазирлиги Сурхондарё вилояти бошқармасига раҳбарлик қилиб келмоқда. 

— Рўзигул опа, сиз Табиат ресурслари вазирлиги тизимидаги Экология ва атроф- муҳитни муҳофаза қилиш вилоят бошқармалари раҳбарлари ичида ягона аёл раҳбарсиз. Нега бу соҳани танлагансиз?

— Томиримда оқаётган қон, ҳар бир олаётган нафасимда экология мужассам. Қишлоқ хўжалиги институтининг Ўрмон хўжалиги факультетини битириб, 1988 йили Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида фаолиятимни бошладим. Бу йўналишини танлашимга сабаб болалигимдан ўрмон қўйнида улғайдим. 

У ердаги сокинлик, табиатнинг гўзал манзараси доимо мени мафтун этган. Ўрмон хўжалиги факультетига ҳужжат топширмоқчи бўлганимда, отам «бу қиз боланинг иши эмас, доимо тоғма-тоғ от миниб юрмайсан, турмуш қуришинг керак, ундан кўра шифокор бўл, қиз болага шу касб маъқул», деганларида «мен фикримдан қайтмайман, ўрмончи бўламан», деб сўзимда қатъий турганман. 

Мактабни битириб, Тошкентда Қишлоқ хўжалиги институтига ҳужжат топшириб қайтдим. Отам «Мединститутга ҳужжат топширдингми?» деганларида жим туравергандим. Чунки ёлғон гапирсам, отам айбимни билиб қолади, ёлғон гапирмасам «ҳужжатларингни қайтариб ол» дерди. 

Юрак ютиб, «ота, Қишлоқ хўжалиги институтига ҳужжат топширдим», деганимда «мабодо ўрмон хўжалиги факультетига эмасми?» деб сўради. Тасдиқ ишорасини олгач, «эҳ, қайсарсан, барибир билганингдан қолмаслигингни билардим», деган. 

Инсон ўзи танлаган касбини эгаллайман деса, ҳеч нарса унга тўсиқ бўлолмайди. Ёшлигимиздан отам бизга от минишни ўргатгани учун, амалиётда ҳам бемалол тоққа чиқиб кетаверардим. Чунки ўзим ҳолатни кўзим билан кўрмасам, ишонмасдим. Ўқишни тамомлаб, лабораторияда иш бошлаганман. Лабораторияда ишлаш, таҳлилларни амалга ошириш менга экология фанлари номзоди илмий даражасини олиш имконини берди. Лабораториядан бўлим бошлиғи, кейин инспекция бошлиғи лавозимларида ишладим. 1994 йили номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиш, илмий ишимни давом эттириш учун Тошкент вилояти Экология қўмитасига ишга кирдим. 

Бошқарма бошлиғи мени ишга қабул қилаётганида «Қизим, фарзандларингдан кечиб, шу ерга келибсан, мақсадинг нима?» деган. Мен «аввало илмий ишимни якунлашим керак. Сурхондарё вилояти Экология қўмитасига раис бўлиб бормоқчиман», деганман. 

Йиллар ўтди. Тошкент вилояти Экология қўмитасининг раҳбари Турғун ака бир куни «Сурхондарё вилояти Экология бошқармаси раиси ишдан бўшабди, кетасанми?» деб қолди. Мен «кетаман» дедим. «Бу аёл кишининг иши эмас», дея қайтарди. Аммо қароримда қатъий эдим. 

Қўлимдаги 8 ойлик чақалоғим билан Сурхондарё вилояти Экология бошқармасига раис бўлиб келишим учун буйруққа илк маротаба устозим Халилулла Шеримбетов имзо чеккан. Кейин уларнинг тавсиялари билан 2001 йили раҳбар бўлдим. Ўша пайтлари Сурхондарёда Бахтиёр Олимжонов исмли ҳоким бўларди. 

Бахтиёр ака мени эътиборсиз қабул қилди. Менга, яъни ориққина қизга қараб, «Сен эплайсанми?» деди. «Эплайман» дедим. Сўнг «осмонда нечта қуш учади?» деб сўради. Мен «санаб кўриб, айтаман» дедим. «Сурхондарёда нечта дарахт бор? Ҳисоб-китобинг борми?» деб сўради. Мен «иш бошласам ҳисобини оламан, ҳозир билмайман», деб жавоб бердим. «Жавоб қониқарли» деди. «Бошқа саволларингиз бўлмаса, кетсам бўладими?» деганман. 

