Ўзбекистон | 16:46 / 28.03.2023
36244
4 дақиқада ўқилади

Тошкентнинг янги муаммоси: 1 йилда қумга айланган бетон йўлаклар

Тошкент шаҳри сўнгги вақтда экологияси бузилган дунё шаҳарлари ичида энг юқори ўринларда турибди. Бу пойтахтда сўнгги йилларда дарахтларнинг кўп кесилаётгани, қурилишлар, автомобиллар сонининг кўпаяётгани билан изоҳланмоқда. Бироқ бу йилдан бошлаб, шаҳарнинг чангкентга айланишида яна бир омил ўзининг катта салбий таъсирини ўтказмоқдаки, уваланиб, тупроққа айланаётган йўллардан чиқаётган ғубордан пойтахтликлар азият чекмоқда. Kun.uz шундай ҳолатларнинг бир нечтасига эътибор қаратди.

Чилонзор тумани Чилонзор кўчасидаги пиёдалар йўлаги қилинганига ҳали тўлиқ 3 йил бўлмасдан, аллақачон уваланиб, яроқсиз ҳолга келиб қолган. Пиёдалар ва велосипед юриши учун ташкил қилинган 1 кмдан ортиқ масофадаги йўлдан юрсангиз, оёқ кийимингиз тупроққа бурканади. Велосипедлар юрса, шу қисқа масофада ҳам ғилдирагига зарар етиши ҳеч гапмас.

Бу Тошкентдаги ягона шундай ҳолат эмас. Сирғали тумани 6-даҳа, Янги Бунёдобод маҳалласи ва унга ёндош Бунёдобод маҳалласида ҳам 2 ойдан ошибдики, аҳоли кўчаларида уваланиб кетган цементдан чиқаётган чангни ютиб яшамоқда.

Ечимга келинганда, кунига 1 маҳал сув сепиб қўйиш ва цемент-шағал аралашмаларини супуриб, кўча четига тўплаб қўйиш билан кифояланиляпти.

Мазкур маҳалла кўп эмас, 6 йил олдин янгидан бунёд этилган. Бу йилги қаҳратондан сўнг йўллар совуққа дош беролмай, шу аҳволга келган.

Ҳурматли масъуллар, илтимос сизлардан, маҳалламиз экологиясига бефарқ бўлманг. Бу икки маҳаллада 12 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Чанг киради деб деразаларимизни ҳаво алмаштириш учун очолмаяпмиз. Кунига 2 маҳал сув сепиб кетиляпти, лекин бу сув дарров қуриб қолиб, ҳаммамиз чанг-тўзондан азият чекяпмиз. Бу чанг ҳам эмас. Уваланган цементдан чиқаётган ғубор. Бу соғлигимиз учун зарарли.

Бундан ташқари машина бозори сабаб маҳалламизни бегона автомобиллар автотураргоҳ қилиб олишган. Уловларига цехол, “тонировка” қилиб, чиқиндиларини шундоқ кўчаларга ташлаб кетишади. Тошкентда ҳеч бир маҳалла бундай бетартиб бўлиб трассада қолиб кетган бўлмаса керак. Машиналар уйларимиз оралаб жуда кўп ўтади. Шу сабабли ҳам тинимсиз чанг кўтарилади. Бизга тезкор ечим керак”, дейди Бунёдобод маҳалласида яшовчи Шоҳида Шукурова.

Худди шундай муаммо юзасидан пойтахтнинг Кичик ҳалқа йўли бўйидаги Гуручариқ ва янги ташкил этилган Чинниобод маҳалласи аҳолиси ҳам мурожаат қилган. Улар ҳам қаҳратон тугагандан бери чанг-тўзондан азият чекишмоқда.

Мамлакат йўлларидаги ёриқлар, чуқурлар, ўнқир-чўнқирлар, камерагача йўл чизиқларининг тўлиқ чизилмаслиги-ю, камера фокус масофасидан бошлаб бинойидек чизиб қўйилгани, мана энди Тошкентнинг чангкентга айланиб қолганига ҳам гувоҳ бўляпмиз.

Бу ҳақда кўплаб чиқишлар қилинса-да, йўлларга масъул бўлган на автомобил йўллари қўмитаси, на Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва на бошқа масъул идоралар аҳволни яхшилаш тугул, ақалли расмий изоҳ беришга ҳам ҳафсала қилмай қўйган. Муаммо олиб чиқилади, 1-2 кун жим кутилади ва унутилади. Йўллар эса бизни синаётгандек – янги ва янги камчиликлар юзага чиқаверади.

Тупроққа қорилган бу каби йўлларни Тошкент шаҳрининг исталган ҳудудида учратиш мумкин. Ачинарлиси эса, бу йўлларнинг барчаси қурилганига кўп бўлмаган янги йўллар. Сифатсиз ташкил қилинган ишлар ортидан ҳам экология, ҳам аҳоли жабр кўряпти.

Бу орқага ташлаб қўйиладиган ёки шунчаки кўз юмиб юбориладиган ҳолат эмас. Барча ҳудудларда тупроқ, цемент бўронидан зарар кўраётган юртдошларимизнинг бу эътирозлари инобатга олиниб, масъуллардан тез орада ҳолатга ижобий ечим топишларини сўраймиз.

Сардорбек Усмоний 

Мавзуга оид