Бахмут қуршов хавфи остида. Украина шаҳарни нега топширмаяпти?
«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси раҳбари Евгений Пригожин унинг тузилмалари Бахмут шаҳрининг Бахмутка дарёси ортидаги бутун шарқий қисмини эгаллаганини маълум қилди. Бу маълумотни Урушларни ўрганиш институти (ISW) ҳам тасдиқлади – мутахассислар маълумотига кўра, украин армияси бу ҳудуддан тартиб билан чекинган. Шу билан бирга, Россия қўшини Бахмутнинг ғарбидаги украин гарнизонини қуршовга тушириш ҳаракатларидан тўхтамаяпти.
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг сешанба куни Бахмут яқин кунларда Россия назоратига ўтиши мумкинлигини айтди, аммо унинг сўзларига кўра, бу урушда бурилиш нуқтаси рўй берганини англатмайди.
Киевда бир ҳафта олдин ҳам Бахмут ташлаб кетилиши мумкинлиги ҳақида сигналлар берилганди ва тўғридан тўғри стратегик аҳамиятга эга бўлмаган шаҳар учун охирига қадар курашиш тўғри бўлмаслигини айтишганди. Аммо душанба куни Украина президенти Володимир Зеленский иштирокидаги йиғилишда Бахмут мудофаасини давом эттиришга қарор қилингани маълум бўлди. Сешанба куни Украина қуролли кучлари қуруқлик қўшинлари қўмондони, генерал Александр Сирский бир ҳафта ичида тўртинчи бор Бахмутга ташриф буюрди.
Украина қуролли кучлари Бахмут мудофаасини давом эттиришга қарор қилгани ҳарбий концепция ўзгарганини англатадими? Бу нима билан боғлиқ бўлиши мумкин? Украина қўмондонлиги катта таваккалчиликка қўл урмадими?
Украина қуролли кучлари учун қандай хавфлар бор?
Жавоб оддий: агар россияликларнинг Бахмут ғарби ва жануби-ғарбдаги мудофаани яксон этишга ҳаракат қилаётган қанотдаги гуруҳлари ўз мақсадига эришса ва масалан, Часив Яр ҳудудида бирлашса, шаҳарни ҳимоя қилаётган бутун гарнизон қуршовда қолади.
Пригожин Украинанинг Бахмут мудофаасидаги аскарлари сонини 12–20 минг кишига баҳолаган ва бу ҳақиқатга яқин.
Қуршов эҳтимоли қанчалик яқин?
Бахмут мудофаасига ташланган бундай йирик гуруҳни ишончли тарзда блоклаб қўйиш учун қанотлардаги мудофаани яксон этишнинг ўзи етарли бўлмайди. Биринчидан, буни жуда тез ва рақиб учун кутилмаган тарзда амалга ошириш керак. Иккинчидан, қисқа фурсат ичида ички ва ташқи қуршов ҳалқалари шакллантириш ва чалғитувчи зарбалар беришга ҳаракат қилиш зарур, акс ҳолда юриш қилаётган қисмлар турли томондан зарбаларга учраб, пароканда қилиниши мумкин.
Кўриниб турибдики, Украина қуролли кучлари қўмондонлиги Бахмут қанотлардан тез ва чуқур ўраб олиниши таҳдидини реал деб ҳисобламаяпти. Қўмондонлик ҳисоблари бўйича, вазият кескин ёмонлашган тақдирда ҳам гарнизон шаҳардан чиқишга улгуради ва энг ёмон ҳолда қуршов ёппасига ёриб ўтилади.
Украина қўшини Бахмутка дарёси ортига олиб ўтилганини шу билан изоҳлаш мумкинки, бу табиий тўсиқ Бахмутни мудофаа қилишни фақат осонлаштиради.
Ва, эҳтимол, украин ҳарбий раҳбарлари ўз режасини тайёрламоқда.
Россия қўшини учун қандай хавф бор?
Пригожин Бахмут атрофидан ичкарилаб бораркан, унинг қанотлари қанчалик чўзилиб бораётганини кўриб турибди. У Россия Бош штабини ўз ёлланма кучларига ёрдам, жумладан маҳбуслар ҳисобига шахсий таркибни тўлдиришни сўраб тинч қўймаяпти ва афтидан у ўзи очиқ зиддиятга киришган Россия мудофаа вазирлигига у қадар ишонмаяпти.
У Украина қуролли кучлари Бахмут атрофида камида тўртта зарбдор гуруҳ тузгани – Северск, Словянск, Часив Яр ва Константиновкада турган бу гуруҳлар ҳали жангга кирмагани, аммо жиддий хавф туғдираётганига эътибор қаратмоқда: унинг ҳисобларига кўра, улар унинг хусусий ҳарбий компанияси жангчиларини блоклаб қўймоқчи.
«Ва бу [улар учун] тайёр «пирожное» бўлади: начинкаси – бу биз ўраб олган Украина қуролли кучлари (агар Бахмут тўлиқ ўраб олинган тақдирда), қобиғи эса – бу, амалда, «Вагнер» ХҲК», – деди Пригожин навбатдаги мурожаатида.
