Макрон мунозарали қонунни овоз беришсиз қабул қилишга қарор қилди. Парижда – тартибсизликлар
Франция ҳукумати зиддиятли қадам ташлади ва пенсия ёшини ошириш тўғрисидаги резонансли қонунни парламентнинг қуйи палатаси – Миллий ассамблеяда овоз бериш жараёнисиз қабул қилди. Париждаги Келишув майдонида тартибсизликлар авж олди.
Мазкур қонун французлар томонидан яхши қабул қилинмади ҳамда бутун мамлакат бўйлаб намойишлар ва иш ташлашлар бошланишига сабаб бўлди. Аммо мамлакат президенти Эммануэл Макрон бу муҳим ислоҳот экани, усиз мамлакат иқтисодиётини аҳоли кексайиб бораётгани ва пенсия жамғармалари тақчиллиги ошаётгани туфайли қайғули келажак кутишини маълум қилди.
Қонун қабул қилингач, намойишлар қайтадан бошланди. Париждаги Келишув майдони ва унинг атрофида намойишчилар чиқиндилар уюмларига ўт қўйишди ва полициячиларни тошбўрон қилишди. Полиция сув пуркагичлар ва кўздан ёш сиздирувчи газли гранаталар билан жавоб қайтарди.
BBC мухбирлари хабар беришича, 16 март куни Париж вақти билан соат тўққиз атрофида сафлари тўлдирилган полициячилар намойишчиларнинг катта қисмини майдондан сиқиб чиқаришган.
Франция полицияси шу куни камида 217 намойишчи қўлга олингани ҳақида хабар берди.
Намойишлар мамлакатнинг бошқа қатор шаҳарларида, жумладан Марсел, Дижон, Нант, Ренн, Руан, Гренобл, Тулуза ва Ниццада ҳам бўлиб ўтди. AFP хабарига кўра, Марселда намойишчилар бир нечта дўконларни бузиб ташлаган, Нант, Ренн ва Лионда ҳам намойишчилар ва ҳуқуқ-тартибот кучлари ўртасида тўқнашувлар бўлган.
Пайшанба куни аввалроқ Сенат қонунни ёқлаб овоз берганди, аммо Миллий ассамблея сессияси бошланиши арафасида президент Макрон Франция Конституциясининг ҳукуматга қонун чиқарувчи органнинг розилигисиз бир томонлама тартибда қонунлар қабул қилиш имконини берувчи моддасини қўллашга қарор қилди. Бунгача ОАВ парламент қуйи палатасида қонунни қўллаб-қувватламасликлари ҳақида ёзганди.
«Биз пенсия тизими келажагига пул тика олмаймиз, бу ислоҳот зарур», деди парламентда чиқиш қилган Франция бош вазири Элизабет Борн.
BBC’нинг Париждаги мухбири Ҳю Сколфилднинг хабар беришича, Макрон партияси вакиллари кун давомида парламентарийларни қонун учун овоз беришга кўндиришга уринган, аммо қонун тарафдорлари устунликка эриша олмаслиги аён бўлгач, Макрон қонун қабул қилинишини хавф остида қолдирмаслик учун Конституция 49-моддаси 3-параграфидан фойдаланишга қарор қилган.
Аммо худди шу модда мухолифатга ишончсизлик вотуми таклифи билан чиқишга имкон беради, кўчалардаги намойишлар эса, катта эҳтимол билан янада кучаяди, чунки мамлакатда кўпчилик бу модда қўлланишини демократияга зид деб ҳисоблайди.
Макроннинг сайловолди ваъдаси
Резонансли ислоҳотга кўра, Францияда пенсияга чиқиш ёши 62 ёшдан 64 ёшга оширилиши кўзда тутилган, қолаверса, пенсияга чиқиш учун талаб этиладиган иш стажи – 41,5 йилдан 43 йилга ошади. Бу 2030 йилгача босқичма-босқич амалга оширилади.
