«Бу ҳолат уюштирилган, ким бундай қилганини ҳам биламан» — ўқувчини калтаклаган ўқитувчи
Яшнобод туманидаги мактаб ўқитувчиси жаримага тортилди. У ўқувчига нима сабаб қўл кўтарганини очиқлаб, юзага келган вазият бўйича муносабат билдирди. Аёлнинг айтишича, видеодаги айрим ҳолатлар кесиб ташланиб, атайлаб тарқатиб юборилган. «Ҳаттоки ўқувчининг онасини чақириб, «боламнинг ўзида айб экан, устозни ёмон сўкибди, китоб-дафтари хам йўқ экан», дейишига қарамасдан, мажбурлаб ариза ёздиришди», – дея ёзган ишдан бўшатилган ўқитувчи.
Воқеа нимадан бошланди?
«Миллий» телеканалининг «Миллар» дастурида Яшнобод туманидаги 152-мактаб синф хоналаридан бирининг видеокамерасида ёзиб олинган ҳолат юзасидан репортаж эълон қилинди. Видеода аёл ўқитувчининг ўқувчини калтаклаб, синфдан чиқариб юборгани акс этган.
Дастур ходимига кўра бу ҳолат 2 март куни 8-синф ўқувчиси билан содир бўлган, кейинроқ видеоёзув шахси сир сақланишини истаган бир она томонидан телеканалга юборилган.
«Бу воқеа 5-соат биология дарсида содир бўлди. Ўқитувчи дарс бошламоқчи бўлган, дарс бошланган вақтда эса у ўқувчимиз телефонини олиб, ёнидаги болаларни суратга олишни бошлаган. Ўқитувчи огоҳлантириб, телефонини олиб қўйишни, жим ўтиришни айтганида ҳам ўқувчи давом этаверган.
Кейин ўқитувчи бориб, боланинг телефонини олиб қўйган. Ўқитувчи дарс ўтаман деганида яна тўполон қилган. Педагогимиз болага дафтар-китобини олишини айтганида, ҳеч нарсасиз келганини айтган. Сўнг ўқитувчининг жаҳли чиқиб, қўл кўтариб юборган. Чунки бола ўқитувчини ёмон сўзлар билан ҳақорат қила кетган. Кейин дарсдан чиқиб кетган у бола», – дея таъкидлаган дастурда интервю берган мактаб ходими.
Кўрсатувда суриштирув ишлари сабаб ўқитувчи ва ўқувчидан интервью олинмагани қайд этилган.
Ўқитувчи жаримага тортилди
Қайд этилишича, шундан сўнг мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида кўриб чиқилган ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасига кўра педагог аёл майда безорилик содир этган деб топилиб, БҲМнинг 3 баравари (900 минг сўм) миқдорида жаримага тортилган.
Ишдан кетган ўқитувчининг муносабати
10 март куни Telegramʼдаги «Домлажон канали» гуруҳида ушбу ҳолат 152-мактаб ўқитувчиси Гулчеҳра Мамажонова билан содир бўлгани маълум бўлди. Ўқитувчининг ўзи жанжалга нима сабаб бўлганига тўхталиб ўтган.
«Мен шу видеороликдаги ўқитувчиман. Биология фанидан дарс бераман, 20 йиллик стажга эгаман. Олий тоифалиман. Магистратурани хам ўқиб битирганман. Видеоролик ҳақида ҳам ижобий, ҳам салбий ҳар хил фикрларни ўқидим. Ҳар бир инсоннинг ўз фикри бор. Лекин асл ҳолатни ўзимдан эшитсангиз дегандим. «Миллар» кўрсатуви бошловчиси, сиз ҳам ўқинг ва кейинги сафар бирор воқеани ёритаётганингизда, тарқатган видеоролик бўйича эмас, воқеанинг ҳақиқатда қандай бўлгани тўғрисидаги суриштирувни олиб боришингизни маслаҳат берар эдим.
Видеороликда мен ўзим тан оламан, ўта даражада қуюшқондан чиқиб кетганман. Лекин бу видео тўлиқ видео эмас, провокацион вазиятлар қирқиб ташланган. Энг асосийси бу уюштирилган. Ким уюштирган? Нима учун уюштирган, деган саволларга жавоб бераман. Мактаб директори Мавлонова Марзия Давроновна 30 йилдан кўпроқ вақт мобайнида шу мактабда фаолият олиб боради. 30 йил директор бўлганидан кейин, таълимда ишлайдиганлар билади, ҳеч кимдан ва ҳеч нарсадан қўрқмайди.