Ўша пайтлари ҳокимлар билан қандай муомала қилиш кераклигини ҳам билмаганман. У «кетинг ёки кетманг» ҳам демади. Ҳокимият дарвозасидан чиқаётганимда, эшик олдида турган посбонлар «опа, ортингизга қайтинг, сизни ҳоким сўраяпти», деди. Мен гаплашиб чиққанимни айтсам ҳам, улар мени қайтаришди. Ҳоким қўл бериб, «мен сиз билан ишлайман», деди. 

— Ўзбекистонда аҳолининг табиатга нисбатан муносабати, афсуски, яхши эмас. Соҳада қандай камчиликлар бор ва уларга қандай қилиб ечим топиш керак деб ўйлайсиз?

— Кадрлар масаласига келадиган бўлсак, 90 нафар ходим ҳудудий жиҳатдан катта вилоят учун аслида кам. Ҳозирда 1 та туманда 1 йўналиш бўйича атиги 1 нафар инспектор фаолият олиб боради. Ўсимлик дунёсининг биохилмахиллиги йўналишида туман миқёсида 1 нафар, вилоят бошқармасида 2 нафар инспектор ишлайди. 

Агар 1 туманнинг ўртача 40-60 минг гектар ер майдони бўладиган бўлса, биргина инспектор «Яшил макон» лойиҳаси бўйича ўтқазилган дарахтлар сонини ҳам аниқлаши, уларнинг парваришини назорат қилиши ҳамда суғориш тизимини кўздан кечириши керак. 

Ходимларни лавозимга тайинлашда ҳар доим бир қоидага амал қиламан. Уларни дарров бўлим бошлиғи ёки инспектор қилиб қўймайман, аксинча, дастлаб уларни ҳар бир бўлимда кичик вазифаларда ишлатиб, йўналиш бўйича яхши тайёргарликдан ўтказиб бораман. Сув, чиқинди билан ишлаш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси каби йўналишларни яхши ўрганиб, профессионал мутахассис бўлгандан сўнг бошқа масъул лавозимга тайинлайман. Бунинг натижасида 1 туманда 4-5 нафар инспектор фаолият олиб борадиган бўлса, уларнинг барчаси турли йўналишларда муаммосиз ишлай олади.

— Cўнгги вақтларда ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига инсониятнинг зарари тобора ортиб, оқибатда уларнинг турлари камайиб бормоқда. Сурхондарёда Қизил китобга киритилган саноқли сиртлон яшашини биласиз. Уларни чўпонлар томонидан қириб юбориш ҳолатлари ҳам содир бўлмоқда. Ушбу ҳолатга муносабатингиз қандай? Ноёб турдаги ўсимлик ва ҳайвонларни асраб қолиш учун қандай усуллардан фойдаланиш тўғри? 

— Қизил китобга киритилган ноёб турларни асраб қолиш ҳозирги кунда энг оғриқли нуқталардан бири. Чўпонлар ичида табиатга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлаётганлари кам эмас. Браконерлар ҳам кўпайиб кетган. Овчилик йўлланмасини олади, аммо унга риоя этмай, амалда табиатга зиён етказади, жониворларни қиради. Уларга нисбатан қонуний чораларни кучайтириш лозим. Табиатга зарар етказаётган инсон, албатта, қонун олдида жавоб бериши шарт.

Жамиятнинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига бўлган муносабатини, уларнинг бу борадаги маданиятини ўзгартиришимиз, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига бўлган меҳр-муҳаббатни оширишимиз керак. Лекин фақат бу орқали ижобий натижа кутиш қийин. Масалан, биохилмахиллик борасида тадқиқотлар ўтказаётган олимларимиз жудаям кам. Бу борада илмий тадқиқотларни кўпайтириш зарур. 

