Ўзбекистон | 15:01 / 16.03.2023
17292
5 дақиқада ўқилади

Тошкентда метро қурилиши сабаб 22 туп чинор каллакланиб, бошқа ерга кўчириляпти

Янгиҳаёт туманидан ўтган ерусти метросининг 5-бекати олдидаги кўп йиллик чинор дарахтларини метро қурилиши баҳонасида «бошқа жойга кўчириш»га қарор қилинган. Мутахассислар 5 ёшдан ошган дарахтларни кўчириб ўтказиш нотўғри эканини айтишган.

Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманидан ўтган ерусти метросининг 5-бекати олдидаги қатор чинор дарахтлари кесиб ташланаётгани юзасидан Kun.uzʼга мурожаат келиб тушди. Мурожаатда айтилишича, масъуллар маҳаллий аҳолига метро қурилаётгани сабаб бу дарахтлар кесилаётганини маълум қилган.

«Дарахтлар турган жойни тендер орқали сотиб олишган экан, шунинг учун таг-туги билан кесиб олиб кетишаётган экан. Бунинг учун Тошкент шаҳар экология бошқармаси (ҳозирги Тошкент шаҳар табиат ресурслари бошқармаси) рухсат берган эмиш.

Ҳозир кесиб, транспортларга ортиб кетишяпти. Бу бўйича ҳокимиятга мурожаат қилсак, метрога халал бергани учун олиб ташлашаётган экан. Лекин метро ўтиши учун бу ерда ортиқча жойлар бор, дарахтларнинг умуман зарари тегмайди», дейилади мурожаатда.

Kun.uz ҳолат юзасидан Табиат ресурслари вазирлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Фарҳод Деҳқонов билан боғланди. Унга кўра, бу кўп йиллик дарахтлар жойлашган ҳудудда Чилонзор ҳамда Дўстлик метро линиясини боғловчи станция барпо қилинади, шу сабабли 22 туп чинор дарахтининг шохлари кесилиб, уларни бошқа жойга кўчириш ишлари кетмоқда. Унинг айтишича, дарахтларни кўчириш бўйича тегишли ташкилотларга рухсат берилган, вазият назорат остида.

«Бу ҳудуд метро лойиҳасига тушиб қолган, лойиҳадан ташқари битта новда ҳам кесилаётгани йўқ. Максимал даражада метро атрофидаги бир қатор дарахтлар сақлаб қолинмоқда. Ўша вақтларда бу дарахтларни ҳам (кўчиришни) сўрашганди. Энди ҳозир иложи йўқлиги учун 22 туп дарахтни кўчиряпмиз. Бу жараёнда ҳаммасини ўзимиз назорат қилиб боряпмиз, ҳудудга ҳамма мутахассислар чиқиб турибди. Дарахтлар кўчириб ўтказилгач 3 йил давомида парваришланади», деди у.

Бундан ташқари, Деҳқонов нима сабаб дарахтлар бу тарзда каллакланаётганига ҳам изоҳ берди.

«Бу чинорлар кўп йиллик катта дарахтлар ҳисобланади, шу ҳудуднинг ўзида ўсган. Дейлик кун давомида бу дарахтлар 100 литр сувга эҳтиёжи бўлгани, танасининг юқори қисмларига ҳам етиб бориши учун шунча миқдорда сув ичади. Лекин уларни бошқа жойга кўчиргандан кейин патак, майда илдизлари узилади, шу вақтда 100 литрни торта олмай қолади. Ўзига кераклича сувни тортиб олиши учун ҳам тепасидаги шохлари кесиб ташланяпти. Яъни бу жараёнда харажатларини камайтириш керак, бизда шундай услуб бор. Энди бу дарахтлар думалоқ шаклда ёнларидан бачки беради. Бу тарзда кесилган дарахтлар думалоқ бўлиб, сада бўлади. Ëнидан яхши шох бериб, тепага қараб ўсиб кетаверади», дейди бошқарма бошлиғи.

Таъкидланишича, бу чинорлар ўзининг аввалги ҳолатига қайтиши учун 2-3 йил вақт керак бўлади. Деҳқоновга кўра, чинорларни Тошкент вилоятидаги ўрмон хўжалиги ерларига кўчириш тавсия этилган. Қолаверса, Фарҳод Деҳқонов бу ҳудуд ҳеч қандай тадбиркорга берилмаганини қайд этиб ўтди.

«Ерости сувлари яқин, Чирчиқ дарёсининг эски ўзани ўша ерда бўлгани учун шу жой тавсия этилмоқда. Янгиҳаёт ва Сергели тумани ҳокимиятлари дарахтларни қаерга кўчиришни кўрсатадиган бўлган. Умуман олганда, чинорлар суви бор, бемалол ўсишга шароити бор жойларга кўчирилади», дейди у.

Мутахассислар аввалроқ Kun.uz’га дарахтларни қонун-қоидага асосан баҳорги ва кеч кузги мавсумларда кўчириб ўтказиш кераклигини маълум қилганди. Унга кўра, кўчирилган дарахтларнинг қайта кўкариб кетиши 80 фоизгача деб баҳоланган. Бундан ташқари 5 ёшгача бўлган дарахтларни кўчириб ўтказиш мумкинлиги, ёши катта дарахтларни кўчириш нотўғрилиги, уларнинг яшаб қолиш имконияти 50/50 бўлиб қолиши айтилганди. Шунингдек, мутахассислар диаметри 100 смдан зиёд бўлган дарахтларни кўчириш мумкин эмаслигини таъкидлаган.

Қайд этиш жоиз, Сергели—Қўйлиқ ерусти метроси қурилиши натижасида 785 туп дарахт бошқа жойга кўчирилиши маълум қилинганди.

Маълумотларга кўра, Тошкентда 2021 йилда экилган 75 минг дарахтдан 52 мингдан ортиғи қуриб қолган. 2022 йил сентябр бошида Учтепа туманидаги Лутфий ва Катта Хирмонтепа кўчаларининг кесишмаси («Ватан» кинотеатри), собиқ трамвай депоси ўрнидаги қурилиш жойида 42 туп дарахт жойидан кўчириб, қуритиб қўйилганди. Оқибатда табиатга 425 млн 100 минг сўм зарар етказилгани маълум бўлганди.

Пойтахтда кўчирилган дарахтларнинг қуриб қолиш ҳолати янгилик эмас. Жумладан, Kun.uz 2021 йил июнида «Дарахтлар қабристони» — бугунги Тошкент тимсоли номли мақола эълон қилган ва унда Яшнобод туманининг Алимкент кўчасига кўчирилган дарахтларнинг қуриб қолгани ҳақида ёзганди.

Маълумот учун, 2019 йилдан президент фармони билан ўрмонлардан ташқаридаги дарахтларни кесишга мораторий жорий этилганди. 2022 йил январ ойида мораторий муддатсиз даврга узайтирилганди.

 

Мавзуга оид