Халқаро фаоллар россиялик олигархларга қарши санкцияларни сақлаб қолишга чақирди
Украиналик ва халқаро фаоллар кремлпараст олигархларга нисбатан санкциялар бекор қилинганидан норози. Улар Европа Иттифоқи ва Британияни россиялик магнатларнинг ўз обрўсини сақлаб қолишга қаратилган уринишларини тўхтатишга чақирди.
Украиналик ва халқаро фаоллар Европа Иттифоқи ва Буюк Британияни россиялик олигархларнинг ўз обрўсини сақлаб қолишга қаратилган ва Россиянинг Украинага қарши уруши туфайли жорий этилган санкцияларни бекор қилишга эришишга уринишларини тўхтатишга чақирди. «Биз, Украина ва халқаро фуқаролик жамияти ва илмий доиралари вакиллари, яқинда Кремлга яқин шахслар ва улар билан алоқадорларга нисбатан санкциялар бекор қилинганидан, шунингдек, айрим кремлигархларни санкциялар рўйхатидан олиб ташлаш ва уларнинг обрўсини сақлаб қолишга қаратилган уринишлардан ғазабдамиз», — дейилади ўнлаб украиналик ва бир қанча халқаро фаоллар томонидан имзоланган ҳамда 15 март, чоршанба куни чоп этилган баёнотда.
Ҳужжатда қайд этилишича, 1 март куни Алексей Навалнийнинг Коррупцияга қарши кураш жамғармаси (ККЖ) раиси Леонид Волков бошқа россиялик магнатларни Путин билан алоқани узишга рағбатлантириш учун Европа Иттифоқи ва Буюк Британияга ўзи мақбул деб ҳисоблаган кремлигархларга нисбатан санкцияларни бекор қилишни таклиф этган. «Санкциялар фақат чиқиш стратегияси мавжуд бўлганда самарали бўлади» ва урушни қоралаётган олигархларга «аниқ вариант берилиши керак - буни ва буни қилинг ва санкциялар бекор қилинади», деб таъкидлади Волков.
Навалнийнинг иттифоқчиси миллиардер Михаил Фридман ва унинг Альфа-Банкдаги шерикларини санкцияларни юмшатишга номзод сифатида таклиф қилди, чунки улар, унинг фикрича, режимга алоқаси йўқ ва унинг жиноятлари учун жавобгар бўлмаслиги керак.
«Яратилган тузум геноцид содир этаётган бир пайтда биз бундай таклиф ва баёнотларни номақбул, маънавий-сиёсий жиҳатдан нопок, деб ҳисоблаймиз», деб таъкидлаган мурожаат муаллифлари.
«Украина ва унинг Ғарбдаги иттифоқчилари россиялик олигархлардан қарздор эмас, аксинча, биз тўлиқ товон тўлашни кутмоқдамиз. Агар олигархлар чиқиш стратегиясини хоҳласа, улар буни ҳозирда мавжуд гувоҳларни ҳимоя қилиш дастурлари ёки Кремль билан ўнлаб йиллар давомида содир этиб келган жиноятларидан қонуний йўл билан қутулишнинг бошқа усуллари орқали амалга оширишлари мумкин», - дейди фаоллар. Уларнинг таъкидлашича, «обрў-эътиборни сақлаб қолиш ва ҳомийлар учун «қўшимча истиснолар» олиш учун қилинган бу уриниш коррупцияга қарши фаолият ниқоби остида олигархлар лоббичиси сифатида фаолият юритаётганларни обрўсизлантиришдан бошқа ҳеч нарса келтирмайди».
Мурожаатни имзолаганлар Европа Иттифоқи Кенгаши, Европа Суди, Буюк Британия ҳукумати ва бошқа барча Европа Иттифоқи/Буюк Британия институтларини Альфа-Банкдан бўлган кремлигархлар ва Путиннинг барча яқин шерикларига қарши санкцияларни уруш тугагунига қадар давом эттиришга чақирди. Бунда, Украинага товон пули тўлаш, россиялик олигархларнинг жиноятлари ҳақида кўпроқ маълумот эълон қилиш, музлатилган активларнинг аниқ миқдорини ошкор қилиш ва Киевнинг мудофаа ва тиклаш соҳасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун олигархлар томонидан товон ундирилишини тезлаштириш зарур бўлади.
Мавзуга оид
16:42 / 11.11.2024
Кремл Путин ва Трамп телефонда суҳбатлашганини рад қилди
10:47 / 11.11.2024
Россия 145 та дрон билан Украинанинг йирик шаҳарларига ҳужум қилди
13:30 / 10.11.2024
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
15:10 / 09.11.2024