Россия аҳолиси кетма-кет иккинчи йил миллиондан зиёдга камаймоқда: бунга урушнинг қандай таъсири бор?
Россиядаги демографик фалокат урушдан ҳам аввалроқ бошланган эди. Аммо Кремл томонидан Украинада бошланган бундай ҳажмдаги ҳарбий ҳаракатлар уни янада кучайтирди.
Росстат маълумотларига кўра, 2021 йилда россиялик эркакларнинг ўртача умр кўриш давомийлиги 65,5 ёшни ташкил этган эди. Бу 2014 йилдан буён кузатилган энг паст кўрсаткич. Ўша 2021 йилда — Украинада ҳали кенг миқёсли уруш бошланмасдан аввал Россияда аҳолининг қисқариши (туғилганлар ва ўлганлар ўртасидаги фарқ) Иккинчи жаҳон урушидан буён жамики рекордларни янгилади — 1 млн 43 минг киши.
«Дастлабки маълумотларга кўра, 2022 йилда РФда 1 млн 306 минг 162 чақалоқ дунёга келган, 1 млн 905 минг 778 киши вафот этган. Табиий камайиш 599 минг 616 кишини ташкил этган ва бу 2021 йилнинг кўрсаткичидан 42,5 фоизга кам», — дейилади Росстат маълумотномасида.
Абсолют рақамларда Россия Федерацияси аҳолиси 2021 йилда 613 минг кишига камайган, чунки табиий қисқариш миграцион ўсиш (430 минг киши) билан компенсация қилинди.
Табиийки, янада муҳимроқ савол ўртага қалқиб чиқади: бир йиллик интенсив ҳарбий ҳаракатлардан сўнг Россия демографияси қай аҳволга тушди? Росстат Россиянинг 2022 йилда аҳоли камайиши бир мунча қисқарганини таъкидламоқда. Унинг ҳисобларга кўра, аҳоли «бор-йўғи» 600 минг кишига камайган.
Ўз-ўзидан тушунарлики, Путиннинг расмий статистикаси ишончга сазовор эмас. Бироқ, 2021 йилги демографик фалокат кўрсаткичларга нисбатан шартли равишда «хайрлироқ» деб аташ мумкин бўлган рақамларни ҳам у ёки бу даражада мантиқий тушунтириш мумкин.
Гап шундаки, Россия аҳолиси камайиши бўйича 2021 йилги антирекордга COVID-19 ҳам катта «ҳисса» қўшганди. Ортиқча ўлим кўрсаткичлари ўша йили мамлакатда 300 мингдан зиёд бўлган. 2020 йилда камайиш 703 минг бўлгани ҳисобга олинса, 2021 йилда ковид йўқотишлари бўлмаганда кўрсаткич худди шундай, 700 минг атрофида бўлиши мумкинлиги тахмин қилиш мумкин, лекин шу ҳам кам эмас. Россия аҳолисининг бу даражада кўп камайиши Путин тилга олишни хуш кўрадиган «мусибатли 90-йиллар»га хос.
Бироқ, Росстат маълумотларига кўра, кенг миқёсда уруш олиб борилган 2022 йилда мутлақо кутилмаган ҳодиса кузатилган: Одатий тарзда Россияда аҳоли сони қисқариб бораётганини кўрсатиб турувчи сон 600 минггача пасайибди.
Бу ерда мавзунинг яна бир жиҳати муҳим. Сўнгги йилларда аҳоли қисқариши биринчи навбатда туғилиш камайиши ҳисобига рўй бермаяпти, гарчи бунинг ҳам ўз ўрни бўлса-да. Масалан, 2022 йилда Россияда 2021 йилга нисбатан 100 мингга камроқ бола туғилган. Бироқ, сўнгги йилларда Россияда аҳоли қисқаришининг асосий омили айнан ўлим кўрсаткичлари ошиши бўлмоқда.
Мутлақо ажабланарли ҳолга гувоҳ бўлиш мумкин: иккинчи жаҳон урушидан буён миқёси бўйича мисли кўрилмаган уруш олиб борилаётган йилда Россияда ўлим кўрсаткичлари камайиб, 540 минг кишини ташкил этмоқда!
Тушунарли бўлиши учун: бир йил ичида ўлим кўрсаткичлари пасайиш томонга бу қадар тебранган йил Россияда ҳеч қачон бўлмаган. Ҳаттоки нисбатан фаровон турғунлик йилларида ҳам, аҳоли сони барқарор ўсишда давом этган Горбачёв йилларида ҳам.
