Жаҳон | 17:12 / 23.03.2023
6339
2 дақиқада ўқилади

Вашингтон Беларус мухолифати билан стратегик мулоқотни бошлайди

АҚШ давлат котиби ўринбосари Венди Шерман Светлана Тихановская билан учрашувда маъмуриятнинг 2023 йил охиридан Беларус демократик кучлари билан мулоқотни бошлаш режалари ҳақида маълум қилди.

Фото: Getty Images

Жорий йил охирида АҚШ Беларусдаги демократик ҳаракат ва фуқаролик жамияти вакиллари билан «кенг қамровли стратегик мулоқот»ни бошлайди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти сайтида хабар қилинганидек, давлат котиби ўринбосари Венди Шерман Вашингтонда Беларус мухолифати етакчиси Светлана Тихановская билан учрашувда маълум қилди.

Томонлар мулоқот АҚШ маъмуриятининг Беларус билан шуғулланувчи идораларини «беларус демократик фаолларининг кенг доираси, жумладан, сиёсий етакчилар, фуқаролик жамияти вакиллари, мустақил журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, ҳуқуқшунослар, касаба уюшмалари етакчилари, академиклар ва оддий беларуслар билан боғлайди» деган умидда, дейилади баёнотда.

Бундан ташқари, Қўшма Штатлар давлат котиби ўринбосари Тихановская билан учрашувда «АҚШнинг Беларус халқининг ўз мамлакати демократик, суверен ва барқарор келажагига интилишларини қўллаб-қувватлашга содиқлигини» таъкидлади, деб таъкидлаб ўтди Давлат департаменти матбуот котиби ўринбосари Ведант Пател.

Беларус мухолифати етакчиси Светлана Тихановская Вашингтонга ташрифи чоғида Беларусни Россия билан алоқаларни узишга чақирди. 22 март куни АҚШ Конгрессида сўзга чиқиб, у Кремлга Украинага ҳужум қилиш учун Беларусдан фойдаланишга рухсат берган Александр Лукашенконинг ҳаракатларини танқид қилди.

Тажовузкор мамлакат «Украинага ҳужум қилиш ва унга таҳдид солиш» учун Беларус, унинг ҳаво ҳудуди ва инфратузилмасидан ҳарбий мақсадларда «эркин фойдаланади», деди Тихановская. 

«Россиянинг Беларус ички ишларига аралашувига қарши туриш вақти келди. Россия ноқонуний режимни қўллаб-қувватлаб, миллий ўзлигимизга қарши мустамлакачилик ҳаракатларини амалга оширмоқда», - деди у. Беларус президентлигига собиқ номзод мамлакатни Украинага қарши урушда қатнашишни тўхтатишга чақирди.

Мавзуга оид