Ўзбекистон | 21:07 / 24.03.2023
22575
2 дақиқада ўқилади

“Оёқ қўйишга жой йўқ” – Сариосиёдан Термизга диққинафас бўлиб кетаётган поезд йўловчилари (видео)

Ижтимоий тармоқларда Сариосиё–Термиз йўналишидаги поездда тиқилинчда кетаётган йўловчилар акс этган видео тарқалди. Масъулларга кўра, ҳолат 22 март куни кечки қатновда юзага келган. Фуқароларнинг бориб-қайтиши учун 4 та плацкарт вагон ажратилган.

Фото: Видеодан кадр

24 март куни ижтимоий тармоқларда Термизга қараб кетаётган поезддаги ҳолат бўйича видео эълон қилинди. Унда кўплаб одамлар тик туриб, диққинафас бўлиб кетаётганини кўриш мумкин.

“Бу Сариосиё-Термиз йўналишидаги поезд экан. Сурхон аҳолиси учун битта рейсга атиги 4 та вагон қўйилибди. У ҳам плацкарт эмиш. Видеода кўринганидек оёқ қўйишга жой йўқ”, дейилади видеога берилган изоҳда.

Вазият юзасидан изоҳ олиш учун Kun.uz “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ билан боғланди. АЖ матбуот котиби Мирзо Муротовнинг маълум қилишича, ҳолат 22 март куни соат 17:39 да жўнайдиган 6377-сонли Сариосиё–Термиз шаҳарлараро йўловчи поездида юзага келган.

Унга кўра, бунга 5 кунлик дам олиш кунларида йўловчиларнинг темирйўл транспортига бўлган талаби ортгани, Термиз шаҳрига ўқишга ва ишга қайтиши керак бўлган талаба ва ўқувчилар кўп миқдорда тўпланиб қолгани сабаб бўлган.

«Бу вагон плацкарт бўлгани билан йўловчилар унда ўтириб кетишади, шу бир куни талабалар ҳам, оддий йўловчилар ҳам кўп бўлган ва ўриндиқларга сумкаларини қўйишган. Шу боис, ўтиришга жой топилмаган. Байрамлардан бошқа кунлари бу поездларда одам кам бўлади. Йўлкира ҳам таксилардан анчагина арзон. Байрам кунлари машиналар йўлкирани оширишади. Шу боис поездга кўпроқ одам чиққан», дейди Муротов.

Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, жой билан таъминланмаган йўловчиларга чегирмали чипталар расмийлаштирилган.

Таъкидлаш жоиз, Термиз–Сариосиё–Термиз йўналишида шаҳарлараро йўловчи поезди ҳар куни 3 маротаба қатновни амалга оширади. Бу поезд 4 та вагондан иборат бўлиб, бир марталик қатновда 320 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга. 22 март кунги тиқилинч ҳолатида белгиланган қувватдан ортиқча йўловчи ташилгани тахмин қилинмоқда. Бу бўйича расмий маълумот тақдим қилинмади.

Мавзуга оид