Ўзбекистон | 22:42 / 21.03.2023
17991
2 дақиқада ўқилади

«Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида»ги президент қарори имзоланди 

Унда Рамазон ойида турли тадбирларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган.

Фото: Getty Images

Президент Шавкат Мирзиёев «Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида»ги қарорни имзолади. 

Қарорда 2023 йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 23 март кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Рамазон ойини миллий анъана ҳамда қадриятларга мос ва муносиб тарзда ўтказишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш топшириғи берилди. 

Ҳудудларда Рамазон ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган одамийлик, инсон шаънини улуғлаш, яхшилик ва меҳру саховат каби фазилатларни намоён этадиган, тинч ва осойишта ҳаётни қадрлаш, оила ва маҳаллаларда, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш кўзда тутилган. 

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ойини ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилган. 

Мавзуга оид