Пригожиннинг фикрича, агар унинг қўшини Бахмутдан чекинса бутун фронт чегарагача парчаланади, Қрим ҳам бой берилади, кейин эса Россия ҳукумати ҳарбий мағлубиятда унинг ёлланма жангчиларини айблайди. Пригожин драмалаштириб юборган бўлса ҳам, унинг хавотирларида жон бор.
«Вагнер» учун қандай хавф бор?
Оддий россиялик одам онгида вагнерчилар мунтазам армиядан фарқли ўлароқ, деярли ҳар қандай вазифани бажаришга қодир омадли аскарлар қиёфасида шаклланган.
Кўп жиҳатдан уруш тарафдори бўлган блогерларнинг саъй-ҳаракатлари эвазига Россия қўшинларининг Украинадаги муваффақиятлари асосан вагнерчилар номига ёзилган. Улар Россия бош штаби бошлиғини тилига келган сўз билан сўкишгача борди – ва бунинг учун уларга ҳеч нарса бўлмади. Пригожин қамоқхоналар бўйлаб кезди ва очиқчасига маҳбусларни урушга ёллади. Аммо сўнгги вақтларда вазият ўзгара бошлади. Катта эҳтимол билан, Валерий Герасимов ўзини қаттиқ ҳақоратлаган вагнерчиларни кечирмаган. Давлат ҳам зўравонлик устидан назоратни йўқотаётганини англаб етган бўлиши мумкин.
«Мен ОАВда «оркестр»ни тилга олиш яққол камайиши тенденциясини, шунингдек шахсий таркибга ёллаш учун пул эвазига ҳам реклама сотишни рад этишаётганини пайқамоқдаман. Шунинг учун мен вагнерчиларни обрўсизлантиришлари ҳақида айтаётган Пригожиннинг сўзларига қўшиламан», – дейди россиялик ҳарбий мухбир Алексей Суконкин.
Унинг фикрича, келгусида Россия ҳукумати «Вагнер» ХҲК шахсий таркибини Украинадан Россияга қайтариши ва уларга фақат бошқа мамлакатлардаги ишларни ишониб топшириши мумкин. «Аммо компанияни раҳбарсиз қолдиришга ёки уни тўлиқ йўқ қилишга ҳаракат қилишлари ҳам мумкин», – деб ҳисоблайди.
Украинада «Вагнер» ХҲК сафида ўзи кимлар жанг қилмоқда?
Аввалроқ BBC рус хизмати тажрибали ёлланма жангчилар бу гуруҳнинг фақат ўзагини – жуда кам қисмини ташкил этиши ҳақида ёзганди. Компаниянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашаётган жангчиларининг аскари шошилинч равишда тайёрланган кўнгиллилар, кўпинча маҳбуслар бўлиб, уларнинг бир қисми фақат узоқ ўтмишда қандайдир ҳарбий тажрибага эга бўлган бўлиши мумкин. Улар замонавий шароитларда яхши жанг қила олмайди, уларни қайта тайёрлашга вақт йўқ, шунинг учун бундай аскарлардан асосан «тўп еми» сифатида фойдаланилмоқда.
Бундайларнинг сони камайган сари ҳақиқий жангчиларни ҳам жангга ташлашга тўғри келади, украинларнинг ўқ ва снарядларига эса кимга тегишнинг фарқи йўқ – улар дилетантларни ҳам, профессионалларни ҳам бирдек қиради. Аммо маҳбуслар озодликка чиқиш учун бошқа танлов йўқлиги туфайли «Вагнер» билан шартнома тузиб, олдинги чизиққа боришга рози бўлган бўлса, ҳақиқий ёлланма жангчилар эса шундоғам эркин ва эҳтиёткор одамлардир.
Ҳа, яхши мукофот учун улар ҳам таваккал қилишга тайёр. Аммо улар ҳатто катта пул эвазига ҳам яхши тайёргарликсиз Бахмут атрофида штурм қилган собиқ маҳбуслар каби муқаррар ўлимга бориши даргумон. Айнан шунинг учунки, улар профессионал ҳарбийлар ва ўз қадрини билади.
Бахмут атрофида олдинга силжиётган вагнерчиларни бундан кейин ҳам мажақлашда давом этишга қарор қилган Украина қўмондонлигининг қандайдир ҳисоб-китоблари, шунингдек ҳарбий интизомни билмайдиган ва ўз раҳбарини ҳурмат қилмайдиган қуролли гуруҳ билан ортиқча муаммо чиқишини истамайдиган Россия қўмондонлигининг истаклари ҳам шу омилга асосланган бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
22:34
Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хоҳлайди?
20:22
Фронтдаги вазият: Россия ва КХДР қўшинлари Курск областида юришнинг янги тўлқинини амалга оширмоқда
21:42 / 23.12.2024
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
22:14 / 21.12.2024