Тажрибамга таянган ҳолда кўпчиликка маъқул бўлган ва жуда кўп инсонлар қўллаб-қувватлаган ишга қўл урдим. 2001-2010 йилларда ишлаган вақтимда икки юз нафар жамоатчи инспекторимиз бўларди. Масалан, ғалла ўрим-йиғими пайтида дон йиғиштириб олинган майдондаги сомонга олов қўйилса, ишонч телефонларимиз орқали бизга хабар беришарди ва биз ҳоким ёки фермердан олдин воқеадан хабар топиб, оловни ўчиришга киришардик. Мақсадимиз ёнғин учун фермерга жарима солиш эмас, балки ана шундай ёнғинларнинг олдини олиш бўлган. Ўшанда бирорта вилоятда бу каби жамоатчи инспекторларни фаолиятга жалб қилиш тажрибаси йўқ эди.

Ҳозир жамоатчилик инспекторлари фаолиятини қайта тиклашга киришдим. Ноябрь ойидан бери асосан жамоатчи инспекторлар билан ишлаяпман. 

Яқинда Музработ туманидан бир гуруҳ овчилар ҳайвонларни овлаётгани ҳақида хабар келди. Кечқурун тезкор гуруҳни жўнатдим. Миллий гвардия бизга ёрдам берди. 7 нафар браконерни ушладик. Ов мавсуми бошланишидан олдин телевидение, радио, газета ва сайтлар орқали тўлиқ тушунча ва маълумотларни берамиз, нима мумкин-у, нима тақиқланишини тушунтирамиз. 

Овчиларга «ноқонуний хатти-ҳаракат қилманг, рухсатнома билан ишланг, йўқса, чора кўришимизга тўғри келади. Келинг, бир-биримизни ҳурмат қилайлик ва қўллаб-қувватлайлик, жонзотларни асрайлик», деб мурожаат қиламиз. Лекин тан олиш керак, мурожаатларимиз ҳаммага ҳам бирдек етиб бормаяпти. Ов мавсуми бошланганидан бери табиатга, жонзотларга зарар етказилиши бўйича 7-8 та ҳолат аниқланиб турибди.

— Сурхондарёдаги Пайғамбар ороли биохилмахилликка бой. Ekologuzʼга келган хабарга кўра у ерда ички ишлар ва бошқа куч тузилмалари ходимлари Қизил китобга киритилган Бухоро хонгулини (буғу) овлаётгани кузатилаётган экан.

— Пайғамбар ороли чегара ҳудуди ҳисобланади. Оролнинг нарёғи Афғонистон. У ерга борсангиз, нариги томондагилар тандир ёқяптими, овқат пиширяптими шундоқ кўриниб туради. Чегара ҳудуди бўлгани учун бизга у ерга киришга рухсат йўқ, биз у ҳудудда ишлай олмаймиз. Агар ҳарбий прокуратура биздан мутахассис сўраса, киришимиз мумкин. 

— Ҳарбий прокуратурага сизларнинг ўзингиз браконерлик ҳолатлари бўйича ариза берсангиз бўлмайдими?

— Бунинг учун қўлимизда аниқ далил бўлиши керак, факт бўлмаса аризамиз қабул қилинмайди, у бўлиши учун биз аввал ичкарига кирган бўлишимиз, кўришимиз лозим. Масалан, оролда хонгулларнинг сони 860 та. У ерда содир бўлаётган браконерлик ҳолатларининг олдини олиш учун ҳарбий прокуратура таркибида кичик экологик гуруҳ, яъни ўша жойнинг ҳайвонот оламига ҳам, ўсимлик дунёсига ҳам масъул бўлган жамоа шакллантирилса мақсадга мувофиқ бўларди. 

Яъни бизга ахборот беришмаса ҳам, ўша жойни сақлаб қолиш учун ўзлари ҳаракат қилсин, деган масала билан чиққан эдик. Аммо натижа бўлмади. Агар рухсат бериш имконияти бўлса, бир ойда бир маротабами, бир йилда икки мартами инспекторларимиз орол ҳудудига кирсин. Шу орқали ҳайвонот ва ўсимлик дунёси сақланиб қолинган бўларди.

— Бу берган таклифингизга жавоб келдими?

— Йўқ, ҳали жавоб келмади. Чегара қўшинларигаям бу бўйича хат чиқардик, ўша сиз эшитган хабарлар бизниям қулоғимизга чалиниб туради, лекин исбот йўқ. Агар бўлса, биз уни чегара қўшинларига юборамиз, чегара қўшинлари барибир биздан мутахассис сўрайди, чунки ўзларида йўқ. Шунда биз кира оламиз, ҳолатни ўрганиб чиқамиз. Ҳар қандай ҳолатдаям уларнинг таркибида экология бўйича гуруҳ очилса, нур устига нур бўларди. 

— Ўзбекистоннинг ҳайвонот дунёсини сақлаб қолиш учун ҳеч бўлмаса, 3 йилга мораторий жорий қилиш лозим деб ўйлайман, чунки айни пайтда ҳайвонларимиз қириб ташланяпти. Бу борада сиз қандай фикрдасиз?

— Кўнглимдаги гапни айтдингиз, мен ҳайвонот дунёсига ҳам, ўсимлик дунёсига ҳам узлуксиз мораторий бериш керак, деб ҳисоблайман. Агар мораторий бўлса, биз отиладиган ҳайвонми, отилмайдиган ҳайвонми, анчасини асраб қоламиз. 

— Бошқарманинг туман бўлимларида бошқа аёл раҳбарлар борми? 

— Йўқ, агар, яхши аёл раҳбар бўладигани бўлса, жон деб олардим ишга. Туманларда аёл раҳбар бўлишини жуда истардим. Чунки аёл ичмайди, чекмайди, қолаверса, ўзимдан қиёс, болаларимни қанчалик яхши кўрсам, қандай муносабатда бўлсам, экологияга, ҳайвонот дунёсига ҳам шундай муомалада бўламан. 

Мен уларни асраш учун ҳамма нарсага тайёрман. Битта дарахт кесилса, аямайман, зарур бўлса прокуратурагача олиб бораман. Қўл остимдаги одамларга нисбатан жуда ҳам қаттиққўлман. Албатта, бу нарса кўпчиликка ёқмайди. Ўзим аёл бўлсам ҳам олдимга қўйилган барча вазифани бажараман. Бир мартада иложи бўлмаса, уни охирига етказмагунимча, қайта-қайта уринаман. 

Бир йиғилишда, олдинги ҳокимимиз билан «Яшил макон» бўйича сал келишмовчилик бўлди, бир мажлисга борганимда олдига кирмоқчи бўлсам, опа сиз билан гаплашадиган гапим йўқ, деди. Юриб кетаётганида, шундай олдига чиқдим-да, «гаплашасиз, сиз ҳоким бўлсангиз, мен бошқарма бошлиғиман, менинг ҳам муаммоларим бор, менинг ҳам сиз билан ҳал қиладиган ишларим бор. Ҳоким бўлсангиз, вазифангизни бажаринг», дедим. Олдимдагилар, «опа, сиз ҳокимга шундай дедингизми, жуда қаттиқ гапириб қўйдингиз», дейишди. Мен қаттиқ гапирмаслигим учун у мени эшитиши керак эди. Ҳа, менинг ҳам уйимда, мол-ҳолим, қўйим бор, сигирим бор, сут соғаман, болаларимга нон пишириб бераман, уйда ҳам аёллик вазифамни бажаришим керак. Раҳбарман деб, аёллигимдан воз кечиб қўйганим йўқ, мен шундай яратилганман. 

— Айни пайтда экоинспекторларга берилиши керак бўлган ваколатни ички ишларга берилди. Улар ҳозир ўзларининг вазифаларини тўлиқ бажара олмаяпти, фақатгина жарима ундиришяпти. 

— Кўпчилик, шундай деб ўйлайди, лекин мен шу соҳанинг бошида юрганим учун айтаман, мақсад жарима ундириш эмас бизда. Биз битта дарахт кесилиб, жарима ундирадиган ҳолат бўлишини кутмаймиз. Жамоатчилик инспекторларимиз яхши ишлашади, масалан, сиз бориб бир дарахтни кесмоқчи бўлсангиз, шубҳа остига олиб, назорат қилишади. Мен бу ерга ишга келганимдан буён, юқоридан ҳам бундай топшириқ бўлгани йўқ.

