Ўзбекистон | 14:06 / 12.03.2023
14051
14 дақиқада ўқилади

Рақобат, монополистлар ва рақамли платформалар — Фаррух Қорабоев билан суҳбат

“Муҳими – катта монополияларни жиловлаш”. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Фаррух Қорабоев Kun.uz учун журналист Александра Иванюженконинг саволларига жавоб берди.

Фото: KUN.UZ

Қонунларга ўзгартишлар

— Сенат “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририни қабул қилди, у узоқ вақт давомида воқеликни акс эттирмаган ва фақат молия ва товар бозорларини тартибга солиб келган. Қонун қабул қилингандан кейин нима ўзгаради? Нега бу қонунни шунча вақт кутишимиз керак бўлди?

— Рақамли бозорни тартибга солишдаги муаммолар нафақат Ўзбекистоннинг бош оғриғи. Нисбатан яқин вақтгача дунёда рақамли платформаларни тартибга солиш йўқ эди. Барча ҳукуматлар учун бу муаммо. Ҳозир ҳеч бир давлатда ушбу бозорни қандай тартибга солиш ва нима қилиш кераклиги ҳақида умумий ёндашув йўқ.

Масалан, 2020 йилда АҚШ сенаторлари қўмитасининг рақамли бозорларни, рақамли платформани қандай тартибга солиш бўйича 420 саҳифадан иборат улкан ҳисоботи эълон қилинди. Европада яқин вақтгача турли хил амалиётлар мавжуд эди, улар Digital Markets Act, рақамли бозорлар тўғрисидаги қонун деб номланган қонунни қабул қилдилар. Энди у ҳамма учун йўналиш бериши мумкин бўлган бенчмарк, намуна бўлади.

Рақамли бозор шунчаки бозор эмас, бу кўп йўналишли бозор эканини тушунишимиз керак. Яъни, бир вақтнинг ўзида уларда бир нечта ўзаро алоқалар юз беради.

— Бу нима дегани?

— Анъанавий бозор бор, бу ерда “харидор-сотувчи” бор ва ҳаммаси шулар билан тугайди. Ҳа, баъзи воситачилар бор, лекин булар ҳам – анъанавий муносабатлар. Facebook'ни олайлик. Рақамли платформа. Бир қарашда у ўз хизматларини монетизация қилмайди, бепул тақдим этади. Яъни платформа яратади, биз харидор сифатида ушбу платформадан бепул фойдаланиш имкониятига эгамиз. Аммо платформада бир неча ўнлаб муносабатлар бошланади: биз реклама берувчи билан ўзаро алоқада бўлганимизда Facebook ўз хизматларини монетизация қилади, реклама жойлаштирганлар билан алоҳида муносабатлар. Бошқа компаниялар рекламасини жойлаштирадиган алоҳида компаниялар мавжуд. Ўзаро алоқада бўлган рақамли маҳсулот ишлаб чиқувчилари бор, сервислар бор, уларнинг ўз маркетплейслари ва бошқалар бор…

— Донаторлар…

— Ҳа, донаторлар – маълумотлар, маркетинг хизматлари ва бошқаларни тўплайдиганлар. Ва алоҳида, фойдаланувчиларнинг ўзлари ўзаро алоқада бўлишади, “сотувчи-олувчи” ролида. Яъни, ўзаро муносабатлар ва бозорлар жуда кўп. Маҳсулот чегарасини белгилашда жуда катта қийинчиликларни келтириб чиқарадиган кенглик бу. Тушуниш учун – иқтисодий назарияда маҳсулот чегаралари ҳар бир маҳсулот ёки хизмат учун устун мавқени аниқлаш учун керак.

— Яъни, озиқ-овқат чегаралари бу – дейлик агар бирор киши 2-3 доллар ишлаб топмоқчи бўлаётган бўлса, солиқ унга тегмайди. Бу кўчада соябонларни ижарага бергандек – “майли, пул топишсин”, ҳеч ким уларга тегмайди. Лекин қандайдир чегара борки, у ердаги даромад – соябон эмас...

— Энди сизнинг фаолиятингиз монополияга қарши тартибга солиш текислигига ўтмоқда.

— Доминант позиция нима?

