Жамият | 17:33 / 28.03.2023
13444
8 дақиқада ўқилади

Самодаги саргузашт ёхуд тиббиёт олийгоҳини тамомлаган журналистнинг қандай қилиб “шифокорликка қайтиб қолгани” ҳақида ҳикоя 

Фото: Getty Images

“– Самолётни бошқа давлат ҳудудига қўндиришга мажбурман, – деди стюард йигит аёлнинг оғриқдан олайиб кетган кўзларига қараб.

– У қайси давлат?

– Айни пайтда Ироқ устидамиз.

Бутун самолётда саросима кузатилди. Ироқда Ўзбекистоннинг элчихонаси ёки расмий ваколатхонаси йўқ. Беморга ким кўмак беради? Қолаверса, самолётдаги 180 йўловчининг бутун сафар режаси ўзгариб кетади”. 

Аллоҳ етказиб, ота-онам, аммам ва аёлим билан Умра зиёратига отландик. Самолёт Тошкентдан Боку орқали Жиддага учиши керак. Бокуда ёқилғи қуйилиши ва егуликлар олиниши режалаштирилганди.

Бокудан кўтарилишимиз билан иссиқ овқат тарқатилди. Овқатланиб бўлиб, гигиеник хонага бордим. Қайтишимда энг охирги ўриндиқда ўтирган аёл эътиборимни тортди. У ялтироқ қилиб қадоқланган ва усти очилмаган иссиқ таом устига юзи билан ётиб қолганди. Ўртадаги ўриндиқ бўш, ундан кейингисида ўтирган аёлдан сўрадим:

– Шеригингиз нега бундай ётибди?

– Билмадим, шундай ухлаб қолибди шекилли.

– Йўғе, иссиқ устидая, хола, туринг, туринг – секин аёлнинг рўмолидан тортиб кўрдим. Аммо аёл жавоб бермади. Ўриндиқ столчасидаги ўнг қўли шалпайиб пастга тушиб осилиб қолди. Шунда унинг ҳушини йўқотганини билдим ва дарҳол бошини кўтардим ҳамда ўриндиққа суядим.

Олтмишлардан ошган аёл кўзларини очмас, нафас олиши ҳам сезилмасди. Ич-ичимдан кучли титроқ ўйғонди ва қовоғини кўтариб қарадим. Қорачиқ пастга тушиб кетган, нигоҳ йўқ. Билагини ушладим, пульс билинар-билинмас (ипсимон).

Хаёлимда бундан йигирма йил аввал ўзим таҳсил олган даргоҳ – тиббиёт институти, ўтган шунча вақтда бирор марта иш бермаган шифокорлик дипломим эсга тушди. Чиндан ҳам олий маълумотли шифокор бўлсамда бирор кун тиббиёт билан бевосита шуғулланмаганман, бемор даволамаганман, бу мураккаб соҳанинг сарҳадсиз билимларини ўша пайт ҳам дуруст эгаллай олмаганман. Умумий тушунчалар ҳам хотиранинг бир четида ухлаб ётарди.

Тезлик билан аёлнинг яна қийшайиб кетаётган бошини тўғрилаб, юзини, нафас йўлларини тўсиб турган рўмолини очдим. Биринчи навбатда қон босимини ўлчаш керак. Сониялар ичида рафиқам ёдимга тушди. У билан бирга ўқиганмиз, доимий фаолият юритмасада, ҳарқалай тиббиётга мендан анча яқин. Турган жойимда бақирдим:

– Шаҳло, танометрни олиб кел!

Яхшики мосламани юкхонага топшириб юбормаган экан. Ҳайрон бўлганича шошилиб югуриб келди. Вазиятни қисқа тушунтирдим. Бу пайтга келиб стюрдесса қиз ҳам бизни кўриб қолди ва зудлик билан шеригини чақириб келди. Кўкрагига “Холид” деб ёзиб қўйилган араб стюард йигит бизни бемор ёнидан ҳайдай бошлади. “Доктор, доктор” деб тушунтирган бўлдим. Бу пайтда Шаҳло аёлнинг қон босимини тезкор ўлчади ва менга қараб бош чайқади – “жуда паст”. Бироз туриб қайта ўлчади ва шундай деди: “Пасткиси (диастолик) сезилмаяпти ҳатто”.

Аёлнинг юзларига уриб, ўзига келтиришга уриндик. Оғзини очиб, сув ичирдик. Ютиниш рефлекси бироз сақланиб қолган. Борткузатувчи Холид ёнимга келиб инглизчалаб тинимсиз нималардир деб турибди. Тушунганим “Оксижен” яъни кислород бўлди. Шу пайт тил билмаслигим чиндан алам қилди. Бугунги кунда инглиз тилини элементар даражада билмаслик шунчаки уятлиги аён бўлди қолди.

Салонга қараб бақирдим: “Ким инглиз тилини билади?”. Рўмолини чиройли қилиб ўраган қиз ёнимизга югуриб келди ва Холиднинг сўзларини таржима қилиб берди:

– Агар зарур бўлса, кислород беришимиз мумкин, деяпти.

