«Россия қонунига йўқ!» — Гуржистонда «чет эл агенти» тўғрисидаги қонунга қандай қарши туришди?
Гуржистондаги ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси биринчи ўқишда қабул қилиб бўлинган «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун лойиҳасини парламентдан қайтариб олди. Бу одатий ҳодиса эмас: бу қарорга икки кун давом этган ва полиция томонидан бостирилган намойишлар сабаб бўлди. Бу ташаббусни «Россия қонуни» деб атаган митингчилар сув пурковчи ускуналар ва кўздан ёш сиздирувчи газ орқали тарқатилди. Шунга қарамай, намойишчилар муваффақият қозонишди - BBC бу қандай бўлганини ҳикоя қилади.
Гуржистонда «Чет эл таъсирининг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси феврал ойидан буён муҳокама этилаётганди. Бу ташаббус «Халқ кучи» депутатлари томонидан билдирилган ва ишлаб чиқилган - бу ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партиясидан ажралиб чиққан, лекин ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳаракат ҳисобланади. Мухолифат эса уни очиқчасига ғарбга қарши лойиҳа ва амалда «Гуржистон орзуси» қаноти деб билади.
«Чет эл агентлари» тўғрисидаги ғоя муаллифлари Американинг шунга ўхшаш қонунидан (FARA номи билан маълум) намуна олинганини айтишади. Ўз вақтида Россияда ҳам шундай риторикадан фойдаланишганди - аммо якунда россияликларнинг қонуни 2023 йилга келиб мухолифатчилар ва мустақил журналистларга қарши қўлланадиган қатағон инструментига айланди. Дарҳол мухолифатчи сиёсатчилар, ҳуқуқ фаоллари ва ОАВ Гуржистонда ҳам шу ҳолат такрорланишидан хавотирларини билдира бошлади.
Шунга қарамай, ҳукумат қонун лойиҳасини қўллашга қарор қилди. Бу ҳақдаги қарор парламент бюросининг 20 феврал кунги йиғилишида қабул қилинди. Ўша йиғилишда ҳозир бўлган муҳаррирлар ва журналистлар эса ташаббусларнинг ўхшашлигига ишора қилган ҳолда «Россия қонунига йўқ!» дея ҳайқириб эътирозларини ифода этишди. Якунда эса бу ёрлиқ маҳкам ёпишди: икки ҳафтадан ортиқ вақт ўтиб шу сўзлар Гуржистон кўчаларидаги митингчилар томонидан баралла шиор қилиб айтилди.
Ҳужжат Гуржистонда «чет эл таъсиридаги агентлар» реестри тузилишини кўзда тутади. «Агентлар» мезонига йиллик молиялаштирилишининг 20 фоиздан ортиқ қисми хориждан бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари мос келиши керак эди. Бундай ташкилотлар йиллик декларация тақдим этиши назарда тутилганди. «Агент» сифатида рўйхатдан ўтишдан бош тортган ёки ҳисобот тақдим этишни истамаганлар учун 25 минг лари (9,5 минг доллар атрофида) миқдорида жарима қўллаш режалаштирилганди. «Чет эл агентлари»ни аниқлаш учун масъул бўлган мансабдор шахсларда рўйхатга қўшишга номзод бўлганларнинг персонал маълумотларига киришга ҳуқуқ бўларди.
«Ушбу қонун қабул қилиниши жамоатчиликни хабардор қилиш сифатини сезиларли даражада оширади, бу эса одамларга тўғри қабул қилишда ёрдам беради», дея янги қонун зарурлигини уқтиришга ҳаракат қилган «Халқ кучи» ҳаракати вакили Гурам Мачарашвили. Аммо бу аргумент барчани ҳам ишонтира олмади. Мамлакат президенти, сўнгги вақтларда тез-тез ҳукмрон партия чизиғидан фарқланувчи позициясини ифода этаётган Саломе Зурабишвили қонун лойиҳасини қўллаб-қувватламаслиги, парламент уни қабул қилса, унга вето қўйишини айтди.
Тўғри, Гуржистон конституциясида парламентарийлар президент ветосини йўққа чиқариб, барибир қонунни қабул қилиши мумкин бўлган механизм мавжуд. Ўз навбатида, мухолиф партиялар депутатлари қонун лойиҳаси муаллифи «Халқ кучи» ҳаракати эканига қарамай, ғоя ҳукмрон партияникилиги ва у Гуржистоннинг Европага интеграцияси учун таҳдид
солишини айтишмоқда. Ушбу мамлакат Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун ўтган йили ариза топширган, аммо ҳали номзод мақомини олмаган.
