Фронтдаги вазият: Украина қарши ҳужумга ўтиши мумкин бўлган муддат айтилди
Politico нашри америкалик ҳарбийларга таяниб ёзишича, Украина армиясининг йирик қарши ҳужуми яқин олти–саккиз ҳафта ичида рўй беради. Украиналиклар баҳорги лойгарчиликлар тугаб, кунлар исишини, шунингдек ўз бўлинмаларининг Европа давлатларидаги ўқишлари якунланишини кутмоқда.
Шу вақтнинг ўзида мутахассислар ғарб давлатларида ишлаб чиқарилган «ҳаво – ҳаво» синфидаги ракеталарни Украинанинг совет даврида ишлаб чиқарилган қирувчи учоқларга ўрнатиш имкониятини ўрганишмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар қўшимча ўт очиш қувватлари ҳамда ҳаво ҳужумидан мудофаага эҳтиёж сезаётган Киевнинг F-16 қирувчи самолётлари борасидаги муаммосини ёпиши мумкин.
Politico нашри АҚШ мудофаа вазирлигининг номи ошкор қилинмаётган икки мулозими, шунингдек Украина бўйича муҳокамада иштирок этаётган яна бир манба сўзларини келтирмоқда. Америка ва украин ҳарбийлари айни вақтда Украина ҳарбий ҳаво кучларига тегишли «МиГ» ҳарбий қирувчи самолётларига «ҳаво – ҳаво» синфидаги ўрта масофага ҳаракатланувчи AIM-120 ракеталарини қандай ўрнатиш устида бош қотиришмоқда. Бу ракеталар ғарбнинг F-16 каби самолётларидан учиришга мўлжалланган.
Интеграция жараёни муаммоларга тўла, чунки ракета нафақат жисмонан самолётга ўрнатилиши, шунингдек унинг радари билан «сўзлашиши» ҳам талаб этилади. Ўт очиш учун аввалига самолёт радари ракетага нишонни кўрсатади, сўнг ракетанинг ўзи нишонни топиб олгунга қадар уни йўналтириб туради.
«Асосий муаммо шундаки, американча ва совет тизимлари шу қадар фарқлики, ракета ва самолёт бир бирининг тилини тушунмаяпти», дейилади мақолада.
Агар муваффақиятга эришилса, бу АҚШ томонидан Украина самолётларига «ҳаво – ҳаво» типидаги ракеталардан фойдаланиш имконини тақдим этган илк ҳолат бўлади. Айни пайтда Украина қуролли кучларида ғарб давлатлари томонидан етказиб берилган, хорижда ишлаб чиқарилган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари орқали учириладиган айрим ракеталар бор. Бундан ташқари, Украина армияси ихтиёрида «ҳаво – ер» синфидаги AGM-88B ракеталари ҳам борки, улар билан ерда жойлашган нишонларни бемалол уриш мумкин.
Словакия мудофаа вазири Ярослав Над аввалроқ ўз мамлакати Украинага ўнта «МиГ-29» қирувчи самолётларини етказиб беришга тайёрлиги, Нидерландия ташқи ишлар вазири Вопке эса вазирлар маҳкамаси F-16 қирувчи самолётларини етказиб бериш имкониятини ўрганиб чиқишини айтган эди.
Айни пайтда АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари миллий гвардиясининг Аризонадаги ҳарбий базасида украин пилотларининг турли ҳарбий самолётлар, жумладан F-16 самолётини бошқариш учун қанча вақт талаб қилиниши бўйича маҳоратлари синовдан ўтказилмоқда. Ўтган ҳафтада АҚШнинг олий мартабали генераллари украин ҳарбийларини биргаликдаги қўшма машқлар ўтказилган Германияда қабул қилишган. Улар урушнинг кейинги босқичига тайёрланишмоқда.
Россиянинг Украинага бостириб кирганига бир йил тўлиши арафасида АҚШ президенти маъмурияти Киевни уруш векторини ўзгартириш учун ҳал қилувчи фурсат етганидан огоҳлантирган. Оқ уй ҳарбий қурол-аслаҳалар етказиб бериш ҳажми ортиб борар экан, Украина ҳукуматига босимни оширмоқда ва фронтда муваффақиятли натижалар кутмоқда.
Буюк Британия мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, Россия қўшинларига кўплаб йўналишлар бўйича кенг фронт бўйлаб сиқувга олиш буюрилган, лекин уларга фронт чизиғини ёриб ўтиш учун куч етмаяпти, шу сабабли истиқболда Украина армиясининг қарши ҳужумини кутиш мумкин.
Донецк областидаги Бахмут шаҳри ҳозирча фронтнинг интенсив тўқнашувлар кетаётган сўнгги участкаси бўлиб қолмоқда. Афтидан, Украина кучлари Бахмутдан чекланган миқдорда тактик чекинишни амалга оширмоқда, лекин шаҳарни тўлиқ тарк этиш ҳақида ҳали гапиришга эрта. Бу ҳудудда Россия ҳужуми ўзининг муқаррар кулминациясига етгани, РФ ҚКнинг Вуҳледардаги ҳужуми якунлангани ва русларнинг Луҳанск областидаги ҳужуми тўхтаб қолгани Украинанинг бўлажак қарши ҳужуми учун мустаҳкам шароитлар яратади. Чунки айни пайтда ҳужум қилаётган томон тамомила ҳолдан тойган, дея қайд этган Америка урушни ўрганиш институти (ISW).
Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк эса мамлакат қуролли кучларининг қарши ҳужуми икки ойдан сўнг бошланишини айтди.
«Биз россияликларни Бахмутда ҳолдан тойдирамиз, сўнг бошқа жойга диққатимизни жамлаймиз. Бизга узоқ масофадаги нишонларни ура оладиган ракеталар керак. Биз 155 мм калибрли оғир артиллерия снарядлари етказилиши кўпайтирилишига муҳтожмиз. Биз шошилаётганимиз йўқ, кейинги икки ой ичида қайтадан тизилиб оламиз», деган Подоляк.
Таҳлилчилар фикрича, Бахмутдан сўнг Россия кучлари Украина қуролли кучларининг ёпирилма ҳужумига бардош бера олмайди, Кремл оғир йўқотишлар ўрнини қоплаш учун ҳарбий сафарбарликнинг яна бир тўлқинини ўтказишга мажбур бўлади. ISW фронтдаги улкан йўқотишлар Россияга бошланган ҳужумнинг миқёсини кўпайтириб, сезиларли муваффақиятга эришиш учун етарли тарзда бўш захиралар етишмаётганини таъкидлаган. Айниқса Россия қўшинларига ўтган йилда улкан йўқотишларга дучор бўлган танк қисмлари етишмаяпти.
Мавзуга оид
22:34
Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хоҳлайди?
20:22
Фронтдаги вазият: Россия ва КХДР қўшинлари Курск областида юришнинг янги тўлқинини амалга оширмоқда
21:42 / 23.12.2024
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
22:14 / 21.12.2024