Ўзбекистон | 18:56 / 10.03.2023
30344
2 дақиқада ўқилади

Исломжон Эргашхўжаев Жиззах вилояти прокурорлиги лавозимида қолди

У муқаддам Тошкент вилояти ҳокими ва Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Исломжон Эргашхўжаев Жиззах вилояти прокурори лавозимига иккинчи муддатга тайинланди.

«Бош прокурорнинг буйруғига асосан адлия катта маслаҳатчиси Исломжон Жасурович Эргашхўжаев Жиззах вилояти прокурори лавозимига иккинчи муддатга тайинланди», дейилади хабарда.

Исломжон Эргашхўжаев 1970 йилда туғилган, Тошкент давлат юридик институтини (ҳозирда университет) тамомлаган.

1999-2004 йилларда Бош прокуратурада турли лавозимларда ишлаган, 2009 йилга қадар Тошкент шаҳри Миробод тумани прокурори бўлган. 2009-2011 йилларда Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳри прокурори, 2011 йилда Оҳангарон тумани прокурори бўлган, 2011 йилдан 2016 йил мартига қадар Пскент тумани ҳокими лавозимини эгаллаган.

2016 йил мартида эса Тошкент вилояти ҳокимининг маъмурий масалалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, ўзини ўзи бошқариш органлари ва ёшлар сиёсати бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланади. 

2016 йил 15 августида Тошкент вилояти ҳокимлигида ярим йилдан ортиқроқ ишлаган Содиқ Абдуллаев ўрнида иш бошлайди. Унинг ўзи ҳам ҳокимликда кўп вақт қолмайди ва 2016 йил декабрида Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари лавозимига ўтказилади. 2017 йил ноябридан буён эса  Жиззах вилояти прокурори лавозимида ишлаб келмоқда.

Мавзуга оид