Буни қандайдир объектив сабаблар билан тушунтириш имконсиз. Албатта, Россияда ўлим сони камайганига сабаб қилиб COVID-19 пандемияси ўтиб бўлганини кўрсатиш мумкиндир. Чунки 2021 йилда ортиқча ўлимлар сони 300 мингдан зиёдни ташкил этган. Агар бу рақамни 2022 йилги 540 минг бўлган умумий сондан айирсак, 2022 йилда Россияда ўлимлар сони мутлақо номаълум сабабларга кўра 240 мингга камайгани келиб чиқади. Бунақаси эса замонавий Россия тарихида ҳеч қачон бўлмаган. Боз устига, бу кўрсаткич мамлакат олиб бораётган кенг миқёсли уруш фонида рўй бермоқда.
Буни демографик статистикани қўшиб ёзиш ва қоғозда таҳрирлашдан бўлак нарса билан тушунтириб бўлмайди. Бу ерда ҳали Росстатнинг очиқ маълумотларида аҳоли ўлими ва мамлакатни тарк этиши борасида «тинчлик даври»даги (Россияда расман «тинчлик даври ҳукм сурмоқда, ахир!) ҳарбий йўқотишлар ҳисобга олинмаслиги қўшилмаган. Чунки РФнинг амалдаги қонунига кўра, уларни ошкор этиш тақиқланган.
Юқорида санаб ўтилган манипуляцияларга қарамасдан, Путин статистикасининг расмий рақамлари Россия аҳолисининг камайиши 2022 йилда жуда юқори даражада — қарийб 600 минг киши бўлганини кўрсатиб турибди.
Бу хулоса Росстатнинг бошқа маълумотлари билан тасдиқланади ва рақамларнинг ошиши томон янада аниқлик киритилади. Масалан, 2021 йилнинг октябр-ноябр ойларида ўтказилган аҳолини саноқдан ўтказиш маълумотларига кўра, мамлакатда 147 млн 590 минг 600 киши яшаган. Албатта, бу ерга аннексия қилинган Қрим аҳолиси ҳам қўшилган. Агар ҳисоб-китоб Россиянинг фақат халқаро тан олинган чегараларида олиб борилганида, рақам 2,5 миллон кишига камроқ бўларди.
Орадан бир йилдан сал зиёд вақт ўтгач, 2023 йилнинг 1 январида Росстат РФнинг умумий аҳоли сонини 146 млн 424 минг 729 киши деб эълон қилди. Шундай қилиб, абсолют рақамларда Россия аҳолиси 2022 йилда 1 млн 165 минг 871 кишига камайган.
РФ аҳолисининг бундай қисқариши, албатта, фақат аҳолининг сифатсиз тиббиёт, истеъмол даражаси пасайиши ва ҳарбий йўқотишлар эвазига табиий камайиши туфайли эмас, россияликларнинг бошқа давлатларга ёппасига эмиграция қилиши ортидан ҳам келиб чиққан.
Қайд этмоқ жойизки, Россия нақд аҳолиси сонининг кескин камайиши Украинадан Россияга қочқинлар сони ошиши фонида рўй бермоқда. БМТ маълумотларига кўра, 2022 йилда Россия Федерациясига турли йўллар билан (айрим ҳолатларда мажбуран) қарийб 2,9 млн украиналиклар олиб ўтилган. Бу ҳолатда Росстат фойдаланадиган, мамлакат аҳолисини саноқдан ўтказиш бўйича халқаро услубга кўра, «аҳоли сони» тушунчаси транзит йўловчилардан ташқари мамлакат ҳудудида бўлиб турган барча одамларни қамраб олади. Хорижликлар ва фуқаролиги йўқ бўлган шахсларни ҳам ҳатто. Яъни Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистондан бориб ишлаётган меҳнат мигрантлари ҳам ҳисобга олинади.
Лекин, яна бир бор такрорлаш лозимки, Украинадан миллионлаб қочқинлар мамлакатга оқиб кириши, ковид пандемиясидан сўнг ўлим даражаси пасайишига қарамасдан, Росстат маълумотларига кўра, абсолют рақамларда Россия аҳолиси сони 1,16 миллион кишига камайган. Бу эса Иккинчи жаҳон урушидан буён янги рекорд.
Рақамлар ўзидан ҳикоя қиладиган ҳолат.
Мавзуга оид
08:44 / 12.12.2024
Росстат: Деярли 12 млн россиялик қашшоқлик чегарасида яшаяпти
15:51 / 31.10.2024
Хитойда аёлларни фарзанд кўришга ундовчи қўнғироқлар қилинмоқда
14:45 / 18.07.2024
Росстат биринчи марта ташқи сабаблардан ўлим ҳақидаги маълумотларни яширди
08:33 / 08.04.2023