Халқаро ҳамжамият ҳам ушбу қонун лойиҳасини, юмшоқ қилиб айтганда совуқ қарши олди. Турли мамлакатлардаги 40 та нодавлат ташкилотларининг феврал ойи ўрталарида эълон қилинган қўшма баёнотида ҳам қонун лойиҳаси Гуржистондаги демократия ва фуқаролик жамиятига жиддий таҳдид ва авторитар давлатлар амалиёти такрорланиши деб баҳоланганди. Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий комиссари Жозеп Боррел очиқчасига «чет эл агенти» тўғрисидаги қонун лойиҳаси ЕИ стандартларига зид келишини айтди. АҚШ Давлат департаменти эса бу ташаббус ва Америкадаги шу каби қонун ўртасида ҳеч қандай умумийлик йўқлигини билдирди: идора матбуот котиби Нед Прайс унда кўпроқ Россия ва Венгрияда қабул қилинган қонунлар билан ўхшашликлар топди. Кремлдагилар бундай баҳога қўшилмаслигини билдирган.
Шунга қарамай, март ойи бошида қонун лойиҳаси Гуржистон парламентининг Халқаро муносабатлар ва мудофаа қўмитаси ҳамда Хавфсизлик қўмитасида муҳокама қилина бошлади. Мухолифатдаги
«Стратегия Агмашенебели» «Миллий бирлик ҳаракати» қарши чиқди, «Гуржистон орзуси» эса ташаббусни қўллади. Муҳокамалар муштлашувлар билан кечди.
7 март куни эса қонун лойиҳаси биринчи ўқишда 76 овоз билан қабул қилинди (13 депутат қарши чиқди). «Мамлакатимиз келажаги энди чет эл агентлари ва хорижий давлатлар хизматкорларига тегишли бўлмайди. Мамлакатимиз ва халқимиз келажаги ватанпарварларга тегишли», деди Гуржистон бош вазири, «Гуржистон орзуси» вакили Ираклий Гарибашвили. АҚШнинг Тбилисидаги элчихонаси 7 мартни «Гуржистон демократияси учун қора кун» деб атади.
Шу куни кечга бориб мамлакат пойтахти Тбилисида кенг кўламли намойишлар бошланди ва икки кун давом этди.
Биринчи кун
Намойиш кунларида Тбилиси кўчаларида ишлаган Paper Kartul нашри мухбири Даниил Александровнинг BBC нашрига айтишича, 7 март кунги намойишлар иштирокчилари полиция билан тўқнашувларга тайёр эмасди. «Ҳеч кимда қаернидир штурм қилиш нияти йўқ эди. Одамлар ниқобсиз эди, уларда сочиқ ва шарфлар ҳам йўқ эди. Улар митингга сув ҳам олиб чиқишмаганди», дейди у.
Кечга келиб парламент атрофига, турли баҳоларга кўра, беш мингдан 10 минггача одам йиғилган. Намойишчилар митингга Гуржистон ва Евроиттифоқ байроқларини олиб чиқишганди. Спецназ ҳам одамларнинг бундай оқимига тайёр эмаслиги кўриниб турарди. «Полиция бўм-бўш кўчалар бўйлаб ақлдан озгандек югуриб, парламентга «ҳужум» қаердан бўлишини топишга уринарди», дейди гувоҳлардан бири.
Қайсидир паллада одамларга қарата сув пуркагичлар қўллана бошлади. Шундан кейин намойишчилар парламентга бостириб киришга уринишади. «Шунда спецназ ҳужумга ўтди, газ қўлланди», дея ҳикоя қилади журналист Александров.
Шаҳар кўчаларида рўй бераётган зўравонлик ҳолатлари акс этган кадрлар тезда ижтимоий тармоқларда тарқалди. Намойишларнинг биринчи куни рамзларидан бири сув пуркагич рўпарасида туриб, Евроиттифоқ байроғини силкиётган ёш аёл акс этган видео бўлди. Тезда қолганлар ҳам унинг ёнига келиб туришади ва сувдан ҳимоя қилишади. Шу куни кечқурун Тбилисида ҳаво ҳарорати +5...+6 даража атрофида эди.
Намойишчиларга сув пуркагичлардан ташқари, кўздан ёш сиздирувчи газ ва шовқинли гранаталар ҳам қўлланди. Бунга жавобан айримлар «космонавтлар»файерлари ҳамда «Молотов коктейллари» улоқтиришди.
«Оломон у қадар катта эмасди, шунинг учун парламент атрофи 15-20 дақиқада тозаланди. Шундан кейин одамлар қўшни кўчалар бўйлаб юришди, аммо қўлга олишлар давом эттирилгач, улар тарқалиб кетишди - бу тунги соат икки атрофида бўлди», дейди Александров.