Шу мактабдаги 5 йиллик фаолиятим натижасида ноқонуний пул йиғимларига қарши турдим. Мактаб штат бирлигида турадиган қоровулни ота-оналарга қўриқлаш хизматидан, «охрана» деб таништириб, бола бошидан 30 минг сўмдан пул йиғиб оларди. Мактабда 3 мингга яқин ўқувчи ўқийди. Йиғилган суммани тасаввур қилинг. Бечора ўқитувчи ўз меҳнати учун бериладиган устаманинг ҳам ярмини директорга «доля» сифатида қайтариб бериши керак. Синф ўқувчиларидан (шароити оғирми, енгилми, фарки йўқ) фонд йиғиб бермасангиз, ёки мендек тузоққа тушасиз, ёки босим остида қоласиз. Ўқитувчи халқи нима дейди? «Майли, олақолсин, дарсини берсин, тирикчилигимни қилай», – дейди.
Менинг айбим шу ноқонуний йиғимларнинг йиғилишига қарши бўлганим. Ўтган ўқув йилида бир устознинг шикоят хати кетидан мактабни прокуратура текширганди. 40-50 млн сўм камомад чиқди. Шу текширув пайтида пул йиғимларининг ҳақиқатда йиғилишини тасдиқлаб берганим учун кун бермай қўйди десам ҳам бўлади. Ҳаттоки, ички ишлардан ҳимоя ордери ҳам олишга мажбур бўлдим. Очиқдан очиқ, ишдан бўша, аризангни ёз, дея турткилайверди. Аризамни ўзим ёзмаганим учун шунақа тузоқлар қўйишни бошлади.
Бу видеоролик хам шунақа тузоқлардан биттаси. Мактабда ишлайдиганлар билади, камеранинг доступи фақат директорнинг хонасида бўлади. Видеони ҳам ўзи тарқатди.
Ҳаттоки, ўқувчининг онасини чақириб, «боламнинг ўзида айб экан, ёмон сўкибди устозни, китоб дафтари ҳам йўқ экан», дейишига қарамасдан, мажбурлаб ариза ёздирибди. Бугун cудда ойиси йиғлаб кечирим сўради. Халқим, бугун қалбим қон йиғламоқда. Ўзим севган касбдан мажбурлаб ариза ёздиришди. «Тепадагилар» қўймаётганмиш.
Ҳурматли «тепадагилар», сизларга бир инсоннинг тақдирини ҳал қилиш, суриштирмай ҳайдаб юбориш шунчалик осонми? Сизга тўғрисўз ўқитувчилар керакмасми? Унда битта таклиф – “пединститут”ларга «ялоқилик қилиш техникаси ва унинг фойдалари» деган фанни қўшинглар, токи келажакдаги ёш авлод мендек қийналиб юрмасин, мендек бечора бўлиб қолмасин! Мен бугун йиғлаб ўзимга сўз бердим, бошқа ўқитувчилик қилмайман, бошқа ўқитувчилик қилмайман… Майли, оч қолай, майли, бечора бўлай, бошқа ўқитувчилик қилмайман», – деган Яшнобод туманидаги 152-мактаб ўқитувчиси Гулчеҳра Мамажонова.
Эслатиб ўтамиз, конституциявий қонун лойиҳасида педагог ходимларга оид қоидалар қайта кўриб чиқилиб, ўқитувчи касбига нисбатан юксак ҳурматни ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимоясини назарда тутувчи алоҳида янги модда киритилганди. Хусусан, давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиши, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий ўсиши ҳақида ғамхўрлик қилиши мустаҳкамланиши қайд этилмоқда.
Мавзуга оид
11:02 / 19.12.2024
Навоийда бир мактабдан кетма-кет уч ўқувчи вафот этди
09:30 / 04.12.2024
Дунёдаги энг қиммат 10 та мактаб-интернат: уларда йиллик ўқиш нархи 100 минг доллардан ошади
23:13 / 28.11.2024
Тошкент вилоятида ўқитувчи 9-синф ўқувчисини калтаклади
07:30 / 23.11.2024