— Яхши савол. Ҳукмрон ёки монопол мавқега, одатда, икки йўл билан эришилади. Биринчиси, инновациялар орқали. Инновацияларга сармоя киритганингизда, харажатларингиз камаяди, сифат яхшиланади, мос равишда сиз бошқа рақобатчилар билан рақобатдош бўласиз ва бозордаги ҳукмронлигингиз аста-секин ошиб боради. Сиз бунга табиий равишда эришдингиз. Иккинчи тур – монополиялар ёки доминант компаниялар давлат ёрдамида пайдо бўлади. Давлат имтиёзли шарт-шароитларни яратганда, эксклюзив ҳуқуқларни тақдим этганда, ўз фаолияти учун махсус шарт-шароитларни яратиб берганда, бу рента тўплаш ва катта компания бўлишга ёрдам беради ва бу шартларга бир томонлама таъсир қилади.

UzAuto ҳақида гапиряпмизми?

— Шу жумладан.

— Такси-транспорт бозорини эгаллаб олган Yandex компанияси табиий монополистми?

— Биз буни ўрганишни бошладик, ўтган йилдан бери фаол ўрганяпмиз. Биз улар билан учрашдик, тарифларни қандай шакллантиришларини тушунтиришди. Лекин бизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ кўплаб саволлар қолди.

Саволларга жавоб беришмадими?

— Жавоб беришга ҳаракат қилишди, лекин конструктив иш олиб боришларига, мурожаатларимизга қонун доирасида жавоб беришларига ишонтиришди. Ҳукмронликни аниқлаш учун бизга тўлиқ календар йили учун йиғилган маълумотлар керак.

— Ҳукмрон мавқени аниқлаш учун қандай мезонлардан фойдаланилади?

— Амалдаги қонунлар бўйича бизда иккита мезон мавжуд. Янгиси ҳали имзоланмаган, аммо Қонунчилик палатаси ва Сенат томонидан маъқулланган, барча ўқишлардан ўтди. Ва биз ушбу янги қонуннинг яқин келажакда имзоланишини кутмоқдамиз. У имзолангандан кейин уч ой ўтгач кучга киради. Бу вақтга келиб биз рақамли платформаларнинг устун мавқейини аниқлаш тартиби тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасини тайёрлаймиз деган умиддамиз.

Аммо бунгача ҳам амалдаги қонунчиликда иккита ёндашув мавжуд: биринчиси, агар компаниянинг бозор улуши 50% дан ошса, у автоматик равишда доминант компания сифатида тан олинади.

— Ҳозирча эса Yandex устунлик қилиш-қилмаслигини сизлар ҳисоблай олмайсизларми? Бозорнинг 50 фоизига эгами, йўқми?

— Ҳозирча аниқлолмаймиз. Лекин биз дарҳол барча юрисдикцияларни талаб қилдик. Швейцария ва Голландияга сўровлар юбордик, шуъба корхоналари рўйхатдан ўтган жойлар – Европа ва Россиядан маълумотлар сўрадик. Улар биз билан боғланиб, барча маълумотларни тўлиқ ҳажмда беришга ваъда беришди. Шунингдек, биз Uber'ни Yandex билан бирлаштириш масаласини ўрганмоқчимиз. Яъни бу транзакция, айтайлик, 2017-2018 йилларда қаердадир содир бўлган, бозоримиздаги рақобат ҳолатига қандай таъсир қилди ёки таъсир қилиши мумкин.

Йиртқичлар ҳақида. Яхшими, ёмонми?

— Унда савол: йирик рақамли компания бизнинг бозоримизга технология ва катта пул билан кириб келади. Уч ой ичида демпинг орқали бозорни қуюшқон қилди. Ва ушбу уч ой ичида маҳаллий компанияларнинг кўпчилиги дош беролмади. Майдон тозаланди. Монополия яратилди. Нархлар кўтарилиши мумкин, хизматлар сифатини кузатиб бўлмайди – барибир рақобатчилар йўқ. Улар – йиртқичларми? Бу адолатсиз рақобат белгисими?

— Амалдаги қонунчиликка мувофиқ – йўқ. Бошқалар учун киришни тўсиб қўйишса – ҳа. Аммо умуман олганда, адолатсиз амалиёт деб, албатта, бу тан олинади. Аммо биз маълумотларга асосланиб, ушбу компания ҳукмронлик қилаётганини тан олсак, унда бундай ҳаракатлар – демпинг – тақиқланади. Бизда бу “монопол паст нарх” деб аталади. Халқаро амалиётда бу “йиртқич нарх” деб аталади (predatory pricing). Бундай компаниялар йиртқич ҳаракатлари билан рақобатчиларни бозорни тарк этишга мажбур қилади. Шунинг учун биз ҳозирда рақамли бозорда содир бўлаётган воқеаларни диққат билан кузатиб борамиз, қўмита ичида турли бўлимлардан махсус ишчи гуруҳимиз бор: бозорни таҳлил қиладиганлар, монополияларни тартибга солувчилар, шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мутахассислар бор. Барча жиҳатларни ҳисобга оладиган интеграциялашган гуруҳ.

