Жаҳон | 22:17 / 27.03.2023
34188
12 дақиқада ўқилади

Бахмутдан бошқа нуқталардаги фаоллашув ва разведка жанглари. Россия-Украина фронтида нималар бўлмоқда?

Расмий хабарлар қуруқ, мавҳум ва кўп ҳолларда бир-бирига терс келиши туфайли Россия-Украина фронтидаги ҳарбий ҳаракатларнинг жадаллашуви амалда нималар бўлаётгани, кимнинг ҳолати яхшироқ экани ва яқин келажакда нима кутиш мумкинлиги борасида турли миш-мишлар келтириб чиқармоқда.

Фото: Getty Images

Россия қўшини Бахмут атрофида юриш қилишда давом этмоқда, умумий вазият ўзгаришсиз қолаётган бўлса-да, вақти-вақти билан айрим участкаларда кичик ютуқлар ҳақида хабарлар келиб турибди. Шаҳар ярим қуршов ҳолатида қолмоқда, аммо уни тўлиқ ўраб олишнинг имкони бўлмаяпти, Украина қуролли кучлари эса тартибли чекинишни амалга оширмоқчи эмас.

Бахмут ҳудудида юриш суръатлари пасайиши фонида фронтнинг бошқа икки участкасида вазият кескинлашди. Урушларни ўрганиш институти (ISW) таҳлилчилари ёзишича, Россия қўмондонлиги «ҳужумдаги устуворликни кескин ўзгартириб», Донецкдан шимолдаги Авдийивка шаҳрини янги нишон сифатида танлади.

«Россия кучлари ҳозирда Авдийивка атрофида ушбу аҳоли яшаш манзилини ўраб олиш мақсадида ҳужум амалиётлари суръатини оширмоқда. Катта эҳтимол билан, Россия кучлари буни Бахмут атрофидаги ва Вуҳледарга юришлар тўхтатилиши ҳисобига амалга оширмоқда», дейилади ҳисоботда.

Шу билан бир вақтда, Россиядаги манбалар украин қўшини Запорижжя областида фаоллашгани ва Херсон областига катта кучлар ташланаётгани ҳақида хабар берган. Украина қуролли кучлари Қримга ўтувчи йўлакни тўсиб қўйиш мақсадида Запорижжя йўналишида зарба бериши эҳтимоли юқори. Россия телеграм-каналларига кўра, Украина бу йўналишда йирик юришга тайёргарлик кўришдан олдин разведка жанглари ўтказишмоқда. Украинада ҳам кўпчилик бундай ҳужум бошланиши ҳақида гапирмоқда.

«Вагнер» ХҲК раҳбари Евгений Пригожиннинг унинг ёлланма жангчилари Бахмут атрофида таран ролини бажараётгани (қадимда қалъани бузиш учун қўлланган учли ёғоч қурол) ҳақидаги сўзлари оловга мой сепгандек бўлди. У ўз баёнотларидан бирида агар унинг жангчилари чекинишга мажбур бўлса, Россия Украинада эгаллаган барча ҳудудларини, жумладан Қримни ҳам қайтариб беришига тўғри келишини айтди. Бошқа бир мурожаатида у Украина қуролли кучлари ҳужум қилишни режалаштираётганини айтиб, Белгород области аҳолисини қўрқитди, кейин эса Россия мудофаа вазири Сергей Шойгуга хат ёзиб, Украина армияси унинг ёлланма жангчиларини Россия армиясининг асосий кучларидан узиб қўйиш мақсадида Бахмут атрофида қарши зарба беришга тайёргарлик кўраётганини айтди.

Қуйида BBC шарҳловчиси ҳарбий ҳаракатлар ҳудудидаги вазиятни холис баҳолашга ҳаракат қилади.

Украина қуролли кучлари Бахмутда қопқонга тушганми?

