Ўзбекистон | 19:39 / 17.03.2023
11738
3 дақиқада ўқилади
Реклама

Самарқанд давлат тиббиёт университетида Ўзбекистон тиббиёт олий ўқув юртлари талабаларининг II форуми ўтказилди

15-16 март кунлари Самарқанд давлат тиббиёт университети ташаббуси билан Ўзбекистондаги тиббиёт олий ўқув юртлари талабаларининг II форуми бўлиб ўтди. Унда республикадаги ўнта тиббиёт олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган юздан ортиқ талабалар иштирок этиб, 8000 мингдан ортиқ ёшлар қамраб олинди.

Тадбирни СамДТУ ректори, профессор Жасур Ризаев очиб берди. 

– Ушбу форумни ўтказишдан мақсад, тиббиётнинг фундаментал ва амалий фанлари бўйича талабаларнинг билим даражасини ошириш, назарий билимларни амалиётда қўллаш, тиббиёт олий ўқув юртлари талабаларини жаҳон ва миллий тиббиёт меросига жалб қилишдир. Мазкур форум университетимиз талабалари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамда СамДТУ Union ассоциациясининг кўмаги ва бевосита иштироки билан ташкил қилинди, – деди Ж.Ризаев.

Форум доирасида «Миллий либослар» кўргазмаси, «Талабалар ҳаёти тўғрисида видеоролик», «Талабалар лойиҳалари танлови» жамоавий, «Start-up лойиҳа», «Илмий инновацион лойиҳалар», «Заковат» интеллектуал ўйини ва спорт мусобақаларидан «Бадминтон», «Стол тенниси» ҳамда «Волейбол» каби йўналишларда талабалар беллашди. Форумнинг иккинчи кунида соҳанинг етакчи мутахассисларидан маърузалар эшитилди.

Талабалар ўзлари таҳсил олаётган олий ўқув юртларида амалга оширилаётган лойиҳалар, илмий изланишлар, ишланмаларини кенг жамоатчилик олдида тақдимот қилдилар. Форум талаба-ёшлар ўз қобилиятини юзага чиқаришлари учун ҳақиқий фойдали майдон бўлиб хизмат қилиши эътироф этилди.

Форумда Самарқанд давлат тиббиёт университети, Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент давлат стоматология институти, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Андижон давлат тиббиёт институти, Бухоро давлат тиббиёт институти, Европа тиббиёт университети, Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти, Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиали, Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали ва Самарқанд вилоятида жойлашган Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумлари ва тиббиёт коллежлари фаол иштирок этаётгани мазкур тадбирнинг нуфузини оширишига хизмат қилди.

Форум доирасидаги «Заковат» интеллектуал ўйини брейн-ринг форматида олиб борилди. Спорт мусобақаларида эса ҳар бир олий таълим муассасаларидан икки нафардан талабалар ўзаро «Бадминтон», «Стол тенниси» спорт турлари бўйича куч синашдилар.

Самарқанд давлат тиббиёт университетида ўтказилаётган ва анъанага айланиб бораётган Ўзбекистон тиббиёт олий ўқув юртлари талабаларининг форуми тиббиёт олийгоҳлари талабалари ўртасида дўстлик ва бирдамлик, ўзаро ҳамкорлик, соҳага бўлган меҳр-муҳаббат, касбга садоқат, бўлажак шифокорларнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди ва жонажон юртимиз истиқболига хизмат қилади, десак муболаға бўлмайди.

Самарқанд давлат тиббиёт университети матбуот хизмати

Мавзуга оид