— Бизнесни тартибга солиш ёмон-ку?

— Ҳозир бозорни либераллаштиришга катта эътибор қаратиляпти, биз ҳаддан ташқари маъмурий тартибга солишдан узоқлашяпмиз. Биз аввалги эскирган механизмларни олиб ташлаймиз. Масалан, илгари монополистлар реестрига кирганлар нархларни тартибга солиш органидаги каби Молия вазирлигида ўз нархларини эълон қилишлари керак эди. Шунга кўра, кейин биз бориб, нархлар қанчалик оқилона ўрнатилганини текширардик ва ортиқча нархни кўрганимизда, жаримага тортардик. Аммо нархларни тартибга солиш компанияларга ривожланиш учун имкон бермасди. Мослашувчанлик йўқолди ва сифат билан ўйнаш бошлади.

Демотивация қилмаслик учун давлат 2017 йилдан бери ушбу амалиётдан узоқлашди, тўлиқ карт-бланш берди, энди нархларни бозор ва инвестиция харажатларига қараб белгилашади. Аммо бу дегани бозорга қандайдир салбий таъсир кўрсатилса, рақобат чекланиб, ўйинчилар чиқиб кетаверса, биз қараб турамиз дегани эмас. Умуман олганда, бизнинг барча ўзгартишларимиз – рақобатбардош сиёсат ва монополияга қарши фаолиятни ривожлантириш. Дунё бўйлаб монополияга қарши органлар ўзгариб бормоқда, чунки бозорлардаги барча анъанавий муносабатлар ўзгариб бормоқда.

— Сунъий интеллектни ҳисобга олиб...

— Сунъий интеллект – алоҳида масала. Сунъий интеллектдан фаол фойдаланадиган компаниялар катта рақобат устунликларига эга бўлишлари аниқ.

— Бу – бозор...

— Ҳа, бу – бозор. Масала бошқа томонда: биринчидан, монополияга қарши органлар буни қандай тартибга солиш бўйича тегишли экспертизага эга эмаслар, чунки тажриба ва амалиётни тўплаш учун вақт керак. Энди рақамли платформалар ва сунъий интеллектни тартибга солиш бўйича махсус бўлимлар оммавий равишда очилмоқда, масалан Буюк Британиянинг монополияга қарши органи 2021 йилда рақамли бозорларни тартибга солиш бўйича махсус бўлимни очди.

— Сизлар ҳам очасизми?

— Ҳозирча йўқ. 2019 йилдан бошлаб хусусан рақамли бозорларни таҳлил қилиш билан алоҳида таҳлилий бўлим шуғулланяпти, бироқ ҳозирча бизда етарлича малака йўқлиги табиий.

— Бозорда устун мавқега эга компания қандай рискларга дуч келади бизда? Жаримами?

— Маъмурий жарима. Энди тасаввур қилинг-а, рақобатнинг энг зарарли тури – картел келишуви учун кичкина жарима тўланса…

— Миқдор?

— Уч миллион...

— Яъни, айбинг учун индулгенция тўла ва бузғунчиликда давом эт…

— Айнан. Лекин ҳаммаси ўзгаряпти, биз халқаро амалиётни, бошқа давлатлар қонунчилигини кўриб чиқяпмиз. Масалан, бошқа мамлакатларда худди шундай турдаги қоидабузарлик учун айланманинг 15 фоизи миқдорида жарима солинади.

— Ўҳ-ҳў!..

— Ҳа. Буюк Британияда трансчегаравий компанияларнинг глобал айланмаси 30 фоизгача. Канадада улар 14 йилга қамалиши мумкин. Аммо, ҳамкасбларнинг таъкидлашича, бу камдан кам ҳолларда содир бўлади, аммо “ўтириш” эҳтимоли борлигининг ўзи жуда ҳушёр қилади. Биз айланманинг 5 фоизини таклиф қилдик ва бу ҳам сезиларли чора. 1 майдан бизнесга ҳар қандай турдаги янги жарималарни жорий этишга мораторий киритилади.