Бахмут ҳамон диққат марказида турибди, бу ерда Россия бўлинмалари, асосан «Вагнер» ХҲК ёлланма жангчилари шаҳар атрофидаги ҳалқани унинг ғарбий нуқтасида ёпишга ёки Украина мудофаасини унинг марказидан ёриб ўтишга уринмоқда.

РФ армияси Донецк области шимолидаги Бахмут шаҳрини штурм билан эгаллаш учун ҳаракатни ўтган йил ёзида бошлаганди. Бу шаҳар учун жанглар Биринчи жаҳон урушидаги Верден остонасида кечган жангларга қиёсланган. Украин нашрлари ўз саҳифаларига Бахмут атрофида россиялик аскарлар жасадлари билан қопланган майдонлар фотосуратлари ва видеоларни жойлаштирмоқда. Россия нашрлари эса Украина армияси ҳам кам йўқотишлар бермаётганини айтмоқда, лекин бунга ҳужжатлаштирилган далиллар келтирилмайди.

Россиянинг «Объясняет Readovka» телеграм-каналига кўра, Бахмут ҳалокатга маҳкум, «украинлар эса шундай вазиятга тушиб қолганки, уларда бу вазиятдан чиқиш учун ечим мавжуд эмас»:

«Ўтирган позицияларини тарк этиш ҳалокатга олиб келади. Краматорск ва Словянск атрофида жиддий мудофаа чизиғи ташкил этиш учун фронтнинг бу қисмида Артёмовск (Бахмутнинг эски советча номи, Россия нашрлари ушбу атамани қўллашмоқда), шунингдек Красное ва Часив Ярдан бошқа йирик аҳоли яшаш манзиллари йўқ. Часив Яр ва Артёмовск бой берилган тақдирда украинлар ёки трасса бўйлаб 20 км масофага чекиниши керак, бу эса уларни артиллерия ва авиация учун осон ўлжага айлантиради, ёки далалар бўйлаб кетиш керак, йилнинг бу вақтида эса бундай ҳаракат билан бутун техника ва транспорт воситаларидан айрилиш мумкин».

Вазиятдан яхши хабардор бўлмаган ўқувчи учун бундай гаплар жуда таъсирли кўринади. Аммо агар Краматорск ва Словянскка боришда жиддий мудофаа тўсиқлари мавжуд бўлмаса, унда россиялик аскарлар нега Бахмут атрофида жон бериши керак? Элементар мантиқ шуни кўрсатадики, бундай вазиятда рақибнинг ҳимояси заиф бўлган нуқталарга ҳужумни кучайтириш керак бўлади. Украина армияси Балаклия атрофида ҳужумга ўтганида россияликларнинг гарнизонларини йўқ қилишга ортиқча вақт сарфламасдан, айнан шундай ҳаракатланганди. Балаклия айланиб ўтилгач, Россия қисмлари украинлар эгаллаётган ҳудудлар ортида қолиб кета бошлаган ва буткул қуршовга тушиб қолмаслик учун зудлик билан чекинишга мажбур бўлганди.

Аҳоли яшаш пункти – бу мудофаа чизиғи эмас, шунчаки унинг бир қисми ҳисобланади. Ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига яқин жойлашган исталган шаҳар ёки қишлоқ, биринчи навбатда штаб, алоқа, захиралар, тиббий бўлинма, омборлар, таъмирлаш ва моддий таъминот базалари жойлашган таянч сифатида қизиқиш уйғотади. Бундай нуқталардан бутун фронт чизиғи бўйлаб кучларни мувофиқлаштириш ва таъминлаш йўлга қўйилади.

Аҳоли яшаш манзиллари фақатгина рақиб рўпарадан ҳужум қилишга қарор қилганда мудофаа чизиғига айланиши мумкин. Бу ҳолатда қурилиш бинолари табиий равишда мустаҳкамланган истеҳкомларга айланади. Бахмут ва Краматорск ўртасида ўнлаб аҳоли яшаш пунктлари мавжуд, улардан исталгани таянч қалъа вазифасини ўташи мумкин, ғарб томон чўзилган жарликлар ва кичик дарёлар билан бўлинган ҳудудлар эса мудофаани ушлаб туришга ёрдам беради.

Унда Украина қуролли кучлари Бахмутни нега ташлаб кетмаяпти?

Катта эҳтимол билан шунинг учунки, зарурат туғилган тақдирда исталган вақтда кета олишади, ҳозирча эса қуршов хавфининг олдини олиш имконияти мавжуд. Энг ёмон ҳолатда, агар Россия бўлинмалари барибир Бахмутни ғарбдан таъминловчи йўлакни тўсиб қўйишга муваффақ бўлса ҳам, шаҳардаги кўп минг сонли гарнизон рақиб ҳалқасини ёриб ўтишга қодир ва «Вагнер»нинг енгил пиёдалари уларни тўхтата олиши даргумон.

Бахмут ташлаб чиқилиши Украина армияси учун фронт чизиғи ёриб ўтилишини ҳам, ташаббус бой берлишини ҳам англатмайди (шусиз ҳам ҳозирда ташаббус уларда эмас), ҳудудга қўшимча захира кучларни олиб келиш ёки бошқа шошилинч чоралар кўришни талаб этмайди. Шаҳар мудофаасини давом эттириш эса Россиянинг энг жанговар қисмларини банд қилиб, ҳолдан тойдирмоқда ва улар сезиларли йўқотишларга учрамоқда.

Бахмутни эгаллаш вазифасини бажариш эса Россия қўмондонлиги учун имкониятлар эшигини очган бўларди. Бу ҳолда қўмондонлик Креминна–Лиман йўналишида ва Билоҳоривка ҳудудида фаоллашиши, шунингдек Лисичанск ва Северодонецкка таҳдид солиб турган украин қўшинлари позициясини бартараф этиш учун Северск шаҳрига жанубдан ҳужум қилишга уриниб кўриши мумкин.

Ўтган ҳафта Украина президенти Володимир Зеленский Украина ҳарбийларининг Бахмут йўналишидаги олдинги позицияларига ташриф буюрди. Шу куни Украина қуруқлик қўшинлари қўмондони генерал Олександр Сирский Украина қуролли кучлари тез орада «Вагнер»нинг Бахмут атрофидаги йўқотишларидан фойдаланиши ҳақида гапирди.

Пайшанба куни британ ҳарбий разведкаси Украина ҳарбийлари Бахмутдан ғарбда локал қарши ҳужумлар бошлаганини хабар қилди. Британиялик экспертларнинг ёзишича, Россия қўшинларининг шаҳарга ҳужумлари интенсивлиги пасайиши айрим бўлинмалар фронтнинг бошқа участкаларига ташлангани билан изоҳланади.

Фото: Getty Images

Авдийивка фронти

Сўнгги кунларда Россия армияси Авдийивка ҳудудида фаолликни кескин оширди. Унинг штурм қисмлари, асосан енгил пиёдалар Украина бўлинмаларини шаҳар жануби ва шимолидаги позицияларидан чекинтирди ва у ердаги вазият Бахмут атрофидаги вазиятга яқин: шаҳар ярим қуршовда ва тўлиқ ўраб олиниши ҳам мумкин.

Авдийивка - саноат зоналари шаҳри бўлиб, Донецкнинг шимолий чеккаларидан 2 километр масофада жойлашган. 2015 йилдан буён бу Украина армиясининг Донбассдаги энг мустаҳкамланган ҳудудларидан бирининг маркази саналади, ушбу плацдарм туфайли Россия ҳукумати ва унинг назоратидаги «ДХР» кучлари Донецкка эҳтимолий ҳужумни қайтариш учун йирик кучларни доимий равишда шу ерда ушлаб туришига тўғри келади.

Авдийивкага ҳужумлар россияликларнинг 2022 йил 24 февралидаги босқини билан бошланган. Бу йўналишда Россия қисмлари айрим участкаларда бир метрга ҳам олдинга силжий олмаган, айримларида олдинга борган, аммо узоқ вақтга эмас, украинларнинг биринчи қарши ҳужумигача.

