Замонавий дунё мўъжизаси – Олтин дарвоза кўприги
АҚШнинг Калифорния штатида дунёга машҳур Олтин дарвоза кўприги жойлашган. 1933-1937 йилларда қурилган иншоот – 1964 йилга қадар дунёдаги энг катта осма кўприк ҳисобланган.
Олтин дарвоза кўприги Сан-Франциско шаҳри билан Марин округини боғлаб туради. Кўприк – Тинч океани билан бевосита туташиб кетган Сан-Франциско кўрфази устидан қурилган.
Янги қурилган замонавий кўприклар уни 12-ўринга тушириб юборган. Шунга қарамай кўприк дунёда энг кўп расмга туширилган ва йилига миллионлаб сайёҳлар ташриф буюрадиган маскан ҳисобланади.
Олтин дарвоза кўпригининг умумий узунлиги – 2737 м, асосий ўтиш йўлаги эса – 1280 метр, сув устидан баландлиги 67 метр, устунлари билан баландлиги эса - 227 метр. Кўприк умумий конструкциясининг оғирлиги – 894 минг тоннани ташкил қилади.
Кунига 90-100 минг атрофида транспорт ўтадиган кўприкда автомобиллар ҳаракати 6 қатордан (3+3) иборат. Автомобилларга кўприкнинг жанубий йўналиши бўйлаб ҳаракатланиш 6 доллардан бошланади. Тез ёрдам, полиция каби хизматлар, велосипедчилар ва пиёдалар кўприкдан бепул ўтади.
Замонавий дунёнинг етти мўъжизасидан бири сифатида эътироф қилинадиган Олтин дарвоза кўприги аслида олтин ранг ҳам эмас, унинг ранги қизил-тўқ сариқ. Кўприкнинг номи ўтган асрларда Калифорниядаги олтин васвасаси даври билан боғлиқ.
Бундан ташқари ушбу кўприк ўз жонига энг кўп қасд қилинадиган жойлар қаторига киради. Инсонларни бу йўлдан қайтариш учун кўприкка киришда махсус ишонч телефонлари бор, шунингдек инсонларни асраб қолиш учун айни кунларда кўприкнинг ён пастки тарафларига махсус тўр ўрнатиб чиқилмоқда. 90 йилларга келиб кўприкдан сакраб вафот этганлар сони мингдан ошиб кетгач, суиқасдлар бўйича расмий статистика юритилмай қўйилган.
Фаррух Абсаттаров
Мавзуга оид
15:31 / 14.10.2024
Калифорнияда Трамп митингидан олдин милтиқ ва тўппонча билан қуролланган шахс қўлга олинди
13:59 / 03.10.2024
Пискентда кўприк қулаши: Юк машинаси 98 тонна ортиқча юк билан ҳаракатланган
22:42 / 02.10.2024
Тошкент вилоятида кўприк қулаб тушди
11:58 / 27.09.2024