Грузия ИИВ акция давомида намойишчилар ҳам, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳам жароҳатланганини маълум қилди. Вазирлик маълумотига кўра, 70 дан ортиқ намойишчи қўлга олинган. Митинг иштирокчиларидан камида бир нафарига полициячига ҳужум қилгани учун жиноий иш очилган.
Лекин биринчи кунги намойишлар «Гуржистон орзуси» партияси раиси Ираклий Кобахидзенинг қатъий фикрини ўзгартира олмади. Қолаверса, у намойишни давлат тўнтаришига уриниш деб атади ва ҳатто мухолифатчилар ўз ҳаракатлари билан «Гуржистонга 2008 йилда бўлгани каби Россия танклари келишига сабаб бўлиши мумкинлиги»ни айтди.
Иккинчи кун
Даниил Александров BBC’га айтишича, намойишчиларнинг иккинчи кунида марказий Руставели проспектига икки баробар кўпроқ одам чиқди. 8 март кунги акция - бу дам олиш куни эди - кундуз куниёқ бошланди. Соат 15:00 атрофида намойишчилар байрам муносабати билан Озодлик майдонидан парламентга қадар марш қилиб боришди. Кўча ўртасида асосан аёллар ҳаракатланишди, эркаклар тротуарлардан юришди. Талабалар ҳам алоҳида колонна бўлиб ўтишди.
Парламентга етиб келиб, юриш иштирокчилари тўхташди. Якунда соат 21:00 га келиб бу ерда бир кун олдингидан қарийб икки баробар кўп одам тўпланди: митингчилар бино атрофидаги барча бўшлиқларни тўлдирди ва ҳатто зиналарга чиқиб олишди. Аввалига митинг анча тинч руҳда кечаётганди: намойишчилар «Россия қонунига йўқ» шиорларини айтишди. Майдонда Гуржистон мадҳияси янгради. Қайсидир паллада намойишчилар сони шунчалик кўп бўлиб кетдики, улар ён атрофдаги кўчаларга тарқалди. Натижада парламент тўлиқ қуршаб олинди. Намойишчиларнинг алоҳида гуруҳлари парламент фасадидаги дарвозаларни «штурм қилиш»га уринди, аммо асосий намойишчилар бунга қарши бўлишди ва ичкарига кирмоқчи бўлганларни орқага тортиб кетишди.
Шу билан бирга, журналист Александровнинг айтишича, намойишчилар бу сафар полиция куч ишлатиши мумкинлигига тайёр бўлиб келишганди. «Деярли барча олдиндан ниқоб таққан, арафаткалар ўрашганди. Одамларнинг рюкзакларида сув, сут, тузли эритмалар бор эди. Кўплар велосипедчилар ёки чанғичиларнинг шлемларини кийиб олганди. Одамлар тўқнашувга тайёр эди», дейди мухбир. Унинг сўзларига кўра, митингда марказий ташкилотчи бўлмаган: намойиш ўз-ўзидан ривожланган.
Шу билан бирга, полиция ҳам митингга тайёр эди. 7 март куни кучишлатар идоралар тартибсиз ҳаракатланган бўлса, бу сафар махсус топшириқли бўлинмалар (спецназ) намойишчиларга уч томондан тартиб билан яқинлашиб келган. Тиқилинч ҳосил бўлган. Александровнинг баҳолашича, махсус воситалар ва қалқонларга эга «космонавтлар»нинг (полициячилар) ҳам сони бир кун олдингидан «уч баробар кўпроқ эди» - камида 500 киши.
Соат 23:30 атрофида марказда яна сув пуркагич техникалар пайдо бўлган. Митингчилар бир-бирига «Стратегия Агмашенебели» партияси етакчиси, сиёсатшунос Георгий Вашадзенинг тинчликни сақлаш, аммо парламент атрофидан кетмаслик ҳақидаги сўзларини етказишган. Шу билан бир вақтда митингчилар - асосан ёшлар - парламент ташқарисидаги икки метрли металл тўсиқни бузишга киришган. Намойишчилар металл бўлакларидан баррикадалар қуришга ҳаракат қилишган. Бунга жавобан полиция сув пуркагичларни ишга туширган ва «космонавтлар» ортидан туриб намойишчиларга газ юбора бошлаган, шунингдек парламент деразаларидан туриб сув пуркалган. Митингчилар чекина туриб бино деразаларини синдиришган.
Оломон Руставели проспектига ўтишга мажбур бўлган. Қўшни кўчаларда штурм ҳаракатлари давом эттирилган, аммо ҳар сафар тутунли гранаталар туфайли ортга чекинган. Полициячиларда гранаталардан ташқари баланд ёқимсиз товуш чиқарувчи махсус қурилмалар бор эди.
