Telegram’да катта янгиланиш, рақамли рубль ва энг кучли андроид-смартфонлар — ҳафта технодайжести
Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади.
Рақамли рубль
Россия Давлат думаси рақамли рублни муомалага киритишни кўзда тутувчи иккита қонун лойиҳасини маъқуллади.
Қайд этилишича, Россия Марказий банки 1 апрелдан 13та банкнинг реал мижозларида рақамли рублни синовдан ўтказишни бошлашни режалаштирмоқда.
Платформадан жисмоний ва юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар, ижро этувчи ҳокимият органлари фойдаланиши мумкин. Ушбу жараёнда Россия Марказий банки рақамли рублнинг хавфсизлиги ва улар билан боғлиқ операциялар тўғрисидаги маълумотларни тўғри ҳисобга олиш учун жавобгар бўлади.
Telegram’да катта янгиланиш
Telegram қувват тежайдиган янгиланишни чиқарди. Ушбу режим смартфонда кўп энергия сарфлайдиган анимация ва визуал эффектларни ўчириш ва батарея қувватини камайтириш имконини беради. Янги режимни шундай созлаш мумкинки, у заряд даражаси белгиланган қийматга тушганда автоматик равишда ёқилади.
Бундан ташқари, мессенжерда бошқа баъзи функциялар кенгайтирилди. Масалан, энди фойдаланувчи видеони ўзи белгилаган тезликда кўра олади (0,2х дан 2,5х гача бўлган вариантлар бор). Шунингдек, гуруҳ чатларида хабар жўнатувчилар ҳар бир фойдаланувчи томонидан хабар ўқилган вақтни билиб олиши мумкин.
Илк турк электромобили
Туркияда TOGG электромобили учун буюртма олиш бошланди. Етказиб бериш март ойининг охиридан бошланиши режалаштирилган.
Илк турк электромобилининг нархи 52 минг 700 долларни ташкил этади. Машина 200 от кучига эга, 100 км/соат тезликка 7,6 сонияда чиқа олади.
Кроссовер тўлиқ қувват билан 500 кмгача йўл босади, атиги ярим соат ичида аккумуляторини 80 фоизгача зарядлаш мумкин.
Оммавий ишлаб чиқариш 2022 йилнинг октябрь ойи охирида бошланган, завод йилига 175 мингтагача автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга.
“Ақлли” аквариум
Xiaomi компанияси Mijia “ақлли” аквариумини сотувга чиқарди. Унинг қатор функцияларини мобил смартфон иловаси ёрдамида масофадан туриб бошқариш мумкин. Қурилма ёруғлик ўтказувчанлиги 91,3 фоизгача бўлган ўта тиниқ шиша, сув ҳароратини назорат қилувчи датчиклар ва сувни тозаловчи филтрга эга.
Махсус мобил илова ёрдамида аквариум эгаси қурилманинг LED ёритгичларини бошқариши, шунингдек, балиқларни масофадан туриб озиқлантириши мумкин. Аквариум сувини эса ҳар 6 ойда алмаштириш талаб этилади. Mijia Хитойда 57 доллардан сотилмоқда.
Ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни камайтириш иммунитетни яхшилайди
Англиянинг Суонси университети тадқиқотчилари ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни кунига 15 дақиқага қисқартириш умумий саломатлик ва иммунитетни сезиларли даражада яхшилашини аниқлади. Бундан ташқари, одамларда ёлғизлик ва депрессия туйғуларининг кўрсаткичи пасайди.
Тадқиқот давомида муаллифлар уч ой давомида 20-25 ёшдаги 50 иштирокчини (33 аёл ва 17 эркак) кузатдилар. Ҳар ойда уларнинг жисмоний ва руҳий саломатлиги, шунингдек, ижтимоий тармоқларни кўришга қанча вақт сарфлагани таҳлил этилди, кейин эса одатдаги вақтини кунига 15 дақиқага қисқартириш сўралди. Олинган маълумотлар ижтимоий тармоқлардан одатдагидек фойдаланган ёки атайлаб бошқа бирор нарса билан шуғулланган назорат гуруҳининг маълумотлари билан таққосланди.
Натижалар шуни кўрсатдики, ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни камайтирган гуруҳнинг иммунитети ўртача 15 фоизга яхшиланган. Хусусан, улар шамоллаш ва гриппга камроқ чалинган, уйқу сифати 50 фоизга яхшиланган ва депрессия белгилари 30 фоизга камайган.
Энг кучли андроид-смартфонлар
Antutu февраль ойининг энг кучли андроид-смартфонлари рейтингини эълон қилди.
Биринчи ўринни Red Magic 8 Pro+ эгаллаган. Смартфон Snapdragon 8 Gen 2 процессори билан жиҳозланган бўлиб, тезкор хотираси 16 ГБ ва доимий хотираси 512 ГБ.
Иккинчи ўринга худди шу процессор ўрнатилган vivo X90 Pro+ смартфони жойлашди. Унинг тезкор хотираси 12 ГБ ва доимий хотираси 512 ГБ.
iQOO 11 эса учинчи ўринга муносиб кўрилган. Унинг тезкор хотираси 16 ГБ ва доимий хотираси 256 ГБ.
Энг кучли Android-смартфонлар рўйхатига шунингдек, Galaxy S23 Ultra, Galaxy S23+, Galaxy S23, One Plus11, Rog Phone 6D, Mi 12T Pro ҳамда Redmi K50 Ultra смартфонлари киритилган.
Мавзуга оид
17:55 / 02.04.2024
Xiaomi'дан SU7 электромобили, iOS 18 тақдимот санаси, Сорадан филм – технодайжест
13:05 / 03.03.2024
Учар такси, қўлга тақиладиган смартфон ва кибер кучукча – ҳафта технодайжести
21:18 / 10.02.2024
Букланадиган iPhone, энг ишончли автомобиллар ва энг кўп сотилган смартфонлар – ҳафта технодайжести
15:16 / 03.02.2024