Эҳтимол, урушнинг биринчи босқичида Киев, Харкив ва Одесса каби йирик шаҳарларнинг режаларини ўрганган Россия бош штаби Донецк атрофидаги кичик шаҳарчаларга унчалик эътибор қаратмаган. Аммо ҳозирга келиб Украинанинг номи аввал деярли ҳеч кимга маълум бўлмаган аҳоли яшаш манзиллари ҳам Россия мудофаа вазирлиги сводкаларида тез-тез қулоққа чалинмоқда.

Россиялик ҳарбий мухбирларга кўра, 12 март куни РФ қуролли кучлари Авдийивкадан шимолда жойлашган Красногоровка қишлоғини деярли тўлиқ эгаллашган. Кейинроқ Россия армияси шимолда Степове қишлоғига, жанубда эса – Водяное қишлоғига ёриб киргани маълум бўлди.

Бахмутдан фарқли ўлароқ, Авдийивка стратегик аҳамиятга эга ҳисобланади ва унинг бой берилиши Украина қуролли кучларининг Донецк областидаги вазиятини сезиларли даражада мураккаблаштириши мумкин.

«Ҳозирда россияликлар учун стратегик вазифа – Вуҳледарга ҳужум қилиш учун Авдийивкани қуршаб олиш ҳисобланади», деб ҳисоблайди Тавр йўналиши мудофаа кучлари матбуот маркази раҳбари Олексий Дмитрашковский.

Вуҳледардан эса Запорижжяга кўп қолмайди.

Фото: Getty Images

Украина қуролли кучларининг Запорижжядаги фаоллашуви

Украина қуролли кучлари сўнгги кунларда Запорижжя области ҳудудида, Орихив шаҳри атрофида локал ҳужумларга ўтмоқда, шунингдек Херсон областида Днипро дарёсининг ўнг соҳилида куч тўпламоқда. Бу ҳақда асосан рус манбалари хабар қилишган. Уларнинг фикрича, Украина қўшини жанубда йирик юришдан олдин Россия мудофаасининг заиф нуқталарини пайпаслаб кўради.

Украина бош штабининг 22 март кунги ҳисоботида Запорижжя ва Херсон йўналишларида рақиб мудофааланаётгани айтилган. Ахборий кураш ҳам бошланган: пайшанба куни кечқурун Украина қуролли кучлари бош штаби Россия армиясининг барча бўлинмалари Херсон областидаги Новая Каховкадан чиққани ҳақида хабар берди. Херсон областининг Россия томонидан тайинланган раҳбарияти бу маълумот асоссиз эканини маълум қилди, Украина бош штаби эса хатолик туфайли бундай хабар берилганини тан олди (бу шаҳардаги рус бўлинмалари ротацияси билан тушунтирилди), аммо фейсбукдаги постига Новая Каховка ҳам қандай қилиб бўлмасин озод этилиши ҳақидаги ваъда илова қилинди.

Ҳарбий таҳлилчилар ва блогерларнинг аксари Украинанинг баҳор-ёзга мўлжалланган йирик юриши айнан Запорижжя областида рўй беришига ишончи комил. Азов денгизига қадар етиб келиниб, Қримга қуруқлик йўлаги кесиб қўйилса, бу Украинанинг  стратегик ғалабасига айланиши ва Владимир Путин томонидан эълон қилинган «махсус ҳарбий амалиёт»нинг бор маъносини йўққа чиқариши мумкин.

Украина қуролли кучлари учун муаммо шундаки, буни қўққисдан амалга ошириб бўлмайди ва Россия армияси жанубий йўналишдаги зарбани қайтариш учун қизғин тайёргарлик кўрмоқда.

Бироқ, экспертлар ўтган йили ҳам шундай ўйлашганди.

Мавзуга оид