Иқтисодиёт | 13:36 / 28.03.2023
38063
9 дақиқада ўқилади

Тошкентда солиқ органининг ноқонуний ҳаракати шов-шувга сабаб бўлди. Икки мулозим лавозимидан олинди

Солиқчилар фойда солиғидан авансни ноқонуний тарзда ҳисоблаб, тадбиркорлар ҳисобидан ортиқча маблағ ечиб олди. Бу кескин эътирозга сабаб бўлиши ортидан, 5 нафар мулозим, хусусан Солиқ қўмитасининг департамент бошлиғи ва пойтахтнинг бош солиқчиси жазога тортилди, ортиқча ундирилган пуллар зудлик билан қайтарилиши айтилди.

Нима бўляпти?

Солиқ кодексига асосан, йиллик даромади 5 млрд сўмдан ошган корхоналар ҳар ой кутилаётган фойда солиғидан аванс тўлаб бориши керак. Бу тартиб 2019 йилда жорий этилган.

Кодекснинг 340-моддасида аванс миқдори қандай ҳисобланиши кўрсатилган (ҳисоблаш тартиби чораклар бўйича фарқ қилади). Унга кўра, 1-чоракдаги ойлик аванс миқдори аввалги йилнинг 4-чорагидаги ойлик аванс миқдорига тенг бўлади.

27 март, душанба куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи тадбиркорлар ва бухгалтерларнинг ана шу аванслар бўйича шикоятлари тарқалди.

Шикоятларда 1-чоракдаги уч ойлик аванс миқдори бирданига ечиб олингани, бунда ечилган маблағ ўтган йилнинг 4-чорагидаги аванс миқдорида эмас, 4-чорак ҳисоботларида акс этган фойда миқдорига асосан ҳисоблаб чиқарилгани, бунинг устига йиллик даромади 5 млрд сўмга етмаган корхоналардан ҳам аванс ушлаб қолингани айтилади.

“Солиқ развёрсткаси”

“Kainbek” Telegram-каналига мурожаат йўллаган тадбиркор ўзи дуч келган вазиятни қуйидагича тушунтирган.

“Бир кичик компания, аниқроғи агентлик ривожланаётган эди, (биз ўйлаган ва ишонганимиздек) кичик ва ўрта бизнес давлат томонидан ҳимоя қилинади деган баландпарвоз гапларга ишониб, ишлаётган эди, иш ўринлари яратаётган эди, барча солиқларни тўлаб келаётган эди, ўз вақтида тўлаётган эди! ҚҚС тўловчиси сифатида солиқ тўловчининг коэффициенти яшил зонада эди ва занжирдаги узилиш 0,0 ни ташкил этар эди.

Ва бугун эрталаб нимани кўряпмиз? Даромад солиғини тўлаш учун *** 000 000 сўм миқдорида аванс (дастлабки) тўловини тўлашга даъво! Дастлабки тўлов нима, уйғонинг, нима учун? Агар ўтган йилнинг охирида биз молиявий кўрсаткичларимизни озми-кўпми яхшилашга муваффақ бўлган бўлсак, бу бизда ҳар ой шундай даромад бор дегани эмас.

Ишчиларнинг маоши? Ижара? Буларни қандай тўлайман? Ҳаттоки интернет учун ҳисобимда пулим йўқ. Огоҳлантиришлар ёки бошқа билдиришномаларсиз, ҳатто учетный картада ҳам олдиндан тўловлар ҳақидаги хабар бўлмаган.

Янги йилдан кейин уч ой ўтгач, йил бошидан бери деярли бир миллиард ҳисобланган! Сиз у ерда ақлдан озганмисиз? Нега ҳеч қачон битта қонунни бузмаган, ҳамма нарсани ўз вақтида тўлаган тадбиркор энди сизнинг ўзбошимчаликларингизни қоплаши керак?

