Жаҳон | 17:55 / 29.03.2023
38313
12 дақиқада ўқилади

«Украиналик ҳарбийлар ёш болали аёлни камситгани» ва унга русча гапиришни тақиқлагани ҳақидаги видео фейк бўлиб чиқди

Буни Z-каналлар ҳам тан олди.

Фото: Видеодан кадр

Бу қандай видео?

27 март куни Россия таъсиридаги нашрлар, телеграм-каналлар ва ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларда видеорегистраторда олинган видео тарқала бошлади. Унда Украина қуролли кучларининг идентификация (таниш) белгилари акс ҳарбий либосдаги одамлар гўёки тинч аҳоли вакиллари бўлган машинани тўхтатишади — аёл ва унинг ёш боласи (лекин кадрда фақат «ҳарбийлар» кўринган). Формадаги одамлар автомобил эгасини у гўёки ҳарбий техникалар колоннасини қувиб ўтгани учун ҳақорат қила бошлайди (масалан, «мараз» деб атайди), унга таҳдид қилади, рус тилида гапирмасликни талаб қилади ва ўт очади. Ўқлар айнан қаерга теккани — аниқ эмас.

Видеода нималарни кўриш мумкин?

Ролик номаълум аёл бошқарувидаги машинага ўрнатилган видеорегистраторда олинган. Съёмка бошида экраннинг ўнг бурчагида вақт ва кун кўрсатилган — 2023 йил 24 март, соат 12:17. Видео бошида аёлни Украина қуролли кучлари белгилари акс этган машина қувиб ўтади (орқа ойнада Украина байроғи, юкхонада — тенг қиррали оқ хоч акс этган). Ҳарбийлар сигнал чалишади, аёлни йўл четига сиқиб қўйишади ва тўхташга мажбур қилишади.

Аёл асабийлашади ва чақалоғини тинчлантиришга уринади (видеода тили энди чиқа бошлаган боланинг ноаниқ ғувраниши ва йиғиси эшитилади, аммо кадрда у ҳам, унинг шартли онаси ҳам кўриниш бермайди). Украина қуролли кучларининг «пикселли» ҳарбий формасида бўлган ва ниқоб таққан кишилар машинадан чиқишади, улардан бири аёлнинг автомобилига яқинлашиб келиб, уни «ярамас» деб атайди ва у нега «техникалар колоннаси»ни қувиб ўтгани ва «унинг одамлари»дан бирини «уриб юборишига сал қолгани»ни сўрайди.

Кейин у ҳужжатларни тақдим этишни сўрайди, автомобил томига уриб, «тезроқ, тезроқ» деб бақиради. Кейин, аёл ўз ҳужжатларини «ҳарбий»га берганидан сўнг, у унинг фамилиясини ўқийди — «Мустафаева Аида Сапферовна».

Шундан кейин формадаги одам аёлга таҳдид қилади ва «чўчқа тили»да — яъни рус тилида гапирмасликни, — балки Украинанинг «давлат тили»дан фойдаланишни талаб қилади.

Кейин кадр ортида ўқ овозлари эшитилади (ўқлар қаерга кетгани — ноаён), аёл машинасида ёш бола борлигини айтиб бақиради ва бас қилишни сўрайди. Формадаги шахс бир неча ўқ узиб, шериги кутиб турган машина томон кетади — шериги ҳам ниқобда (аёл ва боласи бу вақтда тинмай йиғлаб туради).

Формадаги кишилар ўз машинасига чиқишади, қайрилиб аёлнинг автомобили олдига келиб яна тўхташади ва кейин кадрдан ғойиб бўлишади. Ролик шу ерда тугаган.

Видео пропагандачилар Readovka, «военкор» Александр Коц (унинг пости кейин ўчирилган), шунингдек «Операция Z: Военкоры Русской Весны», «Рыбарь» ва «Zаписки Vетерана» телеграм-каналларида ҳам жойлаштирилган. Шу билан бирга, «Медуза»нинг аниқлашича, видео биринчи бўлиб твиттерда эълон қилинган — «Юрий Алексеич Z V» никли фойдаланувчи томонидан.

Видео нафақат пропаганда ресурсларида, балки Россия ТИВнинг твиттердаги расмий аккаунтида #Think4Yourself ва #See4Yourself («ўзингиз ўйланг» ва «ўзингиз кўринг») ҳештеглари билан жойлаштирилган. Вазирлик видеога қуйидаги сўзларни илова қилади:

Бир марта нацистлик қилган — ҳамиша нацист. Мана украинлар қандай террорда яшамоқда: кўринг, украин ҳарбийлари орқада чақалоғи ўтирган онани қандай сўкиб, унга қарата ўқ отишмоқда, шунчаки... русча гапиргани учун «чўчқа» ва «таги паст» деб аташмоқда. Тағин ҳеч қандай нацистлар йўқ дейишади….