— Аммо бошқа вилоятларда инспекторлар билан гаплашганимизда «шунча жарима олиб келасан», деб уларнинг зиммаларига қўйишларини айтишган.

— Уларда шундай бўлаётгандир, лекин бизнинг тизимда бу нарса йўқ. Масалан, менинг олдимдан чиқинди чиқиб қолса, уни кўриб туриб, кўрмасликка ола олмайман. Инспекторларни шунга тайёрлайман. Лекин кўп жарима солинмоқда, чунки дарахт кесилиш ҳолатлари жуда кўп. Биз тинимсиз ОАВ билан ишлаймиз. Айнан оммавий ахборот воситаларидаги танқидлар ортида муваффақият ётади. Чунки улар бизнинг меҳнатимизни халққа кўрсатиб беришади.

— Экоинспекторларнинг ваколатларини кенгайтириш керакми?

— Албатта. Экопатрул жорий этилди, аммо улар ҳозирча деярли иш қилишгани йўқ, назоратни ҳам, жаримани ҳам ўзимиз қиламиз. Экологияни асрашга фидойи инсонлар керак. Ички ишлар бошқа нарсага жон куйдириши мумкин, бироқ экологияни асраш учун жон қайғурадиганлари кам. Бунинг учун табиатни севиш керак. Бизнинг учта миграция зонамиз бор. Ҳар йили у ерга қушлар келиб, болалаб, учиб кетади. Ҳозир шуларга дон сочиб чиқяпмиз, чунки совуқда уларни асрашимиз лозим. Агар мен фидойи бўлмасам, жоним ачимаса ўшалар учун мен бу нарсани қилмайман-ку, тўғрими? 

— Инспекторлар ичида хотин-қизлар ҳам борми? 

— Бор, уч нафар аёл экоинспекторим бор. 

— Уларнинг сонини кўпайтириш тарафдоримисиз, кўпайтиришга ҳаракат қиляпсизми?

— Аёллар ўз оиласидаги юмушларни бажариши, фарзанд тарбияси билан шуғулланишга ҳам улгуриши лозим. Оиламдаги вазифаларимни адо этиб, шу билан бирга жуда катта жамоани ҳам бошқаришим керак. Аёлларни ҳам бир жойга ишга олиш учун шу масалани ўртага қўяман. Рўзғоринг, оиланг сенга биринчими, ёки ишингми? 

Агар иккаласини тенг қиламан десанг, барибир биттасини йўқотасан. Йўқ, улгураман, десанг, сен кечаси бир соат ухлашинг керак. Шунга тайёрмисан қизим, дейман. Ўйланиб қолишади. Бир ҳаракатчан, чаққон қизни бўлимга раҳбар қилмоқчи бўлдим. Чақиртирдим. «Қизим, оилалимисиз, нечта болангиз бор, эрингиз ишингизга хайрихоҳми?» дедим. 

Жим қолди. Бир таклифим бор. Сизни бир бўлимга раҳбар қилмоқчи эдим, десам: «опажон, йўқ, эрим қўймайди, кечаси 1 соат кеч борсам, жанжал бошланади», дейди. Аёлларни раҳбар қилиб тайинлашда айнан қийинчилик ана шу ерда. Уларни оиласи қўллаб-қувватламаслигида. Агарда мен уларни раҳбар қилиб қўйсам, оиласини йўқотишини хоҳламайман. 

Шунинг учун ҳам аёл раҳбарлар кам. Аёллардан раҳбарлар бўлишини жуда ҳам хоҳлайман. Аммо раҳбарликка келганда, уларнинг икки томонни ҳам бирдек олиб бориши қийин кечади, чунки жамиятимизда уй-рўзғор ташвишлари барчаси аёллар зиммасига юклатилган. Аксарият ҳолатда эса ишдан кеч қолса, боши ташвишдан чиқмайди. Аёл раҳбарлар, айниқса, табиатни муҳофаза қилиш тизимида жуда ҳам зарур. Чунки улар табиатга меҳрибон бўлади. Азалдан аёлдаги оналик, яъни фарзанди, оиласини ҳимоя қилиш инстинкти айнан табиатга ҳам кўчади. Булар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ масала. 

Эколог Наргис Қосимова суҳбатлашди.

Мавзуга оид