Қайсидир паллада майдонга шу қадар кўп газ юборишдики, одамлар тўқнашув жойидан қочиб чиқишди. Кўпчилик 9 апрел парки атрофига ўтишган. «Жабрланганлар кўп эди. Қанчалигини аниқ айта олмайман, аммо бу ўнлаб, балки юзлаб эди. Айримлар қисман ҳушини йўқотди. Хиёбон кўзи ачишган одамлар билан тўла эди», дея эслайди Александров. Митинг иштирокчиларидан бири Стас эса полициячилар сафи томон пластик бутилкалар улоқтирилганини айтади: «Полициячиларнинг алоҳида тўпи одамлар кучишлатар тузилмалар ортига ўтиб олмаслигини таъминлаш билан машғул эди. Қайсидир паллада ўқ овозлари ҳам эшитилди - бу балки резина ўқлар бўлгандир».
Ярим тунда гранаталар тутуни билан қопланган Руставели проспекти бўшаб қолди. Аммо намойишчиларнинг катта гуруҳлари парламент ва Кура дарёси ўртасидаги кварталлар оралаб юришда давом этди. Ниқоблар билан ҳимояланган митингчиларнинг бир қисми Руставелига қайтишга ҳаракат қилди. Кўчада ўриндиқлардан баррикадалар барпо этилди. Намойишчилар гуруҳи полиция автомобилларини ағдаришди. «Кўчаларни тўсиш ҳаракатларига полициячилар жиддий реакция қилмади. Уларнинг устувор вазифаси парламент ва бошқа ҳукумат бинолари эгалланишига йўл қўймаслик экани кўриниб турарди», дейди намойишлар гувоҳларидан бири Андрей.
Жабрланганларга кўнгиллилар ёрдам кўрсатишган. «Ягона мувофиқлаштириш маркази йўқ эди. Тротуарларда қўлида тайёр сув билан турган одамлар бор эди. Махсус эритмалар олиб келган кўнгиллилар бор эди. Уни кўзга томизишар, одамларга сут беришарди. Аҳволи ёмонлашганларни эса четга олиб кетиб, ўзига келтиришарди. Барча бир-бирига ёрдам беришга уринарди», дейди Даниил Александров.
Намойишлар тонгга қадар давом этган, мингга яқин намойишчи марказни тарк этмаган. Эрталабки соат беш атрофида полиция сув пуркагичлар қўллаб, митингчиларни қўлга ола бошлаган: спецназ намойишчилар гуруҳига «ёриб кириб», уларни қўлга олишга киришган. Бундан ташқари, эрта тонгда аксилтеррор бўлинма ходимлари мухолиф фаоллар ва журналистларнинг уйларига келган. Маълум бўлишича, парламентнинг кейинги пленар йиғилиши бекор қилинади - бунинг сабабларидан бири бино намойишлар чоғида жиддий шикастланганидир.
7-8 март кунги акцияларда қўлга олинганлар сони 130 нафардан ошди. Гуржистон ИИВ намойишлар вақтида бир қанча полициячилар жабрланганини маълум қилган.
9 март тонгида эса «Гуржистон орзуси» ва «Халқ кучи» қўшма баёнот бериб, «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун лойиҳаси парламент муҳокамасидан қайтариб олинаётганини маълум қилди.
«[биринчи ўқишда] қабул қилинган қонун лойиҳаси жамиятда баҳс-мунозараларга сабаб бўлганини кўряпмиз. Ёлғон машинаси қонун лойиҳасини салбий кўринишда тақдим этиб, аҳолининг маълум қисмини чалғитишга муваффақ бўлди. Ҳужжат «Россия қонуни» деб нотўғри тамғаланган ва унинг биринчи ўқишда қабул қилиниши жамоатчиликнинг бир қисми назарида Европа йўналишидан чекиниш сифатида кўрсатилган», дейилади баёнотда.
Шу билан бирга, партия «ҳиссий фон» пасайгач, сиёсатчилар яна бир бор Гуржистон фуқароларига «мамлакатда чет эл таъсири шаффофлигини таъминлаш нима учун муҳим бўлгани»ни тушунтиришга ҳаракат қилишини ваъда қилган.
10 март куни эса Гуржистон парламенти ялпи мажлисда «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилишга қарши овоз берди ва шу билан уни расман қайтариб олди.
Мавзуга оид
11:31 / 23.12.2024
Зурабишвили: Гуржистон президенти ва бош қўмондони бўлиб қоламан
19:23 / 22.12.2024
Гуржистон бош вазири Кобахидзе президент Зурабишвилига жиноий жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилди
13:47 / 21.12.2024
Еврокенгаш бош котиби: Тбилиси ташқи таъсирга оид қонунни ўзгартиришга ваъда берди
20:54 / 20.12.2024