Сизнинг инспекторларингиз ҳар ой қўнғироқ қилишади ва у ёки бу солиқни олдиндан тўлашни талаб қилишади, бунинг ўзи қоидабузарлик, лекин биз ҳар доим вазиятга тушиб, молиявий имкониятлардан келиб чиқиб солиқ тўладик. Нега солиқлардан қочадиган қарздорларни эмас, балки виждонан ҳамма нарсани ўз вақтида тўлайдиганларни қийнайсиз?

Менда энди пул йўқ, энди ходимларимга маошларини олмасликларини қандай тушунтиришим мумкин? Пудратчиларга қандай тўлайман? Қолган ҳамма нарса ҳақида мен умуман индамай қўяй... Барча фаолият тўхтатилди, мен буюртмаларим учун пул тўлай олмайман, ижарадаги жой эгаси эртага келади, кўчишни сўрайди, чунки пул йўқ. Бир кун ичида сиз нафақат компанияни вайрон қилдингиз, балки 15 нафар ходимни ҳам ишдан маҳрум қилдингиз”.

Иқтисодчи Отабек Бакиров рўй берган ҳолатни “солиқ развёрсткаси” деб атади.

“Март ойининг охирги иш ҳафтасини хусусий бизнес, айниқса унинг кичик ва ўрта сектори совуқ душ қабул қилишдан бошлади. Эрталабдан иловасини очган ёки банкдан кўчирма олган тадбиркорлар ҳисобварақлардан солиққа аванс тарзида тийинигача ечиб олинган ёки талабномалар киритилган ва ҳисоблар картотекага ўтказиб қўйилган ёқимсиз ҳолатга рўпара бўлдилар. Кимдир ҳамкорларига шартномада келишилган пулни тўламади, кимдир энди ходимларига ойликни насия қилади. Кимдир бугун ҳисобига тушиши керак бўлган маблағни ўтказмай туришни, кимдир эса нақд ҳисоб-китоб қилишни ўйлай бошлади. Ахир экономика шундай ишлайди.

Солиқ разверсткаси, худди большевикларнинг озиқ-овқат разверсткаси каби, фақат бир марта ютади, ундан кейинги циклларда бизнес худди деҳқонлар қизил террористлардан буғдойини яшира бошлагани сингари ёки буғдой экмай қўя қолгани каби иш тутади.

Солиқни боқайми ё ўзимга ишлайинми дейди у. Солиқ энди ҳимояловчи полициячи эмас, кўча муюлишидаги қароқчи ўғри сингари гавдаланишни бошлайди”.

Ортиқча ундирилган маблағлар қайтарилади

Солиқ қўмитаси ҳолат зудлик билан ўрганилганини маълум қилди.

“Тезкор ўрганиш натижалари танқидий равишда кўриб чиқилиб, қуйидаги чора-тадбирлар белгилаб олинди:

Биринчидан, ушбу камчиликларга йўл қўйганликлари учун Солиқ қўмитаси масъул назорат департаменти бошлиғи Б.Муқимов ва Тошкент шаҳар бўлим бошлиғи О.Лутфиллаев эгаллаган лавозимларидан озод этилди.

Иккинчидан, Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғи Ю.Насимжонов ва бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Ж.Мирпўлатовнинг махсус унвонлари бир поғонага пасайтирилиб, интизомий жазо чораси белгиланди.

Шунингдек, Солиқ қўмитаси солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш департаменти бошлиғи Х.Бозоровга нисбатан ҳайфсан интизомий жазо чораси тайинланди.

Учинчидан, фойда солиғи бўнак тўловлари ҳисобидан бюджетга ундирилган ортиқча маблағларни 28 март куни соат 13:00 га қадар солиқ тўловчиларга тўлиқ қайтариш вазифаси белгиланди.

Тўртинчидан, қайд этилган ҳолатлар бўйича Тошкент шаҳар солиқ органларида махсус бошқарма томонидан хизмат текшириши ўтказиш ва натижалари бўйича ҳужжатларни ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига юбориш вазифаси топширилди”, – дейилади баёнотда.

