Ўзбекистон | 18:31 / 11.03.2023
7682
3 дақиқада ўқилади

Иброҳим Абдураҳмонов ЮНЕСКОнинг халқаро мукофоти билан тақдирланди

Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов табиий фанлар соҳасида ЮНЕСКОнинг халқаро мукофоти билан тақдирланди. Тақдирлаш маросими Экваториал Гвинеянинг Жиблоҳо шаҳрида бўлиб ўтди. 350 минг долларлик мукофот суммаси тўрт лауреат ўртасида тақсимланади.

Фото: Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги

Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, генетик, биология фанлари доктори Иброҳим Абдураҳмонов молекуляр геномика соҳасидаги ютуқлари жамланмаси билан табиий фанлар соҳасидаги ЮНЕСКО – Экваториал Гвинея халқаро мукофоти билан тақдирланди.

Айни пайтда олий таълим, фан ва инновациялар вазири сифатида фаолият юритаётган олимга ушбу мукофот кеча, 10 март куни Экваториал Гвинеянинг Жиблоҳо шаҳрида тантанали равишда топширилди.

Иброҳим Абдураҳмонов ғўзанинг касалликларга чидамлилиги, тола сифати ва ҳосилдорлиги каби фойдали хусусиятларини аниқлаш имконини берадиган молекуляр маркерларни ишлаб чиққани учун мукофотланди.

Мукофот 350 минг АҚШ долларига тенг бўлиб, танловда муваффақиятли қатнашган тўрт номзод ўртасида тенг тақсимланади ва диплом ҳамда ҳайкалча билан тақдирланади. Танлов Экваториал Гвинея Республикаси томонидан молиялаштирилади.

2023 йилги мукофотга лауреатлар қаторида Миср Миллий тадқиқот марказининг Озиқ-овқат токсикологияси ва ифлослантирувчи моддалар кафедраси профессори Мусад Аттиа Абдул-Ваҳоб, Литванинг Вилнюс университети Нанотехнология ва материалшунослик маркази раҳбари Алмира Раманавиcиен, Хитойнинг биринчи хусусий тадқиқотга йўналтирилган университети – Westlake University асосчиси Йигонг Ши ҳам бор.

ЮНEСКО – Экваториал Гвинеянинг табиий фанлар бўйича тадқиқотлар учун халқаро мукофоти 2012 йилда ЮНEСКО томонидан инсон ҳаёти сифатини яхшилашга олиб келадиган илмий тадқиқотларни мукофотлаш учун таъсис этилган.

Мукофотнинг асосий мақсади – ЮНEСКО ташкилотига аъзо давлатларда алоҳида шахслар, институтлар ва нодавлат ташкилотлар томонидан инсон ҳаёти яхшиланишига салмоқли ҳисса қўшган илмий тадқиқот лойиҳалари ва фаолиятларини мукофотлашдан иборат.

Мукофот ЮНEСКО Ижроия кенгаши томонидан 2030 йилгача Барқарор ривожланиш кун тартибига, шунингдек, ЮНEСКОнинг глобал устуворликларига эришишни қўллаб-қувватлаш мақсадида таъсис этилган. Мукофотга лойиқ номзодлар халқаро ҳайъат тавсияси асосида ЮНEСКО Бош директори томонидан танлаб олинади.

Ғолиблар 2012 йилдан бошлаб ҳар 2 йилда аниқлаб келинади. Иброҳим Абдураҳмонов ушбу мукофотга сазовор бўлган Марказий Осиёдаги илк олим бўлди.

Мавзуга оид