Фурсатдан фойдаланиб, мен тадбиркорлик ҳамжамияти ва умуман жамоатчиликка мурожаат қилмоқчиман: Рақобат тўғрисидаги янги қонун шунчаки хусусий бизнесни антипонопол тартиблашга эмас, аввало монополияларнинг: катта компаниялар, ўта катта компанияларнинг бозордаги ҳукмронлигини чеклашга қаратилган. Биз ҳатто янги қонунда бирлашув, қўшиб олиш ёки акцияларни, ҳиссаларни сотиб олиш келишувлари чегарасини 5 баробар кўтариб қўйишни таклиф қилдик. Ҳозир биз бунинг рақобатга таъсирини ўрганяпмиз, барча, 30 миллиард сўмдан кўп бўлган келишувларни ўрганяпмиз. Бу БҲМнинг 100 минг баробарини ташкил қилади. Яъни, фақатгина энг катта келишувлар биздан ўтади, қолганлари эса ушбу маъмурий юкдан қутулади. Шу билан бирга, кичик бизнес аксилмонопол тартиблашдан озод этилади, яъни юқорилатилган тарифлар фақат ашаддий тартиббузар-монополистларга қўлланади.

— Кичкиналар ривожлансин...

— Ҳа, улар ривожлансин. Агар улар ўртасида келишмовчиликлар юзага келса, уларни судларда, шу жумладан ҳакамлик судида ҳал қилиш мақсадга мувофиқ, чунки анъанавий равишда монополияга қарши орган дунёнинг ҳеч бир жойида бундай масалалар билан шуғулланмайди. Бундан ташқари, энди бизда имкон қадар тезроқ ҳал қилиниши керак бўлган мутлақо янги вазифалар турибди. Шунингдек, биз рақамли компанияларга нисбатан товар бозори учун одатий меъёрлардан баъзи огоҳлантиришлар билан фойдаланиш имкониятига эгамиз.

Лекин энг муҳими, биз ҳозирда монополияга қарши қоидаларни, доминант деб топишнинг ўзига хос шартлари ва ўзига яраша чекловларни, устун мавқени суиистеъмол қилишга нисбатан тақиқларни ишлаб чиқяпмиз.

Европада уларни товар бозори учун фойдаланадиган оддий воситалар билан жаримага тортишди, лекин кейин бу шунчаки товар эмаслигини тушунишди, катта рақамли гигантлар шахсий маълумотларга кириш ҳуқуқига эга бўлиб, устун мавқени қозонишди. Сизнинг одатларингиз ҳақида маълумот олишади. Шунинг учун улар ўйлаб-ўйлаб, тақиқлаб қўйишдан яхшироғини топа олишмади, гейткиперларни белгилашни жорий қилишди. Гейткипер – бу рақамли платформа, кўп томонлама бозор мавжуд бўлишига имкон берадиган платформа. Уларнинг тақиқлари бор, мезонлари бор. Эҳтимол, биз айни шу йўлдан борармиз, баъзи чекловларни киритармиз, аммо бу бизнинг фикримиз.

— Булар борасида мулоҳазалар юритишда кимдир ёрдам беряптими?

— Бу борада Жаҳон банки, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, БМТнинг Тараққиёт дастури билан ҳамкорлик қиляпмиз, улар мутахассислар билан ёрдам беришяпти. Мутахассисларни механизмлар аллақачон ишлаб чиқилган мамлакатлардан жалб қилиш керак, масалан, Германиядан. Янги қонунни ишлаб чиқишда биз айнан Германиянинг рақобат тўғрисидаги қонунида мавжуд бўлган меъёрларга асосландик.

Ва энг муҳими, давлат бу соҳада ҳаддан ташқари тартибга солишни жорий қилмаслиги керак, чунки бу инновацияларни бўғиб қўяди. Ва бозорнинг ривожланиши сезиларли даражада секинлашиши мумкин. Буни олдини олиш учун тартибга солиш “қумдон”лари яратилмоқда – меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилмасдан аввал ахборот технологияларидан фойдаланишга асосланган янги бизнес моделларни шакллантириш учун. Такси агрегаторлари соҳаси бу босқичдан ўтиб бўлган – 9-10 йилдан бери мавжуд улар. Энди бу бозор тартибга солинади. Қонун кучга киргунга қадар биз барча тартибга солиш механизмларини тайёрлашни режалаштирмоқдамиз. Ва улар асосий қонун билан параллел равишда кучга кириши керак, шунда ҳуқуқий вакуум яна пайдо бўлмайди. Айнан шу нарса устида ишлаяпмиз.

Мавзуга оид