Видео Россиянинг Буюк Британиядаги элчихонаси расмий твиттер-аккаунтида ҳам эълон қилинган. Дипломатлар ёзишича, роликдаги украин ҳарбийлари аёл — рус тилида сўзлашадиган мусулмон аёл эканини билишгач, «бақирган, таҳдид қилган, уни ҳақоратлаган, „чўчқа“ деб атаган, болани қўрқитган, бир неча ўқ узган».

Бу видео нима учун навбатдаги спектакл деб баҳоланмоқда?

  • Қисқача жавоб: биринчи навбатда шунинг учунки, ролик катта эҳтимол билан Россия армияси назоратидаги ички ҳудудда олинган.

GeoConfirmed лойиҳасидаги OSINT-тадқиқотчилари видеонинг илк сонияларида кўриниб қолган электр узатиш линиялари устунлари, шунингдек кадрга тушиб қолган дарахт ва буталар шаклидан келиб чиққан ҳолда съёмка қилинган жойни топишга муваффақ бўлишган. Уларга кўра, ролик Макийивкада олинган — бу шаҳар Донецк областида жойлашган бўлиб, Донецк шаҳрига чегарадош ва 2014 йилдан буён Россия қўшинлари томонидан назорат қилинади (аниқ координаталар – 47.977044, 37.953754).

Шундан кейин россияпараст Moscow calling телеграм-канали кузатувчиси (у ўзи Донецкдан эканини айтади) ўша жойга борган ва видеорегистратор кадрига тушиб қолган дарахтларни суратга олган.

Бошқа мустақил тадқиқотчилар ҳам съёмка геолокациясини тасдиқлашган. Кадрга тушиб қолган объектларни кўрсатувчи сўнгги сунъий йўлдош тасвирлари ҳам координаталар тўғри аниқланганини кўрсатади.

OSINT-мутахассислари съёмка жойини Россия назоратидаги ҳудуддан қидиргани бежиз эмасди — уларда кадрдагилар украин ҳарбийлари эканига шубҳаланиш учун кўплаб сабаблар бор эди. Улардан баъзилари твиттерда «Татаригами_UA» тахаллусида ёзадиган фойдаланувчи томонидан келтирилган:

  • Видеодаги «солдатлар» билагига сариқ рангли боғичлар тақиб олган. Ҳозирда Украина армияси кўпроқ яшил рангдан фойдаланмоқда — боғичлар феврал ойи бошида ўзгартирила бошланган (шунга қарамай, ҳозир ҳам баъзида сариқ рангли боғичлар фронт чизиғида олинган видеоларда учраб туради). Шу билан бирга, ролик янги, видеорегистратордаги сана — 2023 йил 24 мартни кўрсатади.
  • Украинада ўтган йил мартидаёқ видеорегистраторлардан фойдаланиш тақиқланган — бу қўшинлар кўчирилишини сир тутиш мақсадида қилинган. Украина армияси ҳаракати ҳақидаги маълумотни тарқатганлик учун жазо сифатида жиноят содир этилган ҳолатга қараб 3 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этиш назарда тутилади. Блокпостларда регистратори бор ҳайдовчилар тўхтатилиши ва жаримага тортилиши мумкин. Видеодаги аёл эса ҳеч нарсадан хавфсирамай  регистратордан фойдаланмоқда, буни «ҳарбийлар» осонгина пайқаши мумкин, формадаги одамлар эса оқибатидан хавфсирамаган ҳолда камера қаршисида фуқарога таҳдид қилиб, ўт очиши нотабиий.
  • «Ҳарбийлар» автомобили кузовидаги хоч Украина қуролли кучлари фойдаланаётган анъанавий хочга ўхшамайди. У балкенкройц услубида ишланган — бу Иккинчи жаҳон урушида Вермахтнинг таниш белгиси эди. Бу эса оқ хочни — нацистлар Германияси қуролли кучларига тақлид деб иддао қиладиган Россия пропагандаси нарративига мос келади. «Медуза» аниқлаган твиттердаги биринчи манба ҳам видео ҳақидаги постда воқеани шундай тасвирлайди: «Нацистча хоч ва Украина байроғи туширилган „Фольксваген“ ёш боласи бор аёлни тўхтатди». 