Франциядаги кўплаб кекса одамлар ҳозирда 62 ёшдан ошган бўлса-да, керакли миқдордаги маблағни тўлдириш учун ишламоқда. Бироқ, 67 ёшга тўлган фуқаролар, ушбу ажратмалар қайси даврда амалга оширилганидан қатъи назар, тўлиқ миқдорда пенсия олиш ҳуқуқига эга. Бу позиция сақланиб қолиши керак. Шу билан бирга, Макрон ҳукумати энг кам пенсия миқдорини ойига 1200 еврогача ошириш ниятида.
Бу қонун Макрон учун ўта муҳимдир. Унинг ўтган йилги сайловолди кампанияси мамлакат иқтисодиётини глобал миқёсда янада рақобатбардош қилиш ваъдасига, жумладан Франция «кўпроқ ишлаши кераклиги» деган даъволарга асосланган эди.
2022 йил июнидаги сайловларда кичик фарқ билан ғалаба қозонган Макроннинг партияси парламентда кўпчилик овозга эга бўла олмаганди ва ҳозир президент бошқараётган ҳукумат озчилик вакилларидан иборат. Унинг мамлакатдаги авторитети мустаҳкам эмас ва парламентдаги муваффақиятсизлик Макрон учун кучли сиёсий зарба бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, пенсия ислоҳоти мамлакат аҳолиси орасида машҳурликка эриша олмади. Жамоатчилик сўровлари кўрсатишича, французларнинг учдан икки қисми унга қатъиян қарши.
Сўнгги бир ярим ой давомида Францияда давлат хизматчилари, транспорт ишчилари, нефтчилар, ўқитувчилар ва портлар ходимларининг иш ташлашлари тўлқини бўлиб ўтди.
Нисбатан энг жиддий намойишлар 7 март куни ўтказилди, ўшанда француз шаҳарлари кўчаларига жами 1,3 млн атрофида одам чиқди.
Парижда ободонлаштириш хизмати ходимларининг давом этаётган иш ташлашлари туфайли кўчаларда олиб кетилмаган чиқиндиларнинг улкан уюмлари ҳосил бўлган, бу эса ёқимсиз ҳидлар манбайига айланиб, каламушларни ўзига жалб қилган.
Аргументлар ва эътирозлар
62 ёш – Европа ғарбидаги энг паст пенсия ёши ҳисобланади.
Францияда пенсияга чиқиш ёши 64 га кўтарилса ҳам бу Европадаги энг паст кўрсаткичлардан бири бўлиб қолади. Таққослаш учун – Италия ва Германияда пенсия ёши 67, Буюк Британияда – 66, Испанияда эса – 65.
Маслаҳатчиларнинг пандемиядан кўп ўтмай бундай ислоҳот амалга оширилиши жамоатчиликда кескин реакция уйғотиши тўғрисидаги огоҳлантиришларга қарамай, январда қонун лойиҳаси парламентга киритилди.
Шундан кейин сўллар партияси лойиҳага 7000 дан ошиқ тузатишларни муҳокамага киритди, бу эса унинг парламентдан ўтишини секинлаштирди. Аввалига Макрон пенсия ёшини 65 га кўтаришни таклиф қилаётганди, аммо муҳокамалардан кейин бу 64 ёшга туширилди.
Қонун лойиҳаси танқидчилари уни ижтимоий адолатсизлик деб аташади, хусусан, олий маълумот талаб қилмайдиган касблар вакиллари иш бошлашдан олдин бир неча йилни таълим олиш билан банд бўладиганларга қараганда кўпроқ ишлашига тўғри келишига эътибор қаратишади.
Касаба уюшмалари ва мухолиф партиялар вакиллари пенсия ёшини ошириш ўрнига пенсия жамғармалари тақчиллигини корпоратив фойдадан олинадиган солиқларни ошириш эвазига қоплашни таклиф қилмоқда.
Мавзуга оид
14:42 / 21.12.2024
Чад Франциядан қўшинларини Рамазон ойигача олиб чиқишни талаб қилди
12:20 / 19.12.2024
Франция кассация суди Саркозига ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди
22:17 / 16.12.2024
Корея ва Франциядаги можаролар: Демократиялардаги инқирозлар демократияни созлайди
17:17 / 13.12.2024