Ўзбекистон | 18:09 / 29.03.2023
16625
2 дақиқада ўқилади

Рўза тутиш тавсия этилмайдиган беморлар ҳақида маълумот берилди

Шифокорлар даволаш имкони йўқ, жарроҳлик амалиёти ўтказилишини талаб қилувчи касалликларга эга беморларга рўза тутишни тавсия қилмайди.

Рамазон рўзасининг инсон саломатлиги учун фойдаси бисёр. Бироқ айрим сурункали хасталикларга чалинган беморларга мутахассислар рўза тутмасликни тавсия қилади, деб ёзди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

«Бу борада бир неча талаблар мавжуд. Хусусан, айрим хаста инсонлар ўз саломатлигини янада оғирлаштирмаслиги учун рўза тутмаслиги лозим», деди олий тоифали шифокор Раъно Носирова.

Унинг сўзларига кўра, даволаш имкони йўқ, жарроҳлик амалиёти ўтказилишини талаб қилувчи касалликларга эга беморлар, шунингдек, жарроҳлик амалиётидан кейинги даврда бу амални бажариш мақсадга мувофиқ эмас. Шунингдек, қатъий таомланиши шарт бўлган кишилар ҳам рўза тутмайди.

Бундан ташқари, доимий равишда дори ичиши керак бўладиган юрак-қон томир, буйрак ва жигар хасталикларининг оғир кўринишлари ҳамда қандли диабетда ҳам ушбу амални бажариш дуруст эмас.

Қолаверса, оғриқ билан кечадиган ва оғриқ қолдирувчи дориларни мунтазам қабул қилиши талаб қилинадиган, хусусан, сил ва онкологик касалликларининг айрим турларида ҳам рўза тутиш тавсия этилмайди.

ССВ тавсиясига кўра, агар бундай беморлар ушбу ибодатни адо этиш истагида бўлса, энг аввало, шифокор билан маслаҳатлашиши ва унинг кўрсатмаларига қатъий амал қилиши лозим.

Аввалроқ, ССВ рўзадорлар қандай таомланиши зарурлиги ҳақида тавсиялар берган эди. 

Мавзуга оид