Солиқ қўмитаси қайд этилган ҳолатлар бўйича вақтида ахборот берган тадбиркорлик субъектларига миннатдорлик билдирган.

Қўмита суммасидан қатъи назар келгусида қайд этиладиган ҳар бир ҳолат бўйича Солиқ қўмитасига ёки @dsq_anticorrupciya_bot'га мурожаат қилишни илтимос қилди.

“Солиқчиликда кутилмаган тажрибалардан, шошиб қилинган қарорлардан узоқ бўлиш керак”

Бу воқеа фонида тадбиркор, Asaxiy.uz лойиҳаси асосчиси Фируз Аллаев солиқчиликда шошмашошарлик билан қилинган хатолар жиддий оқибатларга олиб келиши ҳақида ёзди.

“Мамлакат бюджети солиқларга боғлиқ бўлгани учун ҳукумат доим солиқ кўпроқ йиғишга ҳаракат қилади. Ҳукуматнинг чўнтагини, аниқроқ айтсак бюджетнинг асосий қисмини солиқ ва жарималар шакллантиришини ҳамма билса керак. Лекин, кўпроқ солиқ йиғаман деб боридан айрилиб қолиш, умуман мамлакатга зарар етказиб қўйиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Баъзи ҳолларда қатъий солиқ сиёсати мамлакат учун хавфли бўлиши мумкин, чунки у инвестицияларни тўхтатиб қўйиши, иқтисодий ўсишни бўғиб қўйиши ва бизнес ва жисмоний шахсларни бошқа жойларда янада қулайроқ солиқ шароитларини излашга ундаши мумкин. Бундан ташқари, агар солиқлар жуда юқори ёки ҳаддан ташқари оғир бўлса, улар иқтисодий тенгсизликка олиб келиши ва тадбиркорликни сусайтириши мумкин.

Бизнинг шароитда бўлса солиқ босими ошган сари бизнес солиқлардан қочаверади яъни қора иқтисодиётнинг ҳажми ошиб бораверади. Солиқ йиғиш учун босим бўлса қонуний ишлайдиган тадбиркор елкасига тушади. Буни орқасидан қонуний ишлайдиган ва ноқонуний ишлайдиган тадбиркорларда нарх тавофути катталашади. Қонуний ишлайдиган бизнес рақобатбардош бўлмай қолади. Буни орқасидан нақд ва терминал ўртасида фарқ ва бошқа муаммолар келади. Якунда бу бизнес муҳитини ва мамлакат иқтисодиётини ачинарли аҳволга олиб келиши мумкин. Ундан ҳам ёмони бунақа шароитда тадбиркорлар узоқ муддатга режа қилмай қўяди. Ҳар қандай инновациялар ўлади. Бизнес эзилган ўтган замонни кўпчилик яхши эслайди, манимча.

Шу учун ҳам бугун йиғиладиган солиқ ва бизнес имкониятлари ўртасида мувозанат излаш долзарбдир. Йилдан йилга бюджет ошиб, уни босими солиққа тушиши, солиқчилар бўлса турли хил йўллар билан бизнес орқали ғазнани тўлдиришга ҳаракат қилиши яхшиликка олиб бормайди.

Солиқ сиёсатининг мамлакат иқтисодиёти ва жамиятига таъсири мураккаб ва нозик бўлиб, ҳар қандай солиқ сиёсатининг самарадорлиги бир қатор омилларга, жумладан, мамлакатнинг иқтисодий тузилиши, сиёсий контексти ва ижтимоий устуворликларига боғлиқ. Шу учун ҳам солиқлар масаласида жуда эҳтиёткор бўлиш, ҳар қандай кутилмаган тажрибалардан, шошиб қилинган қарорлардан узоқ бўлиш керак”, – дея фикр билдирди Фируз Аллаев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ тадбиркорларни E-aktiv'га мажбуран жалб қилиш иккинчи марта кечиктирилган эди.

Мавзуга оид