– Кислород бера олсак яхши бўларди, – дедиму, умримда бирор марта бу амалиётни бажармаганим эсимга тушди. Аёлнинг икки елкасидан кўтариб стюардессалар бўлмасига олиб ўтдик ва ўтқаздик. Холид кислород баллонини кўтариб келиб, қўлимга тутқазди. Ҳайрон бўлиб турганимни кўриб, ўзи баллонга ёпиштирилган пакетни очди, ниқобни аёлга кийгизди ва мурватни буради. Ўртадаги пуфак шишиб, бўшашиши беморнинг кислородга бойитилган нафас олаётганини кўрсатарди. Тез орада юзига қон югурди, қорачиқлари жойига келди. Шаҳло унинг юзларини сийпалаб деди:

– Холажон, ҳушингизни йўқотдингиз. Ўзингизни қўлга олинг. Ҳозир сизга кислород беряпмиз. Чуқур-чуқур нафас олинг.

Бироз кислород берганимиздан кейин ниқобни ечдик ва ширин чой ичиришга ҳаракат қилдик. Аёл кўзларини очиб, ҳаммамизга бир-бир қаради.

– Хола, олдин самолётда учганмисиз?

Аёл секин бош чайқади. Биринчи парвози, орқа томонда ҳаво етишмагани ва очлик ўз ишини қилгани аён бўлди. Зудлик билан олдинроққа, баҳаво жойга ўтказиш керак. Аммо бу пайт самолёт чуқур турбулентлик ҳудудига тушиб, титрай бошлаган, бемалол юришнинг иложи йўқ эди.

Холид инглиз тилини биладиган қизни етаклаб келиб, нималардир деди:

– Сизнинг шифокорлик лицензиянгиз бор-йўқлигини сўраяпти.

– Қанақа лицензия? Бизда унақа ҳужжат асосида ишлашмайди. Қолаверса, мен дипломга эга бўлсамда, тиббий фаолият юритмайман.

Ҳаммаси тушунарли эди, кислород улашдаги уқувсизлигим Холидда шубҳа ўйғотган. Аксига олиб бу пайтда хола яна ҳушини йўқотди ва боши билан деворга суяниб қолди.

Холид шоша-пиша сўзлай бошлади:

– Самолётни бошқа давлат ҳудудига қўндиришга мажбурман, – деди у аёлнинг олайиб кетган кўзларига қараб.

– У қайси давлат?

– Айни пайтда Ироқ устидамиз. Мен ҳар бир инсон ҳаётига масъулман.

Бизни кузатиб турган самолётдаги бошқа йўловчиларда саросима кузатилди, одамлар безовта бўла бошлашди. Ироқда Ўзбекистоннинг элчихонаси ёки расмий ваколатхонаси йўқ. Беморга ким кўмак беради? Қолаверса, самолётдаги 180 йўловчининг бутун сафар режаси ўзгариб кетади.

Таржимон орқали Холиддан шошмасликни илтимос қилдим. Яхшики бу пайтга келиб ҳаво чуқурликларидан ўтдик ва самолёт силкинмай қолди. Аёлни олд ўриндиқлардан бирига ўтказдик ва қон босимини ўлчадик. 100/70, анча кўтарилган ва барқарорлашган. Холанинг ўзи ҳам кўзларини очди ва атрофга қарай бошлади. Дарҳол шарбатлар ичирдик. Атрофдагилар турли ширинликлар узата бошлашди.

– Хола, исмингиз нима, қаердансиз?

– Самарқандликман, исмим Зебо, – секин жавоб берди аёл.

Оппоқ рўмоллари остида оппоқ кўринаётган юзи қирмизи тусга кирди. Бир маромда нафас ола бошлади ва атрофдагиларга бир-бир қараб чиқди.

– Озроқ мазангиз бўлмади. Лекин қўрқманг, биринчи марта самолётда учганларда бу ҳолат кузатилади. Яна овқат ҳам емаган экансиз. Яхшилаб таомланиб олинг. Худо хоҳласа манзилга яқинлашяпмиз. Мана бу йигит Холид, сизни ўзим айлантириб умра қилдираман деяпти, – ҳазиллашган бўлдим.

Лекин Холид буни жиддий қабул қилди ва шундай деди:

– Мен ўзим маккаликман. Хола тузалиб кетсалар бас, уйимда меҳмон қиламан, зиёратларга ҳам бирга олиб бораман.

Атрофдагилар унинг гапидан завқланиб кулиб юборишди. Зебо хола Холиднинг юзидан силаб дуо қилди, Шаҳлони қучиб кўзига ёш олди.

– Болаларим яхши ниятда жўнатишганди, умримда самолётда учмаганман. Қаттиқ қўрқдим, ишқилиб умид билан кутаётган яқинларим ёнига қайтай.

Олд ўриндиқдаги оқсоқол дуога қўл очди, барча йўловчилар қўлларини бирлаштирдилар:

– Аллоҳ бу синглимизга ўзи комил шифо берсин, Умра амалларини чиройли бажариб, эсон-омон бола-чақаси ёнига қайтсин. Омин, Аллоҳу акбар!

Самолётдан тушар чоғимизда Зебо хола, Холид ва мен бутун умр эсдалик қолишга арзигулик суратга тушдик.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид