Жамият | 23:17 / 27.03.2023
59570
2 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура Чорвоқ сув омбори қирғоғидан топилган одам суяклари бўйича маълумот берди

Аниқланишича, бир пайтлар сув остида қолиб кетган қабристонга кўмилган одамларнинг суяклари сув омборида сув сатҳи пасайгани сабабли юзага чиқиб қолган.

Фото: Видеодан кадр

27 март куни телеграм-каналларда Чорвоқ сув омборида сув сатҳининг пасайиши оқибатида юзага чиқиб қолган одам суяклари акс этган видео тарқалди. Видео муаллифлари ушбу суяклар бу ерга чўмилгани келиб чўкиб кетган одамларга тегишли эканини тахмин қилишган.

Бўстонлиқ туман прокуратураси томонидан олиб борилган терговга қадар текширув давомида сув омборининг ушбу қирғоғида бундан бир неча йиллар аввал Бўстонлиқ туманидаги “Болодала” маҳалласи аҳолисининг “Безгати боғ” қабристони бўлгани, Чорвоқ да сув сатҳининг кўтарилиши натижасида қабристон сув остида қолиб кетгани аниқланган.

Айни пайтда сув омборида сув сатҳи пасайгани сабабли қабристондан одам суяклари юзага чиқиб қолган.

Туман прокуратурасига кўра, Чорвоқ сув омборида ҳар йилнинг бошида сув сатҳи пасайиши натижасида бундай ҳолатлар кузатилиб туради. Қайд этилишича, ҳозир мазкур ҳолат юзасидан прокуратура томонидан олиб борилаётган терговга қадар текширув ҳаракатлари натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

Мавзуга оид