Ўзбекистон | 11:54 / 31.03.2023
36965
5 дақиқада ўқилади

“Ақл бовар қилмас арзон товарлар” – Telegram’да фирибгарларнинг янги найранги авж олди 

Шу кунларда Telegram’да божхонада мусодара қилинган товарларни арзон нархларда сотишни таклиф қилаётган “Мусодара товарлар” номли фейк телеграм каналлари кўпайди. Бундай канал админларининг мақсади эса битта – одамларни алдаб, гуруҳларга йиғиш ва юз минглаб аъзо йиғилган гуруҳни сотиш. Kun.uz телеграмдаги янги найрангбозлик қандай ишлашини тушунтиради. 

“Келиб қолинг, олиб қолинг – арзон товарлар” 

Шу кунларда аксар телеграм фойдаланувчилари “Мусодара товарлар” ёки “Uzum Market” номли гуруҳларга қўшилиб қоляпти.  

“Мусодара товарлар” номли гуруҳлар битта эмас, бир нечта. Уларнинг админлари гуруҳга божхонада мусодара қилинган товарларни арзон нархларда сотаётганини эълон қилган. Гуруҳдаги нархлар ақл бовар қилмас даражада арзон. Сувтекин товарлар, асосан, идиш-товоқлар ёки маиший техника каби маҳсулотлар эканини кўриш мумкин.  

Фото: Коллаж: Kun.uz 

Гуруҳда ёзиш чекланган ва буюртма учун 50 та одам қўшиш керак бўлади. (айримларида 80-100та). Арзон товарларга учган одамлар гуруҳга кунига юзлаб контактларни қўшишади. Лекин шунда ҳам гуруҳга ёзиб бўлмайди – элликта контакт қўшасизми, юзтами, бот яна бир нечта аъзо қўшишингиз кераклиги ҳақида хабар юборади. 

Гуруҳга ёзиб, буюртма берган тақдирингизда ҳам, бу товарлар етиб келмайди. Чунки уларнинг ўзи йўқ.

Фото: Коллаж: Kun.uz 

Kun.uz билан суҳбатда телеграм фойдаланувчиси Нуриддин Нурсаидов ўзи билан содир бўлган ҳолат ҳақида гапириб берди. 

“Телеграмга кимдир “Uzum Market” деган гуруҳга қўшди. Тепани кўриб чиқдим. Қиммат товарлар арзон нархларда қўйиб ташланган. Админлар “банкрот бўлган корхоналарнинг товарларини арзон сотяпмиз” деб эълон қўйган. Гуруҳга ёзиб бўлмасди. Ёзишга уринсангиз, “буюртма учун гуруҳга 86та одам қўшинг” деган хабар чиқади. Гуруҳ аъзолари тинимсиз одам қўшаётганди. Кузатдим. Бир-икки кундан кейин аъзолари 100га яқинлашгач, гуруҳ номи ўзгарган. Ёзишмалар, эълонлар ўчирилган”, – дейди у.  

Фото: Коллаж: Kun.uz 

Дарвоқе, фирибгарлар “Uzum Market” маркетплейси номидан фойдаланишяпти. Бундай алдовларга учмаслик учун расмий манбаларга таяниш керак. Компаниянинг расмий сайти бор, унда расмий телеграм каналига ҳавола берилган.  

Бундай гуруҳларни очишдан мақсад унга минглаб аъзолар тўплаш ва уни сотиш ортидан мўмай даромад топиш. Буюртма қилинган арзон товарлар ҳеч қачон келмайди. Аксинча, номақбул гуруҳга қўшганингиз учун бошқа фойдаланувчилар устингиздан телеграмга “репорт” (шикоят) юборади ва қарабсизки, бир неча кун қора рўйхатга тушасиз. 

“Мусодара товарлар” ва “Uzum market” номли гуруҳлар эълонлари эса бир кундан кейин ўчиб кетади. Юз мингга яқин аъзо йиғилгач, гуруҳ номи ҳам, статуси ҳам ўзгаради. 

Фото: Коллаж: Kun.uz 

Журналист Азиза Қурбонова шундай гуруҳлардан бир неча бор чиқиб кетганини айтади. 

“Улар одам йиғиб олади-да, озгина вақт ўтгач канал номини ўзгартириб, “жуфтакни ростлайди”. Кейин рекламалар бериладиган олди-қочди каналлардан бирига айланади. Одамлар лаққа тушиб, орзуларга берилиб 1 млн сўмга автомат кир машина бор деб кутади”, – дейди у. 

Катта эҳтимол билан сўнгги пайтларда “Мусодара товарлар” ва “Uzum Market” каби фейк гуруҳлар очаётган одам ёки жамоа битта. Чунки улар бир-биридаги эълонларни улашиб туради. 

Фото: Коллаж: Kun.uz 

Мусодара қилинган товарлар қандай сотилади? 

Ҳолат юзасидан Kun.uz’га изоҳ берган Божхона қўмитаси бўлим бошлиғи Икром Самиев ҳақиқатан мусодара товарларни арзон сотиш билан алдайдиган каналлар очилаётганини тасдиқлади. 

Қўмита масъули мусодара қилинган товарларнинг сотилиш тартибини тушунтирди.

Вазирлар Маҳкамасининг 200-сонли қарорига мувофиқ, давлат даромадига олиб қўйилган мол-мулкни олиб қўйиш, сақлаш ва йўқ қилиш тартиби белгиланган. Мазкур қарор билан божхона органлари томонидан аниқланган ҳуқуқбузарлик ашёлари, мусодара товарлар “Божхона-сервис” давлат муассасаси томонидан сақланади. Товарлар суд қарори билан давлат эгалигига ўтказилганидан кейин мажбурий ижро бюроси “Божхона сервис”га сотиш учун беради. Божхона сервис суд қарорида кўрсатилган нархларда товарларни сотади. 

Ҳозирда ташкилотнинг ҳудудий бўлимлари фаолият юритади. Бизга “Божхона-сервис”нинг ҳудудий бўлимлари ҳақиқатан ҳам уларнинг номидан фойдаланиб, сохта гуруҳлар очилаётганини маълум қилди. Аммо “Божхона сервис” ҳеч қачон гуруҳларга одам қўшишни талаб қилиб, товар сотмайди”, – деди Икром Самиев.

Мадина Очилова тайёрлади.

Мавзуга оид