Тадқиқотчилар аниқлаган съёмка жойи шиддатли тўқнашувлар кечаётган фронт чизиғидан (масалан, Авдийивка ва Марйинкадан) тахминан 30 километр масофада жойлашган. Роликдаги қуролли шахс айтган Украина қуролли кучлари техникалари «колоннаси» таниш белгилари билан Россия қўшини томонидан эгаллаган ҳудуд ичкарисига 30 километр кириб бориши ва аскарлардан бири йўл ҳаракати қоидасини бузган аёлга дакки бериш учун шунча вақт сарфлашга қарор қилиши ақлга сиғмайди.

Бу сохталикни нега ҳатто Z-каналлар ҳам тан олишди (аммо Россия ТИВ эмас)?

Россия тараф бўлган машҳур телеграм-каналлардан бири «Рыбарь» (унинг миллиондан ортиқ обуначиси бор) ролик эълон қилинганидан маълум вақт ўтиб унга қуйидаги гапни қўшиб қўйди: «видео фейк бўлиб чиқди». «Рыбарь»нинг оригинал постида бу ролик «Украина қуролли кучлари Украина давлат мафкураси аслида иккинчи даражали одамлар деб ҳисобловчи одамларга қандай муносабатда бўлишини»ни кўрсатиши, Украина эса «Россия учун доимий равишда таҳдид солиши» ҳақида ёзилган.

«ZАПИСКИ VЕТЕРАНА» телеграм-канали (300 мингдан ортиқ обуначиси бор) ҳам видео — фейк эканини тан олган ва уни «бизникиларнинг беўхшов машқи» деб атаган. «Бизникилар бу каби ахборот операциялари амалга ошириши учун ҳали кўп ўқиб ўрганишлари керак», — дея хулоса қилади муаллиф.

У олдинги постларида «[Украина қуролли кучларидаги] „халоскорлар“ Қримга ёки Мариупол, Донецк, Луҳанск»ка келишини тасаввур қилишни таклиф этган ва «украин фашистлари машинасидаги хоч Иккинчи жаҳон уруши давридаги немисларники каби» эканига эътибор қаратганди.

OSINT-тадқиқотчилари съёмка жойини аниқлашганидан кейин, Россия ТИВнинг твиттердаги расмий аккаунти видеони ўчириб юборди, аммо бу қарор юзасидан ҳеч қандай изоҳ бермади.

Россиянинг Буюк Британиядаги элчихонаси эса видеони ўчирмаган ва фойдаланувчилар твитга изоҳларида ёппасига бу навбатдаги саҳна кўриниши эканини айтаётган бўлишса-да, ҳеч қандай тушунтириш бермаган.

Украина мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси ҳам ҳолат юзасидан муносабатида бу жуда сифатсиз ишланган томоша эканини билдириб, қуйидаги фактларни келтирган:

  • Донецк ва Макийивка ўртасидаги босиб олинган ҳудуддаги локация: бу ҳалқа йўлидан «ДХР» ўқ отиш полигонига қайрилиш жойи; видео сиздирилган манбалардан бири - «Юрий Алексеич Z V» никли фойдаланувчи;
  • украин ҳарбийлари ўз автоларига бутун хочларни ўрнатишади, видеода эса - вермахт хочи;
  • Украинада фронт ортидаги ички ҳудудларда ва мамлакат ғарбида ҳам автомобил регистраторлари тақиқланган;
  • гўёки украин ҳарбийлари ҳаракатланган автомобил кузови Россияда тайёрланган ва ҳеч қачон Украинага етказиб берилмаган;
  • сифатсиз монтаж: «1:35 дақиқада машинага жуда яқин турган ҳарбий автоматдан ўт очади. Аммо ўқ овози баланд эмас. Машина ойнаси эса очиқ. Мулоқот ойна орқали кетади. Ойна ёпилгани овози эшитилмаган. Машина ортига бурилиб келганида ҳам ойна очиқлигини билиш мумкин. Ўт очилганди, чунки видеода гильзаларни кўриш мумкин. Бу вақтда эса қандайдир овоз бўлиши керак эди».

«Россияликлар Украина қуролли кучлари  жангчиларини қоралаш, уларни шафқатсиз ва нохолис кўрсатишга, шунингдек мусулмон жамоатчилиги билан зиддият уйғотишга ҳаракат қилмоқда. Бу сафар қрим татарлари билан», дея разведка бошқармаси баёнотини келтирган «Интерфакс-Украина».

Мавзуга оид